2. Тижорат банкларининг рентабеллиги ва ликвидлилиги
Тижорат банклари ўзларининг хўжалик мавқеига кўра акционерлик типидаги муассасалар ҳисобланади. Ҳуқуқий мавқеига кўра, фаолиятнинг бирон бир турига хизмат кўрсатувчи, ихтисослашган ёки миллий банк бўлиши мумкин.
Тижорат банклар саноат, савдо ва бошқа хил корхоналарни омонат тарзида жалб этилган пул маблағлари ҳисобидан кредитлайди, корхоналар ўртасида ҳисоб-китобни амалга оширади, шунингдек воситачилик ва валюта операциялари билан шуғулланади.
Ихтисослашган тижорат банклар – иқтисодиётнинг турли соҳаларида тижорат тамойилларида кредит-пул операцияларининг муайян турларини амалга оширади.
Халқ банки - мамлакатда омонат ишларини ташкил этишни, нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилишни ва аҳоли учун касса вазифасини амалга оширишни, аҳолига шахсий эҳтиёжларга кредит беришни ва шу каби операцияларни таъминлайди.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки экспорт-импорт операцияларини бевосита амалга оширувчи корхона ва муассасаларга кредит беради, қўшма корхоналарга кредит беришда қатнашади, йиғма валюта режасининг ижросини, валюта ресурсларидан тежаб фойдаланишини назорат қилади, шунингдек ташқи иқтисодий операцияларга оид ҳисоб-китобларни ташкил қилади ва амалга оширишни таъминлайди.
Тижорат банклари тизимида тор ихтисослашиши бўйича инвестицион ва ипотека банкларни ажратиб кўрсатиш лозим.
Инвестицион банклар – махсус кредит муассасалари бўлиб, облигация ҳамда қарз мажбуриятлари бошқа турларини чиқариш йўли билан узоқ муддатли ссуда капиталини жалб қилади ва уларни мижозлар (асосан давлат ва тадбиркорлар) га тақдим қилади.
Инвестицион компаниялар ўзларининг қимматли қоғозларини чиқариш йўли билан ҳуқуқий инвесторлар пул ресурсларини тўплайди ва уларни корхона (миллий ва чет эл)лар акция ва облигацияларига жойлаштиради. Бундай компаниялар тўлиқ инвесторлар манфаатини ифодалайди ва уларнинг асосий мақсади қўйилган капитал ҳисобига фойда олиш ҳисобланади.
Ипотека банклар – бу кўчмас мулк (ер ва иншоот) ҳисобига узоқ муддатли ссуда беришга ихтисослашган кредит муасасалар. Ипотека банкнинг ресурслари ўзларининг ипотека облигациялари ҳисобига шаклланади. Олинган ссудадан уй-жой ва бошқа иншоотлар қуриш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш учун фойдаланилади.
Барча тижорат банклари заҳира (резерв)ларининг ҳажми ва таркиби бўйича Марказий банк томонидан ўрнатиладиган маълум талабларга жавоб бериши зарур.
Тарихий тараққиёт давомида банклар маблағларни йиғиш, сақлаб бериш, кредит-ҳисоб ва бошқа турли хил воситачилик операцияларини бажариб келганликлари сабаб, банклар кредит муассаса бўлиб, фойда олиш мақсадида банк барча рискларни ўзига қабул қилган ҳолда операцияларини амалга оширади. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунининг 1-моддасига асосан “Банк- тижорат ташкилоти бўлиб, банк фаолияти деб ҳисобланадиган қуйидаги фаолият турлари мажмуини амалга оширадиган, яъни:
-юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланиш;
-тўловларни амалга ошириш билан шуғулланувчи юридик шахсдир. Демак, банк барча рискни ўз зиммасига олиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини жалб қилиб, банк ресурсларини ташкил қилган ҳолда, бу маблағларни муддатида қайтариб бериш, тўлов ва таъминлаш шартлари асосида ўз номидан уларни жойлаштиради ҳамда юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоб ва воситачилик операцияларини олиб борувчи кредит муассаса ҳисобланади.
Баъзи адабиётларда «банк-бу корхона», деб ҳам изоҳ берилади. Маълумки, банк яхлит олинган корхона сифатида ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширмайди. Тижорат банкларининг фаолиятини корхона фаолиятига шу жиҳатдан ўхшатиш мумкинки, тижорат банклари ҳам корхоналар сингари ўз фаолиятини ўз даромадини кўпайтиришга қаратади, лекин корхоналар фаолиятидан фарқли равишда банклар шу асосида биринчидан, ўз таъсисчилари–акциядорларининг манфаатларини, иккинчидан, ўз мижозларининг манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Тижорат банкларига, бизнинг фикримизча, шунчаки «корхона» эмас, балки «махсус корхона» деб қараш зарур. Чунки тижорат банклари ссуда капитали ҳаракатини амалга оширади ва шу асосда банк ўз акциядорларига, пайчиларига фойда олишни таъминлайди.
Тижорат банклари банк тизимининг муҳим бўғини бўлиб, кредит ресурсларининг асосий қисми шу банкларда йиғилади ва бу банклар хуқуқий, жисмоний шахсларга ўз хизматларини кўрсатадилар.
Банк бу шундай корхонаки, унда хом ашё бўлиб депозит ва қўйилмалар ҳисобланса, охирги товар – бу берилган ссудалардир. Депозит ва қўйилмалар жалб қилинган қарз маблағлари, берилган ссудалар эса – жойлаштирилган маблағлар бўлиб ҳисобланади.
Ҳар хил жисмоний шахслар ва ташкилотлардан пул маблағларини жалб қилиш учун, қарз ҳажмига қараб маълум суммани фоизлар шаклида тўлаш керак. Бўлмаса маблағ қўювчилар ёки бошқа банкни танлайдилар, ёки пул сақлашни бошқа шаклларига ўтадилар: масалан, олтин ёки валюта сотиб олиш, бошқа молиявий воситачилар хизматларидан фойдаланиш ва бошқалар. Пул сақлаш шаклини танлашда маблағ қўювчини иккита муҳим омил - молиявий воситачиларнинг ишончли эканлиги ва даромад олиш даражаси (қарзга тўланадиган фоизлар) кўпроқ қизиқтиради.
Бошқа томондан, банк ссуда берганда унинг суммасига қараб фоиз шаклида тўлов ундиради. Бозор иқтисодиёти шароитида тижорат банкларининг бозор муносабатлари субъектлари билан алоқаси янада кенгаяди ва чуқурлашади. Банк бу ҳолда барча маблағлари ҳаракатини бошқариб боради.
Бу иккита фоиз ставкалари ўртасида фарқ - банк даромадининг асосий манбаси бўлиб, иқтисодий адабиётларда у “маржа” номи билан юритилади.
Шундай қилиб, маржа - бу жалб қилинувчи ва жойлаштириладиган қарз ва ссуда фоиз ставкалари ўртасидаги фарқдир.
Банклар маблағларни жалб қилиш ва жойлаштириш йўли билан барча пул маблағлари ҳаракатини бошқариб боради. Банкнинг асосий фаолияти воситачилик билан боғлиқ бўлиб, у пул маблағларни қарз берувчидан қарз олувчиларга ўтказиш билан боғлиқ бўлган операцияларни бажаришдан иборат. Ўзбекистон Республикасида хорижий банклар ва ҳар қандай мулкчилик шаклига асосланган банклар фаолият кўрсатиши мумкин. Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган тижорат банклари ва уларнинг мулкчилик шакли турли мулкчиликка асослангандир.
Одатда, Ўзбекистонда банклар аксионерлик жамият кўринишида ташкил этилади. Банкнинг устав капиталини шакллантириш учун давлат органларининг маблағлари, жамоа, бирлашмалар ва фондларининг маблағлари, гаров ва кредитга олинган маблағлардан фойдаланиш мумкин эмас.
Тижорат банкларининг ташкилий тузилиши акционер жамият тузилишига ўхшашдир. Тижорат банкининг олий органи акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳисобланади. Бу йиғилишларда акциядорларнинг вакиллари ва акциядор корхоналарнинг раҳбарлари иштирок этадилар. Акциядорларнинг умумий йиғилиши кўриб чиқишга қўйилган масалалар бўйича қарор қабул қилиш учун акциядорларнинг камида 3/4 қисми иштирок қилиши лозим.
Банкнинг бошқарувини директорлар кенгаши амалга оширади. Унга қўшимча тарзда банк бошқарувини кузатиш ва назорат қилиш масъулияти ҳам юклатилган. Директорлар кенгаши аъзоларининг таркиби ва сайланиш муддати тижорат банкнинг низоми билан белгиланади.
Банк Кенгаши банк фаолиятининг асосий йўналишини, кредит сиёсати ва банкнинг бошқа режаларини кўриб чиқиш, даромад, харажатлар, фойда режаларини тасдиқлаш, шуъбаларни очиш ёки ёпиш масалаларини кўриб чиқиш каби масалалар билан шуғулланади.
Банк Бошқаруви банк фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади. Банк бошқаруви акциядорларнинг умумий йиғилиши ва директорлар кенгаши олдида жавобгардир. Акционерларнинг умумий йиғилиши, банк кенгаши ва бошқаруви банкнинг бошқарув органлари ҳисобланади.
Банкка оператив раҳбарлик қилувчи ва унинг фаолияти учун жавоб берувчи банк бошқаруви банкнинг ижроия органи ҳисобланади. Бошқарув банк кенгаши ва акциядорлар умумий йиғилиши олдида ҳисобдордирлар.
Бозор иқтисодиётига асосланган барча мамлакатларда тижорат банклар иқтисодиётининг тўлов механизмида етакчи ўрин тутади.
Мамлакатимиз иқтисодиёт тўловларни амалга оширишни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш орқали мамлакатимиз тўлов тизимида тижорат банкларнинг ўрни кенгаймоқда.
Ундан ташқари тижорат банклар молия-валюта бозорида фаолият кўрсатиш, яъни қимматли қоғозлар чиқариш ва уларни жойлаштириш, сотиб олиш билан шуғулланиши, мижозларга ҳар хил ахборотлар, маслаҳатлар бериш билан шуғулланиши мумкин.
Тижорат банклари юқорида келтирилган функциялар асосида қуйидаги операцияларни бажаради:
-пассив операциялар;
-актив операциялар;
-банк хизматлари ва воситачилик операциялари;
-банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширадиган операциялари ва бошқа турдаги операцияларни бажарадилар.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётлари фаровонлигини таъминлашда микромолиявий хизматларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этмокда. Ўз навбатида, аҳоли ўртасида микромолиявий хизматларга бўлган талабнинг кучайиши маҳаллий микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш ва сифатли хизмат турларини таклиф этишни талаб этади. Жаҳон тажрибасидан маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркор-лик корхоналари фаолиятинининг дастлабки даврларида уларнинг кредитларга бўлган эҳтиёжларини қондиришда тижорат банкларига муқобил равишда нобанк кредит ташкилотларининг ҳам аҳамияти каттадир. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан республикада фаолият кўрсатаётган нобанк кредит ташкилотлари, хусусан, микрокредит ташкилотлари ҳамда ломбардлар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, улар фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базаси янада такомиллаштирилиши нобанк кредит ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ва фаолияти кўламини кенгайтиришга мустаҳкам замин яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги «2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ва юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ПҚ-1438-сонли Қарорида, айнан, нобанк ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Бунда нобанк ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш, микрокредитлаш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш ҳажмларини кенгайтириш, нобанк ташкилотлари ва улар томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари тармоғини кенгайтириш, нобанк ташкилотларида ҳисоб юритилишини, улар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш усулларини янада такомиллаштириш, ахборот-алоқа технологияларини жорий этиш, нобанк ташкилотлари ходимларининг малакаларини ошириш, микромолиялаш соҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларни кенг ёритиш шулар жумласидандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |