Салавкийлар давлати. Македониялик Александар мил. авв. 323 йил вафот этди, унинг давлати 3 қисмга: Македония, Миср, Сурияга бўлиниб кетди. Ўрта Осиё Сурия давлати таркибида бўлган. Бу давлатларни Александарнинг энг яқин лашкарбошилари бошқарган. Узоқ ўзаро урушлардан кейин мил. авв. 312 йил кичик Македониялик Александарнинг лашкарбошиларидан бири Салавк Бобил (Сурия давлати) ҳукмдори бўлди. Салавка давлати таркибига Месопотамия, Эрон, Парфия, Бақтрия, Суғдиёна Марғиёна кирар эди.
Салавк ўз давлати таркибига кирган Ўрта Осиёни алоҳида вилоятлар - сатрапликларга ажратди, уларнинг ҳар бирига бошлиқ - сатрап ҳукмронлик қилар эди. Давлат мудофааси ва қўшинни ташкил этиш билан собиқ лашкарбошилардан тайинланган стратег шуғулланар эди. Салавк ўз ўғли Антиохни Шарқий вилоятлар: Парфия, Марғиёна, Бақтрия, Суғдиёнага ноиб этиб тайинлади. Антиох (280) улкан давлат бошида туриб, уни 20 йилга яқин бошқарди.
Суғдиёна, Бақтрия, Марғиёнада аста-секин тинч ҳаёт тикланиб, манзилгоҳ ва шаҳарлар бунёд этилди, савдо, деҳқончилик ва ҳунармандчилик ривожланди. Бақтра, Мароқанда, Марғиёна Антиохийси (Марв), Термиз Салавкийлар давлатининг йирик шаҳар ва маданият марказига айланди. Юнон-македон истилосидан кейин Ўрта Осиё тарихида антик даври бошланди. Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий муносабатлар кенгайди. Бақтрияда юнон ёзуви, оғирлик ўлчови, пул муносабатлари, ҳунармандчилик ва санъат буюмлари тарқалди. Юнонлар ҳам Бақтриянинг бинокорлик ва ҳунармандчилик анъаналарини ўзлаштирди.
Юнон-Бақтрия давлати тарихи мил. ав. 250 йилдан, яъни Бақтрия Салавкийлар давлатидан ажралиб чиққан даврдан бошланади. Мингта Бақтрия шаҳри ҳукмдори бўлмиш Диодот ўзини подшо деб эълон қилади. Мил. авв. 250 йил Салавкийлар давлатидан ажралиб чиққан Парфия Бақтриянинг рақибига айланади. Юнон-Бақтрия подшолиги таркибига Бақтрия, Сўғдиёна, Марғиёна кирган.
Диодотдан кейин Юнон-Бақтрияда ҳукмронлик давлат тарихида сезиларли из қолдирмаган Евтидемга ўтади. Евтидемнинг ўғли Деметрий даврида (199-167) Юнон-Бақтрия подшолиги энг катта сарҳадларга эга бўлди, Ҳиндистоннинг бир қисми қўшиб олинди. Парфияда ҳокимият Митридат I қўлига ўтиши билан Бақтрияга ҳарбий тазйиқни кучайтиради. Юнон-Бақтрия тинимсиз урушлар олиб боришга мажбур бўлди, бу ҳол унинг кучсизланишига сабаб бўлди. Бундан фойдаланган кўчманчи юэчжи қабилалари мил. ав. 140-130 йй. Юнон-Бақтрияни босиб олади.
Таянч сўзлар: Ақинак, сагарис, баргуствон; Аҳамонийлар: Сатрап, Амударё хазинаси; Юнон-македонлар: Александр Македонский, Спитамен, Александрия Эсхата. Салавкийлар (312-250), Антиох; Юнон-Бақтрия (250-130), Диодот, Деметрий (199-167); Парфия, Митридат.
Do'stlaringiz bilan baham: |