Қонунчилик жараёни ва унинг босқичлари
Қонун чиқариш парламент фаолиятининг энг асосий йўналиши бўлиб, бу орқали қонун чиқарувчи ҳокимият органи давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалаларини тартибга солади, уларга ўз таъсирини ўтказади.
Қонунчилик жараёни ўз моҳиятига кўра парламентнинг қонун чиқариш функциясини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли бўлиб ҳисобланади. Қонунчилик жараёни – бу давлат раҳбари, парламент ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг Конституция ва қонунларда белгиланган тартибда қонун лойиҳаларини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва қабул қилиш, маъқуллаш, имзолаш ва эълон қилишдан иборат фаолияти ҳамда бу борада юзага келадиган ҳуқуқий муносабатлар тизимидир.
Мамлакатимизда қонунчилик жараёни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги конституциявий қонунлар, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида», «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» (янги таҳрир), «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида» қонунлар ҳамда парламент палаталарининг регламентлари билан ҳуқуқий тартибга солинган.
Мазкур қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар мазмунидан келиб чиқиб, мамлакатимизда қонунчилик жараёнини қуйидаги тўртта асосий босқичларга бўлиб ўрганиш мумкин:
1) қонунчилик ташаббуси босқичи;
2) қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ва қабул қилиш босқичи;
3) қонунни маъқуллаш босқичи;
4) қонунни имзолаш ва эълон қилиш босқичи.
Қонунчилик жараёнининг дастлабки босқичи – бу қонунчилик ташаббуси ҳисобланади. Жаҳон мамлакатлари конституциявий ҳуқуқида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи деганда, парламентнинг тегишли ваколатга эга органига қонун лойиҳаси ёки қонун лойиҳаси бўйича таклифни конституция ёки қонунда белгиланган махсус субъект томонидан расмий тарзда киритилиши тушунилади. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан парламентга киритилган қонун лойиҳасини кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади. Айнан ушбу хусусияти билан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифдан фарқ қилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига биноан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокурор эгадирлар ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.
Қонунчилик ташаббуси қонун лойиҳасини тайёрлашдан бошланиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:
– қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва уни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлаш;
– зарур материаллар ва ахборот тўплаш;
– қонун лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқиш;
– қонун лойиҳасини тузиш;
– ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертиза ўтказиш.
Қонун лойиҳасининг илк босқичда қандай эканлиги, унинг ғояси қай тариқа ифодаланганлиги ҳамда унинг реал ижтимоий муносабатларга нечоғлик мос келишига кўп нарса боғлиқдир. Бунда, қонун лойиҳасининг концепцияси ғоят муҳим аҳамият касб этади. Концепцияда қуйидагилар белгиланиши керак:
– ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети;
– тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо;
– қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари;
– қонун лойиҳасининг асосий қоидалари;
– бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини.
Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг принциплари ва нормалари ҳисобга олинади. Айни пайтда, қонунлар лойиҳалари қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш қонунчиликнинг ҳолатини чуқур ўрганишга, ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни аниқлашга, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиш амалиётини таҳлил этишга асосланиши зарур.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритгунига қадар жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этишга ҳақлидир.
Қонун лойиҳаси устидаги иш тугалланганидан сўнг, унинг сифатига баҳо бериш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қарорига биноан лойиҳа ҳуқуқий ва бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий, экология ва ўзга) экспертизалардан ўтказилиши мумкин. Экспертлар қонун лойиҳасининг экспертизалари натижалари бўйича тегишли хулоса тақдим этадилар.
Экспертлар сифатида қонун лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан, бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида билдирилган ёки экспертларнинг хулосаларида баён этилган таклифлар ва мулоҳазалар тавсия хусусиятига эгадир.
Таъкидлаш лозимки, қонунчиликка мувофиқ қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт. Ҳуқуқий экспертиза ўтказилаётганда қонун лойиҳаси нормаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги текширилади.
Қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг юридик хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизалари давомида уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар бор-йўқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан ҳам таҳлилларни амалга оширади.
Моддий харажатлар талаб қилинадиган қонун лойиҳасини тайёрлашда унга молиявий-иқтисодий асослар илова қилинади, мазкур асосларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига келишув учун мажбурий тартибда юборади. Жавоб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан, ўттиз кундан кечиктирмай қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилади.
Давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси бўлиши зарур. Хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилади.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича тегишли барча ишлар якунлангач, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили кўрсатилади, у қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда иштирок этади.
Қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади. Бир вақтнинг ўзида уларнинг бошқа тиллардаги таржимаси тақдим этилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:
– қонун лойиҳасининг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати;
– ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек, қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонунларни ўз кучини йўқотган, деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;
– ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган, деб топилиши ёки қабул қилиниши керак бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;
– халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжат-ларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлла-нишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвал;
– моддий харажатлар талаб қилинадиган қонунлар лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;
– давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.
Қонунчилик жараёнининг навбатдаги босқичи – қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалга оширилади.
Қонунчилик палатасига келиб тушган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатаси Кенгаши ҳузурида тузилган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан рўйхатдан ўтказилади ва Қонунчилик палатаси Кенгаши аъзолари улар ҳақида хабардор қилинади.
Қонунчилик палатаси Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани белгилайди, унга ва бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) қонун лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни топширади.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида таклифларни ишлаб чиқиш учун қонун лойиҳаси устида ишлаш фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас.
Масъул қўмита қонун лойиҳаси бўйича барча фракциялардан (депутатлар гуруҳларидан) фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.
Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Қонун лойиҳаси белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинмайди. Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгидан киритилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинаётганда, унинг Кенгаши қонун лойиҳасини палата мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддатини белгилайди. Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонун лойиҳаси унга илова қилинган материаллар билан Қонунчилик палатасининг қўмиталарига юборилади.
Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ва уни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш масъул қўмита томонидан амалга оширилади. Фракциялар (депутатлар гуруҳлари) қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунларига кўра масъул қўмитага ўз фикрлари ва таклифларини тақдим этади.
Масъул қўмита фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларининг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасининг дастлабки тарздаги муҳокамасини ўтказади, агар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан бошқа муддат белгиланган бўлмаса, қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан икки ой ичида унга:
Қонунчилик палатаси Кенгашининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини;
масъул қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этиш зарурлиги асосланган хулосасини;
фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини илова қилган ҳолда, Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этади.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиш очиқ, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари таклиф этилган ҳолда ўтказилади.
Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмита тақдим этган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқишда уни қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, шунингдек, қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳамда молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади. Бунда маърузачи биринчи ва кейинги ўқишларда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт. Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари ҳисобга олиниши шарт.
Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини мажбурий тартибда белгилаган ҳолда, уни биринчи ўқишда қабул қилиш ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қонунчилик палатаси муҳокамасига қонун лойиҳасининг муқобил вариантлари киритилган тақдирда, улар бир вақтда кўриб чиқилади. Қонунчилик палатаси депутатларининг қарор қабул қилиш учун талаб қилинадиган энг кўп миқдордаги овозини тўплаган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланади. Қонун лойиҳасининг қолган вариантлари Қонунчилик палатаси томонидан рад этилган ҳисобланади.
Масъул қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида тушган фикрлар ва таклифларни умумлаштиради. Масъул қўмита томонидан асосли, деб топилган таклифлар қонун лойиҳасининг матнига киритилади.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита томонидан маъқулланган фикрлар ва таклифлар ҳам, маъқулланмаган фикрлар ва таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилади.
Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини белгилаган ҳолда, уни иккинчи ўқишда қабул қилиш ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Учинчи ўқишда қонун лойиҳаси муҳокама қилинмасдан, тўлалигича овозга қўйилади.
Қонун лойиҳаси биринчи ёки иккинчи ўқишда қабул қилинган тақдирда, масъул қўмитанинг таклифига биноан қонунни кейинги ўқиш тартиб-таомилларини истисно этган ҳолда, қабул қилиш тўғрисидаги масала овозга қўйилиши мумкин.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан палата депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини қабул қилиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.
Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун ўн кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади. Сенатга қонун билан биргаликда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш чоғида тақдим этилган материаллар юборилади.
Қонунни маъқуллаш босқичи бевосита Олий Мажлис Сенати томонидан амалга оширилади. Хусусан, Сенатга келиб тушган қонун рўйхатга олинади ва Сенат Раиси томонидан қонунни кўриб чиқадиган ҳамда унинг юзасидан хулоса тайёрлайдиган қўмитага топширилади.
Масъул қўмита тегишли хулоса тайёрлайди ва унда қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги тавсия ифодаланган баҳо акс эттирилади. Қонунни рад этиш зарурлиги тўғрисидаги хулосада масъул қўмитанинг қонунни рад этиш зарур, деб ҳисоблашининг важлари баён этилади. Масъул қўмитанинг хулосаси Сенат Кенгашига тақдим этилади, Кенгаш қонунни Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш-киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Сенатнинг мажлисида қонунни кўриб чиқиш маърузачининг масъул қўмита хулосасини ўқиб эшиттиришидан бошланади. Кўриб чиқилаётган қонун юзасидан унинг муҳокамаси тартибида сенаторлар сўзга чиқишлари мумкин.
Қонун Сенат томонидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан маъқулланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунни, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни маъқуллаш учун сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади. Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этиш важлари кўрсатилади. Унда бир вақтнинг ўзида қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурлиги тўғрисидаги, шунингдек, келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифлар баён этилиши мумкин.
Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилади.
Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамаси муносабатлари.
Олий Мажлис ва суд ҳокимияти муносабатлари.
Қонунчилик жараёнининг якуний босқичи – бу қонунни имзолаш ва эълон қилишдир. Конституциянинг 84-моддасига мувофиқ, ушбу ваколат Ўзбекистон Республикаси Президентига тегишлидир. Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Сенат қарори билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонун ўттиз кун ичида имзоланади ва эълон қилинади. Хорижий давлатларнинг конституциявий ҳуқуқига кўра, ваколатли орган томонидан қабул қилинган ва тасдиқланган қонуннинг давлат бошлиғи томонидан Конституция ёки қонунда белгиланган муддатда расмий босма нашрда эълон қилиниши промульгация (лотинча «promulgatio» – эълон қилиш) деб юритилади5.
Конституциямизнинг 84-моддасига биноан қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланишининг мажбурий шарти ҳисобланади. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарор-лари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.
Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |