Ҳисоб амалиётини тартибга солиш даражаси ва шакли. Ҳисоб тизимини тартибга солиш даражаси ва шаклига кўра барча мамлакатлар икки гуруҳга бўлинади:
Бухгалтерия ҳисоби услубияти ва амалиёти махсус қонунлар ёрдамида давлат томонидан тартибга солинадиган давлатлар;
Бухгалтерия ҳисоби услубияти ва амалиёти ноҳукумат профессионал бухгалтерлар ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган махсус стандартлар асосида тартибга солинадиган давлатлар.
Бухгалтерия ҳисоби услубияти ва амалиётини тартибга солиш характерига мос равишда ҳисобот тузиш ва тақдим этиш тартиби ҳам ўзгаради. Бухгалтерия ҳисоботларини тузишни марказлашган давлат бошқаруви назорат қилиб турадиган давлатларда ҳисобот тузиш консерватив характерга эга. Бу консолидацияланган молиявий ҳисобот тузишга ҳам ўз таъсирини ўтказади.
Сиёсий ва иқтисодий алоқалар. Жаҳон мамлакатлари ўртасида ҳисоб амалиёти ва услубияти бўйича тажриба алмашиш ушбу мамлакатлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг қай даражада ўрнатилганлигига боғлиқдир. Мексика ва Филиппиннинг АҚШ билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари яхши йўлга қўйилганлиги сабабли, бу мамлакатларда консолидацияланган молиявий ҳисоботни тузиш тартиби ва унинг амал қилиш кўлами АҚШдаги амалиётга тўла-тўкис мос келади. Буюк Британияда тузиладиган консолидацияланган молиявий ҳисоботлар Ҳамдўстлик таркибига кирувчи мамлакатлар: Австралия, Малайзия, ЖАР ва бошқалар билан бир хил.
Консолидацияланган молиявий ҳисоботни тузиш трансмиллий компаниялар фаолиятида одатий ҳолат ҳисобланади. Лекин бу жараёнда инвестор шу нарсани билиши лозимки, корпорация раҳбарлари кўпинча бўлинмалар фаолияти бўйича зарарлар, йўқотишларни бекитиши мумкин. Натижада корпорациянинг реал ҳолати ҳисоботда акс этмаслиги мумкин.
Консолидацияланган молиявий ҳисоботни тузишнинг афзалликлари билан биргаликда камчиликлари ҳам мавжуд. Агарда компаниянинг фаолияти фақат битта ишлаб чиқариш-технологик линия ёки алоҳида минтақавий бўлинма фаолияти билан белгиланса, ҳисоботда аналитик ҳисоб-китоблар тушиб қолдирилади, консолидацияланган молиявий ҳисоботлар эса компаниянинг бу ҳатти-ҳаракатини бекитмайди. Йиғма ҳисоботда компаниянинг зарар кўриб ишлайдиган шўъба корхоналари бўйича ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлари кўрсатилмайди. Шу сабабдан молиявий ҳисоблар батафсилроқ, аналитик ҳисоб-китоблар илова қилинган ҳолда тузилиши керак.