Ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарининг вазифалари: ўқув ҳафтаси ва ўқув машғулотларининг давомийлигини таъминлаш; дарс жадвалини тузиб чиқиш ва шу жадвалга биноан дарсларнинг ўз вақтида самарали ўтказилишини таъминлаш; ҳар бир чорак охирида, семестр давомида директор ва таълим муассасаси Педагогик кенгаши аъзоларига ўқув жараёнининг бориши хусусидаги ахборот ва маълумотларни бериб бориш; ёш мутахассисларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш; синф ва гуруҳ журналларини тўғри юритиш ва сақланишига жавоб бериш; ўқувчиларнинг билим даражасини режа асосида таҳлил қилиб бориш; ўқувчилар томонидан давлат дастурларининг бажарилишини таъминлаш ва назорат қилиш.
Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг вазифалари: таълим муассасасида ўқувчиларнинг ўз-ўзини бошқариш, жамоат ташкилотлари ва маҳалла, ота-оналар билан алоқани таъминлаш; таълим муассасаси ва ундан юқори миқёсда ўтказиладиган дарсдан ташқари тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш; таълим муассасаси ўқувчиларининг синф, гуруҳ ёки таълим муассасасидан ташқари олиб бораётган машғулотларини кузатиб бориш, уларга амалий ва методик ёрдам уюштириш; таълим муассасасидаги “Ёш етакчи”нинг ишини назорат қилиш ва унга йўл-йўриқ кўрсатиш.
Педагог кадрлар малакасини ошириш. Замонавий ўқитувчининг ғоявий-сиёсий, илмий-методик ва касбий савияга эга бўлиши, фидокорлик кўрсатиши кўп жиҳатдан педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни самарали ташкиллаштириш, назорат қилинишига боғлиқ.
Малака ошириш тизимида педагогларни ижодий изланишга одатлантириш ва ижодкорлигини рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Педагогик кадрлар малакасини оширишнинг бир қанча шакллари ишлаб чиқилган бўлиб, уларни қуйидаги икки гуруҳга ажратиш мумкин:
Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш. Аттестация педагогларда касбий маҳорат ўсишини рағбатлантириш, таълим-тарбияда илғор ПТни яратиш ва қўллаш, маънавий-маърифий ишлар натижаларни холис баҳолаш, эгаллаб турган ёки даъвогарлик қилинаётган тоифа, лавозимларга муносибликни аниқлаш, таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш мақсадида ўтказилади.
Педагог кадрлар аттестацияси 5 йилда бир марта ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест Маркази таркибидаги “Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси” ва Халқ таълими Вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган жадваллар асосида ташкил этилади. Халқ таълими тизими педагог кадрлар таркибига профессор-ўқитувчи, ўқитувчи, методист, тарбиячи, психолог, дефектолог, логопед, спорт инструктори, мусиқа ва тўгарак раҳбарлари киради.
Педагог кадрлар аттестациясини ташкил этиш жараёнида қуйидаги ишлар амалга оширилади: педагог кадрлар ўз мутахассислиги ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий йўналишлар бўйича тест синовидан, суҳбатдан ўтказиладилар; педагог ўқитаётган фан бўйича ўқувчиларнинг билим ва ўзлаштириш даражаси ўрганилади; ўқувчилар ўртасида социологик сўровлар ўтказилади.
Педагогнинг умумий бали тест, суҳбат натижалари, ўқувчиларнинг билим даражаси, илмий, ўқув-методик ишлари ва ихтиролари, ижодий ишлари, иш стажи, педагогнинг комиссия томонидан ўрганилган касбий маҳорати, раҳбарият томонидан берилган баҳо йиғиндисидан иборат бўлади.
Махсус мактаблар, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, маданият, спорт, санъат соҳалари педагог кадрлари, муҳандис-педагог кадрлар ва ишлаб чиқариш усталари ўз мутахассисликлари бўйича суҳбатдан ўтадилар.
Педагоглар учун меъёрий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий йўналишлар бўйича тест саволлари тўплами ЎзРнинг Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”, ДТС, миллий истиқлол ғояси, маънавият асослари, янги ПТга оид масалалардан таркиб топади.
Борди-ю, педагог аттестациядан ўта олмаса, шунингдек, таянч маълумоти дарс бераётган фанига мос келмаса ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтмаган бўлса у ҳолда ўз мутахассислигига кўра аттестациядан ўтиш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсида таълим олиш таклиф этилади. Бундай таклифларга рози бўлмаган ўқитувчиларнинг меҳнат шартномаси бекор қилинади. “Аттестациядан ўтмади” деб топилган, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсига юборилган педагоглар бир йилдан сўнг қайта аттестациядан ўтказиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |