2-амалий машғулот:
Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тартиби.
Машғулотнинг мақсади. Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларнинг вазифаси, таркиби ва мазмуни билан танишиш ҳамда уларни тузиш бўйича амалий кўникмалар ҳосил қилиш.
Ташкилот раҳбари ҳамма ишловчиларни меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар билан таъминлаши керак. Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни мазмуни, ишлаб чиқиш тартиби, келишуви, тасдиқлаш ва қайта кўриб чиқиш “Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисида”ги Низомига биноан бажарилади (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь).
Машғулот режаси
I. Умумий қоидалар
II. Йўриқномаларнинг тузилиши ва мазмуни
III. Йўриқномаларни ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби
IV. Йўриқномаларни расмийлаштириш тартиби
V. Йўриқномаларни текшириш ва қайта кўриб чиқиш
VI. Йўриқномаларни рўйхатдан ўтказиш, кўпайтириш
ва ҳисобга олиш
Топшириқ. Ихтиёрий танланган касб ёки иш тури учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқнома тузиш.
I. Умумий қоидалар
1. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома ходимлар учун норматив хужжат бўлиб ишлаб чиқариш биноларда, ташкилот ҳудудида, қурилиш майдончаларда ҳамда ишлар ва хизмат мажбуриятлари бажариладиган бошқа жойларда ходимлар учун хавфсизлик талабларини белгилайди.
2. Йўриқномалар намунавий (тармоқ) (кейинги ўринларда Намунавий йўриқномалар деб юритилади) ва ташкилот, участка ва муайян иш ўринлари ходимлари учун йўриқномалар (кейинги ўринларда Йўриқнома деб юритилади) бўлиши мумкин.
3. Йўриқномалар муайян касблар (электр пайвандчилар, дастгоҳчилар, чиланганлар, электрсозловчилар, фаррошлар, лаборантлар, сут соғувчилар ва бошқалар) ҳамда муайян иш турлари учун (баландликдаги ишлар, ўрнатиш, созла, таъмирлаш ишлари, синовлар ўтказиш ва бошқалар) ишлаб чиқилиши мумкин.
Йўриқномалар портлатиш ишлари, юк кўтарувчи машина, қозонхоналар, босим остида ишлайдиган идишлар, электр қурилмалар ва ускуналарга хизмат кўрсатувчи ходимларга, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари тармоқлараро ва тармоқ норматив ҳужжатларда, Давлат назорати органлари томонидан тасдиқланган маҳсус қоидаларда, меъёр ва йўриқномаларда белгиланган бошқа ходимлар учун ҳам ишлаб чиқилиши лозим.
4. Йўриқномаларга фақат ходимлар ўзи бажарадиган ишлар ҳамда меҳнат хавфсизлигига тегишли бўлган талаблар киритилиши лозим.
5. Намунавий йўриқномалар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилиги, меҳнат хавфсизлиги стандартлари, тармоқлараро ва тармоқ меъёрлари ва қойдалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бошқа норматив, норматив-техник ва ташкилий-услубий хужжатларига мос ҳолда ишлаб чиқилади. Уларда айрим корхоналарнинг маълум бир шароитлари ҳисобга олинмайди.
Намунавий йўриқномаларнинг амал қилиш муддати тегишли меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларнинг амал қилиш муддати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
6. Ходимлар учун йўриқномалар мазкур низом, намунавий йўриқномалар, ушбу корхонада ишлатиладиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчиларнинг фойдаланиш ва таъмирлаш хужжатларида кўрсатилган хавфсизлик талаблари, шунингдек муайян ишлаб чиқариш шароитларини ҳисобга олган ҳолда корхоналарнинг технологик хужжатлари асосида ишлаб чиқилади.
Намунавий йўриқномалар бўлмаганда ходимлар учун йўриқномалар юқорида кўрсатилган хужжатлар асосида мазкур корхонанинг ўзига ҳос шароитлари ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Йўриқномада юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг талабига зид бўлган қоидалар бўлмаслиги лозим.
7. Ходимлар учун йўриқномалар талаблари мажбурийдир. Мазкур талабларни бажармаслик ишлаб чиқариш интизомининг бузилиши деб ҳисобланади.
8. Ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ўрганиш корхона раҳбари (иш берувчи) томонидан таъминланади.
Ходимлар томонидан йўриқномаларнинг бажарилиши устидан доимий назорат иш берувчига, корхона, муассаса, ташкилот (кейинги ўринларда – ташкилот деб юритилади), унинг таркибий бўлинмалари, цех, участка раҳбарларига, усталар, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматига (бўлим, бюро, инженер) ва бригадирларга юклатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |