Буддизм дини манбалари ва таълимоти: Буддавийлик қоидалари ва ахлоқий тамойилларини ўзида мужассам этган ва бугунги кунда дин издошлари томонидан муқаддас, деб эътироф этиладиган “Типитака” (ёки “Трипитака”, санскритча – “Уч сават донолик”) милоднинг бошларида китоб шаклига келтирилган. Ҳозирда “Типитака”нинг илк қўлёзма нусхаси Шри Ланка (Цейлон) да сақланади. “Типитака” учта катта бўлимдан иборат. Биринчи бўлим – “Виная–питака” (санскритча – “Ахлоқий меъёрлар китоби”) буддавийлар жамоаси “сангҳа” таркибига кириш тартиби, роҳибларнинг хулқ–атвори ҳамда диний кўрсатмаларга риоя қилиш қонун–қоидалари ва унга амал қилинмаган тақдирда бериладиган жазолар тавсифини ўз ичига олади. Иккинчи бўлим – “Сутта–питака” (санскритча – “Дуолар китоби”) ҳажм жиҳатдан саватларнинг энг каттаси ҳисобланади. Унда асосан “тўрт асл ҳақиқат” ҳақида сўз юритилади. Будда таълимоти шогирдлари тилидан масал, суҳбат, насиҳат, афсона, ҳикматли сўз, достонлар шаклида баён этилган. Учинчи бўлим – “Абҳидҳарма–питака” (санскритча – “Диний–фалсафий масалалар китоби”)да диний таълимотнинг асосий қоидалари ифодаланиб, буддавийлик амалиётининг фалсафий мазмун–моҳияти очиб берилган. Матн ёзилиш услуби ва тили мураккаблиги учун буддавий роҳиблар уларни фақат устозларидан таълим олиш йўли билан ўзлаштирганлар. “Типитака” матнларига вақт ўтиши билан ўзгартиш, тузатиш ва қўшимчалар киритилган. Бундай ўзгаришлар буддавийликда ўзига хос йўналишлар пайдо бўлишига замин яратган. “Типитака”нинг илк матни санскрит тилида ёзилган бўлса ҳам, вақт ўтиб асл матнлар йўқолиб кетгани учун фақат тибет, хитой ва япон тилларига таржима қилинган намуналари сақланиб қолган. Мазмунан “веда” (санскритча – муқаддас билим) ва браҳманлик фалсафий қарашларидан холи бўлган буддавийлик манбалари, ўзининг оммабоп услубдаги талқини билан оддий халққа тушунарли бўлган. Масалан, “маҳаяна” айнан шу хусусияти туфайли буддавийликни Жанубий ва Жанубий Шарқий Осиёга ёйилишини таъминлай олган. Милоднинг биринчи асридан бошлаб буддавийлик Хитой, Корея, Япония Шри Ланка, Бирма, Таиланд, Вьетнам, Камбоджа, Лаос сарҳадларигача етиб борган.
Будданинг 84 мингта насиҳати 108 жилддан иборат “Кангьюр”да, унинг талқин ва тафсири 225 жилддан иборат “Тенгьюр”да акс этган. Шунингдек, Будданинг ҳаётига бағишланган ва милоднинг II асрида ёзилган “Махавоцу”, милоднинг II–III асрларида ёзилган “Лалитавистара (“Будданинг ҳаёти”)”, буддавий файласуф Ашвагхоша томонидан милоднинг I–II асрларида яратилган “Буддхачарита”, милоднинг I асрида ёзилган “Абнихишкрамансутра” ва “Ниданакатха”, “Дҳаммапада” (“Дҳарма йўли”, “Будданинг фикр–ғоялари”) каби асарлар буддавийликнинг муҳим манбаларидан ҳисобланади.
Буддавийликда оламлар ва уларга хос хусусиятлар ҳақидаги қарашлар муҳим ўрин эгаллайди. Будда таълимотига кўра, олам уч босқичли бўлиб, унинг биринчиси – энг юқори мутлақ осойишталик ҳукм сурадиган “нирвана” (санскритча – сўлиш, ўчиш) оламидир. Унда инсон барча ташвишлардан халос бўлади, ҳеч бир истак–хоҳиш, эҳтиросларга ўрин қолмайди. “Нирвана”да руҳ – “сансара” (санскритча – кезиш, кўчиб юриш, ўзгариш) кишанларидан тўла озод бўлиб, олий мақомга эришади. Донишмандлар “нирвана”ни инсон билимлари доирасидаги сабаб–оқибат “дҳарма” (санскритча – қонун, бурч, ҳақиқат, нарса, ҳолат) оқими тўхтаб, руҳнинг номуносиб ва эзгу бўлмаган амаллардан холи бўлган ҳолати, деб изоҳлайдилар. Иккинчи олам – “рупалока” (санскритча – жаннат) “боддҳисаттвалар” (санскритча – моҳияти билим бўлган инсон) истиқомат қиладиган жой ҳисобланади. Унда жаннатнинг яратувчиси, Будданинг бири – Амитабҳа ҳукмронлик қилади. Бу ерда савоб ишлари туфайли руҳи гуноҳдан озод бўлган ва “нирвана”га кўтарилиш ҳуқуқига эга бўлган инсонлар яшайди. Учинчи олам – “камалока” (санскритча – дўзаҳ) энг қуйи оламдир. Бу ерда одамлар ва ҳайвонлар яшайди. Оламнинг бу қисмида руҳ қафасда яшайди. Руҳ озод бўлиши ва юқори оламга кўтарилиши учун инсон савобли ишлар қилиши лозим бўлади. Чунки жон қафасдан қутулишга ва юқори оламда яшашга интилса ҳам, гуноҳлари туфайли кўтарила олмайди. Буддага эътиқод туфайли инсоннинг жони бир неча марта туғилишдан кейин жаннатга ва ундан кейин “нирвана”га кўтарилиши мумкин. Ёвуз инсоннинг руҳи қуйи оламда азобланаверади ва юқори оламга кўтарила олмайди. Инсон қанча ёвуз бўлса, унинг руҳи қайта туғилишида яна қуйи оламга тушади, яъни буддавийлик таълимотига кўра, ўлим инсонни ҳаёт азоб–уқубатларидан халос эта олмайди. “Нирвана”га ўтиш ҳар бир кишининг иродасига боғлиқ бўлиб, буддавийликка астойдил эътиқод қилганлар иккинчи оламга кўтарилишлари, гуноҳкор кишиларнинг жонлари қафас ичида қолиши, нафсга берилганлар дўзахга тушишлари мумкин. “Сансара”нинг оғир азоб–уқубатларидан қайта туғилишлардан сўнг “архат” (санскритча – ҳақиқатни англаш, қалб кўзининг очилиши, тушуниш ва сукут сақлаш) ҳолатига эришган кишиларгина халос бўлиши мумкин. Кишилар қайта туғилиши натижасида турли мавжудот қиёфаси (ўсимлик, ҳайвон, инсон)да намоён бўлиши мумкин. Чунки буддавийликка кўра, инсон ўлимидан кeйин ҳам қайта туғилади. “Сансара”ни енгиб ўтганлар “архат” ҳолатига эришиб, бу дунё қийинчиликларидан холос бўладилар. “Архат”га эришиш ва ундан “нирвана”га ўтиш учун “нажотнинг олижаноб саккиз йўли”ни босиб ўтиш лозим бўлади.
Будда таълимотининг асосида “ҳаёт – бу азоб–уқубат” ва “нажот йўли мавжуд” деган ғоялар ётади. Инсон ўзига хос мавжудот бўлиб, туғилади, ўзини–ўзи ҳалок қилади ёки қутқаради. Бу ғоялар Будданинг илк даъватида таърифланган “тўрт олий ҳақиқат” ҳақидаги қарашларда ўз ифодасини топган. 1. “Азоб–уқубат ҳақидаги ҳақиқат”. Буддавийликка кўра, ҳар бир тирик жон азоб–уқубатни бошидан кечиради. Шунинг учун ҳам, ҳар қандай дунёвий ҳаёт қийноқ, азоб– уқубатдир. Туғилиш – қийноқ, касаллик – азоб, ўлим – кулфат, қийинчиликка дуч келиш – машаққат, бахтсизлик, умидсизлик – азоб, севмаган киши билан яшаш – азоб, суюкли одамингдан ажралиб қолиш – ғам, астойдил хоҳлаган нарсангга эриша олмаслик – азоб, орзу–ҳавасга етолмаслик – азоб–уқубат. 2. “Азоб–уқубат сабаблари ҳақидаги ҳақиқат”. Инсон моддий нарсалар ёки маънавий қадриятларни ҳақиқий ва доимий, деб ҳисоблагани учун уларга эга бўлишга интилади. Бу интилиш ҳаёт давомийлигига олиб келади. Яхши ёки ёмон ниятлардан тузилган ҳаёт дарёси орзу ва интилишлар сабабли келажак ҳаёт учун “карма” ҳозирлайди. Инсон ўз нафсининг хоҳиш–истакларига асир бўлгани учун азоб– уқубат гирдобида қолади. Демак, қайта туғилиш ва янги қийноқларга дучор бўлиш давом этади. Аксарият буддавий донишмандлар фикрича, Буддадан бошқалар “нирвана” ҳолатига эриша олмаганлар. 3. “Азоб–уқубатлардан халос бўлиш ҳақидаги ҳақиқат”. Ҳар қандай ўй– ният, орзу–ҳавас ва интилишлардан бутунлай воз кечиш “нирвана” ҳолатига олиб боради. Бу ҳолатда инсон қайта туғилишдан тўхтайди. Буддавийлар “нирвана” руҳнинг олий ҳолати, деб ҳисоблайдилар. 4. “Азоб–уқубатлардан қутулишнинг нажот йўллари ҳақидаги ҳақиқат”. Будда “халоскорликнинг ажойиб саккиз йўли”га амал қилиш орқали азоб–уқубатлардан қутулиш мумкинлигини таъкидлаган. Будда уларни қуйидагича талқин этади:
- тўғри маслак (дунёқараш). “Тўрт олий ҳақиқат”ни билиш, идрок этиш ва унга ишониш;
– тўғри мақсад. Таъмагирлик, нафс, ҳирс, бадхулқлик, бағритошлик ҳисларидан холи бўлиш, дунёвий ҳузур– ҳаловатдан халос бўлиш, кераксиз фикрлар ва бошқаларга зарар етказиб қўйишдан сақланишга интилиш;
– тўғри сўз. Ёлғон, туҳмат, ҳақорат, манманликдан холи бўлиш, бефойда гаплардан сақланиш;
– тўғри саъй–ҳаракат. Ўлим (қон тўкиш), ўғирлик, зинодан сақланиш, ўзиники бўлмаган нарсага кўз олайтирмаслик, ортиқча ҳиссиётга берилмаслик, ўзидаги ёмон туйғуларни жиловлаш ҳамда эзгу туйғулар ва ҳаракатларни ривожлантириш;
– тўғри турмуш тарзи. Номаъқул ҳаёт тарзидан сақланиш, ғайриихтиёрий ҳаракатларсиз, бировларга зиён етказмай яшаш;
– тўғри интилиш. Эришилган муваффақиятларни ривожлантириш, халоскорлик йўлида йиғилган тажрибани асрашга эришиш йўлида тинмай ҳаракат қилиш;
– тўғри фикрлаш (диққат–эътибор). Танага, ҳиссиётга, онг ва руҳий ҳолатларга диққат–эътибор қаратиш, уларнинг моҳиятини аниқ белгилаш, эҳтирос ва изтиробларга чек қўйиш,
– тўғри мулоҳаза (ўз фикр–хаёлларига чўмиш). Ҳиссий ҳолатларни тарк этиш, кўтаринки, юксак билим ва мантиқий тафаккурга эга бўлган биринчи “билиш босқичига” қадам қўйиш, кундалик ҳаёт ташвишларидан қутулиб, ҳайрат, завқ–шавқ ва қувонч оламида кезиш. Будда фикрича, инсон “Панча шила” (санскритча – беш насиҳат)га амал қилиши, қотиллик, ўғрилик, гумроҳлик, ёлғон сўз, маст қилувчи нарсалардан сақланиши лозим.
Буддавийлар ҳар ойда икки марта “Тийилиш куни” маросимини ўтказадилар. Ибодатдан олдин муаттар ҳид таралиб туриши учун Будда ҳайкали атрофига гуллар қўйилиб, шамлар ёқилган. Ибодат Будда ҳайкалига қараб бажарилади. Буддавий роҳиблар муқаддас китобдан парчалар ўқишади. Маросим тугагач, роҳиблар ибодатга келган кишилар устига, улар ўз навбатида ерга сув сeпадилар. Шу йўл билан роҳиблар билан оддий кишилар ўзларидаги яхши ҳислатларни ўзаро баҳам кўришга интилишларини намойиш этадилар. Ибодат пайтида гулдан фойдаланишда ҳам чуқур рамзий маъно бор. Зеро, сўлиб қолган гул ҳаётнинг ўткинчилиги, муаттар ҳид эса буддавийликка эътиқод қилувчиларнинг гўзал хулқ–атворли бўлиши лозимлигини эслатади. Буддавийликда ибодатлар холи (якка ҳолда) ҳам амалга оширилади. Бу инсоннинг истаган пайтда ибодат қилиш, ўз ички оламига кириб, ишонч–эътиқодининг моҳияти ҳақида мушоҳада юритишига имкон яратади, деб ҳисобланади. Диний урф–одат ва маросимларнинг оддийлиги буддавийликнинг жаҳоннинг турли мамлакатларида кенг тарқалишига сабаб бўлган. Будданинг туғилган, нурланган ва вафот этган кунларини хотирлаш билан боғлиқ маросимлар мавжуд. Хусусан, Будданинг туғилган куни оммавий байрам сифатида нишонланишини алоҳида қайд этиш лозим. Буддавийлар учун янги йилнинг бошланиши ўз ахлоқий хатти–ҳаракатларига баҳо бeриш, покланиш ва савобли ишларни бажариш ҳақида қайғуриш вақти бўлиб ҳисобланади. Апрeль ойида 2–З кун давомида нишонланадиган “Янги йил байрами”да Будда, авлиёлар, аждодлар ёдга олиниб, сув сeпилади. Сув сeпиш ёмғир чақириш ва хотиржам ҳаёт бeлгиси ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |