Қадр-қиммат - Қадр-қиммат тушунчаси инсон ўз қадрини, бу дунёда унинг ҳаёти олий қадрият эканлиги, ўз шахси олдида ўзи маъсул эканлигини англаш учун хизмат қиладиган ҳиссиёт. У номус, ғурур тушунчалари билан боғлиқ, бир томондан инсоннинг ўз қадрини ҳар қандай ҳолатда ҳам эрга урмаслигини тақозо этади. Қадр – қиммат инсоннинг жамиятда, кишилар орасида тутган ўрни, топган обрўси, ҳурмати ва нуфузига айтилади. Қадр – қиммат ўз – ўзини англаш ва назорат қилишни ифодалайди. Қадр – қиммат ўз қадрини англаш шакли бўлиб, инсонни камситадиган, хўрлайдиган ва шу билан унинг бошқа кишилар кўз ўнгида қимматини йўқотишига сабаб бўладиган қилиқларга йўл қўймайдиган тўсиқ ҳисобланади. Инсон қадр – қиммат қимматининг мезони унда мавжуд бўлган энг адолатли ва инсонпаравар ахлоқ нуқтаи назаридан инсонийлик даражасидир.
Номус - Асосий катигориялардан яна бири – номус. Номус тушунчаси бир томондан, бурч билан боғлиқ бўлса, иккинчи жиҳатдан, қадр - қиммат тушунчасига алоқадор. Зеро, номус моҳиятан шахснинг ўз қадр - қимматини англаб этиши, шу қадр - қимматнинг жамият томонидан тан олиниши ёки олинмаслигига нисбатан бўладиган муносабати билан белгиланади.
Бироқ, бу - номус қадр - қиммат тушунчаси билан бир хил маънога эга, дегани эмас. Чунки қадр-қиммат шахсдан ўзининг бошқа одамларга нисбатан камситилмаслигини, атрофдагилардан барча инсоннинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини ўзига нисбатан қўллашларини талаб қилади. Номус эса ўз қадр-қимматини билишдан ташқари, ҳар бир шахснинг жамиятда алоҳида, ўзига хос тарзда эгаллаган мавқеи ва шу мавқени доғ туширмай сақлаш-сақламаслиги билан боғлиқ. Бу мавқе эса, шубҳасиз, ўша шахснинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, касби, ёши ва унга нисбатан бериладиган ахлоқий даража билан муайянлашади. Масалан, уйингизда бир кун келиб оддий ишларни бажариб кетадиган мардикор билан номи кетган машҳур бинокор-устанинг, бош вазир билан котибанинг, бобо билан набиранинг номусни тушуниши бир хил эмас. Шу маънода қадр - қимматни номус тушунчасининг дастлабки босқичи, ибтидоси деб айтиш мумкин.
Гоҳида номусни ор тушунчаси билан чалкаштириш ҳоллари ҳам учраб туради. Лекин, аслида, номусга нисбатан ор анча тор қамровдаги, нисбатан залварсиз тушунча. Чунончи, ориятли одам деганда, ўз сўзининг устидан чиқадиган, садақа тарзида қилинган мурувватлардан баланд турадиган шахс тушунилади. Беор одам - ўз шаънига айтилган гапларга парво қилмай, ишини бажариб кетаверадиган, айтилган-айтилмаган жойларга суқилиб кираверадиган сурбетнамо киши. Номуснинг эса тоши оғир - ижтимоийлик хусусиятига эга, кенг қамровли. Номус йўлида инсон ҳатто ўз ҳаётидан кечиши мумкин, одамлар ўз номуси, оила номуси, миллат номуси деб курашадилар. Бу ҳақда кўплаб бадиий асарлар, панд - ўгитлар яратилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |