16.1. Тўлов балансининг қисқача моҳияти ва ривожланиш тарихи Тўлов баланси миллий ҳисобчиликнинг ажралмас қисми ҳисобланади. У мамлакат иқтисодиёти ҳолатини ифодаловчи муҳим маълумотларни беради. Тўлов баланси МҲТни ташқи иқтисодий алоқалар тўғрисидаги муҳим маълумотлар билан тўлдиради. У мамлакат иқтисодиётини таҳлил ва башорат қилишда асосий воситалардан бири ҳисобланади. Унинг ёрдамида иқтисодий натижалар қандай шарт-шароитда ва нималар эвазига эришилганлигини билиш мумкин. Тўлов баланси мамлакатда иқтисодий ўсиш(камайиш) қай тарзда бўлганлигини, яъни, ташқи дунёдан олинган қарз эвазигами ёки мамлакат олтин ва валюта захираларининг камайиши ҳисобигами ёки малакатнинг ташқи дунё олдида соф мажбуриятларини кўпайтирмай ўз имкониятлари ишга солган ҳолда эришилганлигини билиш мумкин. Тўлов баланси айни вақтда, мамлакатда иқтисодий ўсиш ёки камайиш қайси йўл билан эришилганлигини кўрсатиб беради. У туб маънода иқтисодий ўсиш ёки камайиш бўлганлигини билишга имкон беради.
Тўлов баланси мамлакат резидент бирликларининг норезидентлар билан бўлган иқтисодий муносабатлари натижаларининг маълум бир давр(ой, чорак,йил) давомидаги ўзгаришларини ифода этади.
Иқтисодий назарияда «тўлов баланси» атамаси илк бор XYIII – асрнинг охирларида ишлатилган. Дастлабки даврларда тўлов баланси деганда асосан ташқи савдо баланси сальдоси назарда тутилган. Кейинги даврларда мамлакатлараро ташқи иқтисодий алоқаларнинг ривожланиб бориши натижасида тўлов балансининг мазмуни кенгайиб борган. Биринчи марта тўлов баланси Америкада тузилди ва расмий равишда 1923 йилда чоп этилди. 1943 йилда америкалик иқтисодчи Лери Америка Қўшма Штатларининг 1919-1939 йилларга тўлов балансларини тузди. Албатта, бу баланслар тўлов баланси методологиясини ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Халқаро тўлов тизимининг ривожланиши ва кенгайиб бориши, халқаро молия-кредит ташкилотларининг юзага келиши тўлов балансини тузиш тартиби ва методологиясини маълум бир андозага келтиришни тақозо этди. Тўлов балансини тузиш тартиби илк бор халқаро андоза сифатида 1947 йилда Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан чоп этилган. Шундан кейин то хозирги давргача тўлов балансини тузиш тартиби ва қоидаларини такомиллаштириш вазифасини Халқаро валюта фонди амалга ошириб келяпти. Ўтган даврда тўлов балансини тузиш тартиби ҳаммаси бўлиб беш маротаба ўзгартирилган. Охирги тузиш тартиби 1993 йилда чоп этилган. Амалиётдаги тўлов баланси билан МҲТ асосий тушунчалари, уларда ишлатиладиган таснифлар, операцияларни ҳисобга олиш усуллари ва вақти МҲТ методологияси билан уйғунлаштириб қурилган.