Темур ва темурийлар даври нафосатшунослиги. XIII асрга келиб, Марказий Осиё минтақаси ҳамма соҳада юксакликка эришган эди. Афсуски, муғул босқини Туркистон, Мавороуннаҳр, Рум, Ҳуросон сингари гуллаб-яшнаб турган ўлкаларни вайрон қилди. Илм-фан, маданият таназзулга юз бурди, не-не шаҳарлар ер юзидан изсиз йўқолди, мусулмон Шарқи зулмат ичида қолди. Фақат тарих саҳнасига Амир Темур чиққанидан кейингина Уйғониш бошланди. Соҳибқирон бобомиз юритган оқилона сиёсат бутун минтақада маънавий юксалишга олиб келди. Шу боис Темур ва темурийлар даври илм-фан ва санъатнинг олтин даври ҳисобланади. Бу давр нафосатшунослигида буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг ўрни ўзига хос.
Алишер Навоий (1441-1501) ўз асарларида ички ва ташқи гўзаллик ғоясини илгари суради. Алломанинг «Ҳамса»сидаги бош қаҳрамонлар ана шундай комил гўзаллик эгалари. Умуман, Навоий ҳам, бошқа кўпгина Шарқ мутафаккирлари каби инсоний гўзалликни ички гўзалликда, ҳулқий гўзалликда кўради.
Навоий сўзга алоҳида эътибор беради, уни кўнгил қутиси ичидагини гавҳар деб атайди, ҳатто фалак жисмининг жони дейди:
Кўнгул дуржи ичра гуҳар сўздурур,
Башар гулшанида самар сўздурур.
Эрур сўз фалак жисмининг жони ҳам,
Бу зулумотнинг оби ҳайвони ҳам.
«Мажолис ун-нафоис», «Меъзон ул-авзон» асарларида Навоий ана шу моҳиятан муқаддас бўлган сўздан фойдаланиш санъати ҳақида фикр юритади. «Меъзон ул-авзон» аруз назарияси сифатида диққатга сазовор бўлса, «Мажолис ун-нафоис» тенги кам тазкира сифатида эстетикака алоқадордир. Унда Навоий 450 нафардан ортиқ шоир ижодига тўхталиб ўтади ва улар ижоди учун характерли бўлган мисолларни келтиради. Айни пайтда, тазкирада дин, шакл ва мазмун сингари эстетика муаммолари ҳам ўз аксини топган. Чунончи, тазкиранинг темурий шаҳзода шоирларга бағишланган етинчи мажлисида Амир Темур диди ҳақида фикр юритар экан, шундай дейди: “... агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтганча бор”. Бу парчадаги андак муболағадан қатъи назар, Навоий шоирона, эстетик дид том манодаги эстетик идрок эгаси бўлишни, тўғри келган гапни вазнга солиб, шеър деб тақдим этувчи баъзи назмбозлардан юқори қўйганини фаҳмлаб олиш қийин эмас.
Умуман ўша даврда ёзилган санъат турларига доир рисола ва тазкираларни ўнлаб эмас, юзлаб санаш мумкин. Тасвирий санъат ўзининг шарқона кўриниши-миниатюра жанрида юксак даражага кўтарилди. Ҳиротда »Нигористон» миниатюра мактаби вужудга келди. Унинг етакчи рассоми Камолиддин Беҳзод «Шарқ Рафаэли» номини олди. Навоий замонасида барча Ҳирот аҳли, касби-коридан қатъи назар, бирор санъат туридан ҳабардор эди. Нафис мажлисларда янги асар муҳокамаси ниҳоятда нозик дидлилик билан ўтган. Зайниддин Восифий ўзининг «Бадоеъ ул-вақоеъ» асарида ана шундай нафис мажлислардан бирини келтиради. Унда Беҳзод кейинчалик чизган Алишер Навоий суратининг муҳокамаси тасвирланади. Муҳокамада Навоий портрети фонидаги боғ, қушлар ва бошқа нарсаларнинг табиий чиққанлиги, сурат улкан истеъдод маҳсули экани ўша даврга хос назокат билан айтилади..
Do'stlaringiz bilan baham: |