ҚОБИЛИЯТЛАР ТАСНИФИ
Психология фанида қобилиятлар қуйидагича тавсифланади.
1. Табиий қобилиятлар одамлар ва ҳайвонлар учун хос бўлиб, идрок қилиш хотирада сақлаш, оддий мулоқотга кириша олиш шулар жумласидандир. Биологик жиҳатдан асосланган бу қобилиятлар асосини шартли рефлекслар ҳосил бўлиш жараёни ташкил этади. Инсондаги ва юксак даражада ривожланган ҳайвонлардаги бу қобилиятлар бир-биридан фарқ қилади.
2. Махсус инсоний қобилиятлар ижтимоий-тарихий табиатга эга бўлиб, ижтимоий ҳаёт ва тараққиётни таъминлайди. Махсус инсоний қобилиятлар ўз навбатида умумий ва хусусий қобилиятларга бўлинади.
3. Умумий қобилиятлар инсоннинг турли фаолиятлари муваффақиятини таъминловчи ақлий қобилиятлар хотира ва нутқнинг ривожланганлиги, қўл ҳаракатларини аниқлиги ва бошқа хусусиятлардан иборат. Хусусий қобилиятлар алоҳида олинган бир фаолиятнинг муваффақиятини таъминлайди. Бу қобилиятлар алоҳида мулоқотнинг бўлинишини тақозо этади. Масалан, математика, техника, бадиий ижодий, спортга бўлган қобилиятлар шулар жумласидандир.
Айрим адабиётларда умумий қобилиятлар моҳияти турлича талқин қилинади. Жумладан, умумий қобилият деганда муваффақиятли равишда билим олишни таъминлайдиган шахснинг юксак интеллектуал тараққиёти тушунилади. Бироқ бундай тушунча тор ва нотўғридир, чунки интеллектуал тараққиёт фақат ихтиёрий фаолият учун умуман талаб қилинади, холос. Умумий қобилият фаолиятнинг ҳамма турларига жумладан амалий фаолиятга ҳам таъсир қилади, деб ҳисобловчи психологлар топилди.
Ниҳоят, шундай психологлар ҳам борки, улар фақат махсус қобилиятларни тан оладилар. Умумий қобилият ҳақида гапирганда ҳам махсус қобилиятлар йиғиндиси таъсирини кўзда тутадилар. Кишининг турли-туман фаолиятлари орасида биттаси асосий ёки етакчи фаолият шароитида шахснинг махсус тараққиётини белгиловчи фаолият бўлиб ажралиб туради. Бу фаолият туғма специфик зеҳн нишоналарига мос тушиши мумкин.
Ҳамма махсус қобилиятларни, инсон фаолиятининг асосий турларини уч турга: фан, санъат, амалиётга ажратиш мумкин. Шунга биноан қобилиятни миллий, бадиий ва амалий деб классификациялаш мумкин. Бу турларнинг ҳар бири ўз навбатида майда турларга бўлинади.
Илмий қобилият абстракт, эвристик фикрлашнинг юксак ривожланган бўлишини, оғзаки мантиқий хотирани, қатъият ва сабр-тоқатни талаб қилади. Бу қобилиятга қуйидаги майда қобилиятлар киради: физик, математик қобилият, химия, философия, тарих, биология фанларига нисбатан бўлган қобилиятлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |