17-МАВЗУ. БАНК ТИЗИМИ Режа: 1. Марказий банк ва унинг вазифалари
2. Тижорат банкларининг рентабеллиги ва ликвидлилиги
1. Марказий банк ва унинг вазифалари. Бозор иқтисодиёти шароитида пул муомаласини таъминлашда банклар муҳим роль ўйнайди. Банклар пул маблағларини тўплаш, жойлаштириш ва уларнинг ҳаракатини тартибга солиш билан шуғулланувчи иқтисодий муассасадир. Банклар фаолиятининг асосий томонларидан бири кредит муносабатларига хизмат қилиш бўлиб, улар кредит муассасаларининг асосини ташкил қилади.
Банклар тизими одатда икки босқичли бўлиб, ўз ичига марказий (эмиссион) банк ва тижорат (депозитли) банкларнинг тармоқ отган шахобчаларини олади.
Давлат банки мамлакат пул-кредит тизимини марказлашган тартибда бошқаради ва давлатнинг ягона кредит сиёсатини амалга оширади.
Марказий банк мазкур тизимнинг бош банки бўлиб, пул-кредит сиёсатини, эмиссия жараёнларини олиб боради ва миллий пулнинг барқарорлигини таъминловчи муассаса ҳисобланади. 1995 йил 21 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» ги Қонуни қабул қилинди.
Марказий банк мақоми ва мақсадлари «Ўзбекистон Республикасининг Марказий Банки тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасида белгиланган: «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки юридик шахс бўлиб, фақат давлат мулки ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Марказийбанки - иқтисодий жиҳатдан мустақил муассаса, ўз харажатларини ўзининг даромадлари ҳисобидан амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга.»
Қонуннинг 3-моддасида «Марказий банкнинг бош мақсади миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашдан иборат» деб қайд қилинади. Нархларнинг барқарорлигини таъминлаш ва миллий пул бирлигини хорижий валюта бозорларида айирбошлаш курсининг барқарор бўлишига эришишни кўзда тутувчи бу мақсад давлатнинг иқтисодий сиёсатида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўрни жуда муҳим эканлигини белгилайди.
Мамлакатда пул муомаласи самарали бўлиши ва молия муассасалари фаолиятининг ишончлилиги пул-кредит, валюта сиёсати стратегияси ва тактикасини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда унинг мустақиллигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурлигини тақозо этади. Мамлакат халқ хўжалигини кредитлаш кўрсаткичларини тижорат банкларини қайта молиялашга доир кредит ҳажмларини ва фоиз ставкаларини белгилаш йўли билан тартибга солиш, валюта-кредит сиёсатини амалга ошириш, тижорат банклари фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мустақил сиёсий соҳаси ҳисобланади. Мустақил сиёсат эса пул ва валюта бозорида юзага келаётган вазиятни, ички бозордаги макроиқтисодий шарт-шароитни, ташқи омилларни таҳлил қилиш асосида амалга оширилади. Бу ҳолат қонуннинг 6-моддасида «Марказий банк ўз ваколатлари доирасида қарор қабул қилишда мустақилдир» деб тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобот беради. Олий Мажлис Ўзбекистон Республикаси Президентининг тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади.
Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки юридик шахс сифатида кўчмас мулк ва молиявий ресурсларга эгалик қилади. Бу ҳол унинг молиявий мустақиллигини мустаҳкамлайди ва мустақил пул-кредит сиёсатини самарали ўтказиш имкониятини беради.
Нархларга ва айирбошлаш курсларига таъсир кўрсатадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бевосита назорати ва таъсирида бўлмаган турли омиллар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий мақсадига эришишини мураккаблаштириши мумкин. Шунга қарамай, чет эл тажрибаси шуни кўрсатадики, айнан Марказий банк макроиқтисодий жараёнларнинг ривожланиш йўналишини, биринчи галда пулнинг қадрсизланиш суръатини ва валюта курсини белгилашни идора қилади.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ваколатлар бериш билан бир қаторда, унинг учун таъқиқланган фаолият турлари ҳам аниқ белгилаб берилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тижорат фаолияти билан шуғулланиш, муассаса ёки ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш таъқиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига корхона ва ташкилотлар фаолиятида банк ҳамда юридик шахслар сифатида иштирок қилишга рухсат этилмайди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банк ўз ваколатларидан фойдаланишда барча юридик шахсларни баравар кўриши лозим.
Миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қатор муҳим вазифаларни ҳал этади. Улардан энг асосий вазифалар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
-монетар сиёсатни ва валютани бошқариш сиёсатини шакллантириш, қабул қилиш ҳамда амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасида ҳисоб-китобларнинг самарали тизимини яратиш;
-банклар фаолиятини тартибга солиш ва банкларни назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг расмий олтин-валюта заҳирасини сақлаш ва уни бошқариш;
Молия вазирлиги билан биргаликда давлат бюджетининг касса ижросини уюштириш.
Мазкур вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидаги юмушларни адо этиши зарур.
Иқтисодиётни пул-кредит воситасида бошқариш, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит сиёсатини амалга оширувчи сифатида унинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ кейинги молия йили бошланишига узоғи билан 30 кун қолганда бу ҳақда Олий Мажлисга ахборот беради. Марказий банк пул таклифи ҳажмини ўзгартириб, ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмига, бандлик даражасига ва корхоналар фаолиятининг ўсиш суръатларига таъсир кўрсатади. Иқтисодиётдаги танглик даврида пул таклифи ҳажмининг оширилиши истеъмол ва сармояга бўлган талабнинг ўсишига, бинобарин, бандлик, ишлаб чиқариш ҳажми ортишига ёрдам беради. Пул юқори суръатларда қадрсизланаётган шароитда Марказий банк уларни секинлаштириш зарурлигидан келиб чиқиб муомаладаги пул миқдорини чеклаш сиёсатини ўтказади, натижада иқтисодиётда унга бўлган талаб камаяди, пул бозорларидаги фоиз ставкалари ўзгаради, пулнинг қадрсизланиши камаяди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки монетар сиёсатининг асосий йўналишлари, пул массаси ўзгаришининг аниқ мақсадли мўлжаллари ва пул муомаласини тартибга солиш воситалари қонуннинг 4-қисмида ёритилган бўлиб, унда Марказий банкнинг пул-кредит операциялари белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини бир йилга ишлаб чиқади ва улар Олий Мажлис томонидан тасдиқлангандан сўнг у мукаммал дастур сифатида қабул қилинади. Бу дастур иқтисодий вазиятни таҳлил қилиш ва олдиндан айтишни, пул миқдорининг йиллик ўстириш суръатларининг мақсадли кўрсаткичларини, кредит, фоиз ва валюта сиёатини амалга ошириш йўналишларини ўз ичига олади. Умумий иқтисодий таҳлилнинг зарурлигига сабаб шуки, монетар сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш барча муҳим макроиқтисодий ҳодисалар; пулнинг қадрсизланиши, миллий ишлаб чиқаришнинг умумий қисми ва меҳнат ресурсларининг бандлиги, тўлов баланси билан чамбарчас боғланган. Ундан ташқари, Марказий банк фоиз (дисконт) сиёсатини, таргетлаш ва бошқа усуллардан фойдаланиб пул массасини бошқариб бориши мумкин.
Муомаладаги пул массасининг ҳажмини, банкларнинг ликвидлигини мувофиқлаштириш ва инфляция суръатларини тушириш мақсадида Марказий банк тижорат банклари учун мажбурий резервлар меъёрини ўрнатиб бериш сиёсатини амалга оширади. Минимал заҳиралар бу тижорат банклари ресурсларининг Марказий банкда мажбурий сақланиши зарур бўлган қисмидир. Мажбурий резерв миқдори тижорат банкининг йиғилган ресурсларига нисбатан фоизда белгиланади. Бу заҳира бевосита банкларнинг кредитлаш имкониятини чегараласада, уларнинг минимал ликвидлигини таъминлаш омили бўлиши мумкин. Мажбурий заҳира меъёри ҳозирги кунда Ўзбекистонда 14 фоизни ташкил қилади. Марказий банк томонидан заҳира миқдори баъзи бир омилларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилиши мумкин, у омонатларнинг ҳажми, тури, муддатига, банкларнинг бошқа мажбуриятларига боғлиқ бўлади. Банклар Марказий банкда мажбурий заҳираларни депонентлаш тартибига риоя қилиниши учун жавобгардир. «Тижорат банклари томонидан Марказий банкда мажбурий заҳираларни депонентлаш тартиби тўғрисида»ги низомда белгиланган мажбурий заҳираларни депонентлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча банклар учун тааллуқлидир. Мажбурий резервлар Марказий банкда нақд пул ёки омонатлар кўринишида, Марказий банк белгилайдиган тартибда депозитга ўтказилади. Мажбурий резерв талабларининг меъёрлари ёки таркиби белгилангани ёки ўзгартирилгани тўғрисидаги кўрсатмаларда камида бир ойлик муддат кўрсатилади, резервларнинг таркиби ёки миқдорига доир янги меъёрларни банклар ана шу муддатгача бажаришлари шарт. Марказий банк мажбурий резервлар бўйича фоизларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Заҳира талабларини ҳисоб- китоб қилишда чет эл валютасидаги маблағлар, жисмоний шахслар депозитлари, депозит ва жамғарма сертификатлари, ипотека облигатсиялари чиқариш йўли билан жалб этилган маблағлар ҳисобга олинмайди. Мажбурий заҳираларни депонентлаш банк вакиллик ҳисоб варағидан пул маблағларини ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Мажбурий заҳираларни турли фойда келтирувчи активлар билан қоплашга рухсат этилмайди.
Марказий банкнинг тижорат банкларини қайта молиялаштириш сиёсати бу тўғридан-тўғри кредитлаш, векселларни ҳисобга олиш, қимматбаҳо қоғозларни гаровга олган ҳолда кредитлар бериш ва кредит ауксионларини ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бундан келиб чиққан ҳолда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш операцияси қуйидаги усулларда олиб борилиши мумкин:
-тижорат банкларининг ихтиёридаги векселарни ҳисобга олиш йўли билан кредитлаш;
-тижорат банклари ихтиёридаги қимматли қоғозларни гаровга олиш йўли билан кредитлар бериш. Бундай кредитлар ломбард кредитлар дейилади.
-тўғридан-тўғри кредит бериш усули.
Кредит ташкилотлари фаолиятида молиявий қийинчиликлар бўлган ҳолларда улар Марказий банкка кредит олиш учун мурожаат қилиши ва Марказий банк кредитидан фойдаланиши мумкин. Ремолиялаштиришнинг асосий мақсади, пул муомаласи ва кредит муносабатларининг ҳолатига таъсир кўрсатишдан иборат. Ремолиялаштириш сиёсатини олиб бора туриб, Марказий банк охирги кредитор сифатида майдонга чиқади. Ўзбекистон Республикасида Марказий банк ўрнатган қоидаларга асосан, қуйидаги активларни гаровга олган ҳолда 3 ойгача бўлган муддатда кредитлар бериши мумкин:
-олтин, чет эл валютаси, халқаро заҳиралар тоифасига кирувчи валюта бойликлари ва бошқа бойликлар;
-давлатнинг қарз мажбуриятлари ва давлат томонидан кафолатланган бошқа қарз воситалари.
Марказий банкда депозитга ўтказилган ва унинг депозитарийси учун мақбул бўлган, харид қилиниши ва сотилишига рухсат берилган ва Марказий банк улар билан ушбу қонун доирасида бошқа хил операциялар ўтказиши мумкин бўлган активлар, тўланишига банклар асосида кредитлар бериши мумкин.
Банк фаолиятида рискнинг иқтисодий асосланган чегаралардан чиқиб кетмаслик банк системаси барқарор ишлашининг муҳим шартидир. Риск доираларини чеклаб қўйиш Марказий банк томонидан тижорат банклари учун риоя этилиши мажбурий бўлган иқтисодий меъёрларни белгилаб қўйиш орқали амалга оширилади. Марказий банк банклар учун мажбурий бўлган иқтисодий меъёрларни, шу жумладан:
-капиталнинг этарлилик коеффициентини;
-бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига таваккалчиликнинг энг кўп миқдорини;
-йирик кредит таваккалчилик ва инвестицияларнинг энг кўп миқдорини;
-ликвидлилик коеффициентларини ва бошқаларни белгилайди.
Марказий банк иқтисодий меъёрларнинг ўзгариши тўғрисида камида бир ой олдин эълон қилади. Банклар ва уларнинг филиаллари банкларга оид қонун ҳужжатларини, белгилаб қўйилган иқтисодий меъёрларни бузган тақдирда Марказий банк улардан устав капиталининг энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача жарима ундириш ёҳуд айрим операцияларни ўтказишни олти ойгача бўлган муддатга чеклаб қўйиш ҳуқуқига эга.