16.5. Тўлов балансининг ахборот базаси
Тўлов баланси мамлакат резидентларининг чет эл норезидентлари ўртасидаги бўлган операцияларнинг мажмуидан иборат. Шу сабабли, тўлов балансини тузишда турли хил ахборотлар керак бўлади. Тўлов баланси ахборот базасини ҳамма мамлакатлар учун ягона таркибга ва андозага келтириш амалий жиҳатдан мумкин эмас. Чунки, дунёда иқтисодиёти бир хил икки мамлакатни топиш мушкил иш. Бундан ташқари, ҳар бир олинган ахборот тўлов балансида қайд этишдан олдин моҳиятига қараб, тўлов баланси нуқтаи назаридан қараб чиқилиши керак. Масалан, божхона ва корхоналар статистикасида кўрсатилган экспорт ёки импорт тўғрисидаги ахборотларни тўғридан- тўғри тўлов балансида қайд этиб бўлмайди. Чунки, божхона статистикасида товарлар божхона чегарасидан ўтганда, корхона статистикасида эса корхонадан кетганда (ҳисобидан чиқарилганда) ҳисобга олинади. Бундан ташқари, товарни жўнатиш шартига кўра, шартнома қийматида товарлар билан хизматлар аралаш кўрсатилган бўлиши мумкин. Бу операциялар тўлов балансида даврий ва таркибий ўзгартиришлар киритилгандан кейинги баҳоларда қайд этилади.
Шу кунга қадар, тўлов баланси ахборот базасини бир тизимга солиш мақсадида, халқаро молия ташкилотлари, иқтисодчи олимлар томонидан бир қанча қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилган. Ташқи савдо ва хизматлар, ташқи қарз, инвестициялар ва кредитлар, халқаро резервлар ва бошқа статистика тизимлари ишлаб чиқилган ва амалиётга тадбиқ этиляпти.
Ўзбекистонда тўлов балансини тузишда қуйидаги ахборотлар ишлатилади:
товарлар ва хизматлар экспорти ва импорти бўйича ташқи савдо статистикаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги (марказлашган экспорт) маълумотларидан ва бошқа қўшимча ахборотлардан фойдаланган ҳолда ҳисобланади;
даромадлар бўйича ахборотлар (фоиз тўловлари, дивидендлар, иш ҳақи) Молия вазирлиги, Меҳнат ва социал таъминот вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги маълумотлари ва бошқа статистик маълумотлар ёрдамида ҳисобланади;
трансфертлар бўйича ахборотлар божхона статистикаси, халқаро ташкилотлар ва бошқа маълумотлар ёрдамида ҳисобланади;
инвестиция ва кредитлар тўғрисидаги ахборотлар статистика, тижорат банклари маълумотларидан ва бошқа ахборотлардан фойдаланиб ҳисобланади.
Юқорида келтирилганлардан ташқари, тўлов балансини тузишда мамлакатнинг бошқа мамлакат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик натижаларини ифодаловчи ахборотлардан ҳам фойдаланилади. Доимий ҳисоботи ташкил қилинмаган ёки статистикада қайд этилмаган халқаро иқтисодий муносабатлар натижалари танлаб кузатиш ёки эксперт баҳолаш усуллари билан ҳисобланади ва тўлов балансида қайд этилади.
Тўлов балансининг ахборот базаси қанчалик даражада аниқ бўлса, жорий операциялар ва капитал харажатлар ва молия счёти кўрсаткичлари бир-бирига яқин ва тўлов балансининг хатолиги кам бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |