2-савол баёни: Дастлабки буддист миссионерларнинг Марказий Осиёга кириб келиши. Буддизм Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида янги эранинг бошларида ўрнашди. Буддизмнинг Ҳиндистондан Марказий Осиёга кириб келишини одатда Кушонларнинг ҳукмронлиги билан боғлайдилар. Император Канишканинг ҳукмронлиги даврида Кушон подшоҳлиги ушбу диннинг марказларидан бирига айланган. Милоднинг биринчи асрларида Амударё ҳавзасида ётган ерларда буддизм ҳукмрон дин саналган ва бу ерда араблар келишига қадар бошқа жойлардагига нисбатан узоқроқ вақт сақланиб турган.
Кушон подшоҳи Канишка буддизмга эътиқод қилган. У зарб қилдирган тангаларда бошқа илоҳиятлар билан бир қаторда Будда тасвири ҳам учрайди. Хитойлик Сюан-Сзян берган хабарига кўра, VII асрнинг бошларида Термизда 10 та буддизм монастирлари (сангарама) ва мингта роҳиб бўлган. V-VIII асрларда Эфталитлардан кейин буддизм Марказий Осиёда таназзулга юз тута бошлади. Марказий Осиё халқлари, хусусан, бактрияликлар санъатга ўз маданий анъаналарини олиб кирдилар.
ХХ асрнинг бошларидаёқ Амударёнинг ўнг қирғоғида буддизмга оид кўпсонли тангалар, ҳайкалтарошликка оид майда тасвирлар ва бошқа ёдгорликларни топганлар; кўпинча улар қимматбаҳо металлар – олтин ёки кумушдан ясалган бўлган (одамлар ва ҳайвонларнинг ҳайкалчалари). 1927 йилда Шарқ маданиятлари музейи ва Средазкомстарис экспедицияси қадимий Термизни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ўтказиб, у ерда қатор грек-буддизм ёдгорликлари мавжудлигини аниқлади. Термиз археологик комплекс экспедициясининг (ТАКЕ) ишлари натижасида Қоратепа ва Чингизтепа баландликларида иккита йирик буддизм монастири бўлганлиги аниқланди ва грек-буддизм меъморчилиги ва ҳайкалларининг парчалари топилган ўнлаб жойлар қайд этилди.
Шимолий Ҳиндистон ва Марказий Осиё ҳудудларининг Кушонлар салтанати ҳукмронлиги остида бирлаштирилиши натижасида буддавийлик Узоқ Шарққа ҳам кириб борди. Кейинчалик Шарқий Туркистон, Хитойга ёйилди. Канишка, Вима Кадфиз ва улардан кейинги Кушон императорлари буддавийлик дини анъаналарини амалда ривожлантириш, бошқа халқлар ўртасида тарқатиш учун Балх, Марв, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Шош, Туркистон, Қува, Косон, Ўш, Болосоғун, Кошғар ва бошқа шаҳарларда ибодатхоналар қуриб, унинг муқаддас китоблари, сутра (санскритча – ип, тўплам, баён, диний–фалсафий ибора)ларни ўрганиш, таржима қилиш ва шарҳлаш учун шароит яратдилар. Будданинг ўлимидан сўнг шогирдлари орасида ажралиш рўй берди. “Хинаяна” (санскритча – кичик ғилдирак) йўналиши анъанавий қарашларга риоя қилиши билан бирга Будда таълимотига қатъий мантиқий изчиллик беришга интилди. “Маҳаяна” (санскритча – катта ғилдирак) йўналиши Будда таълимотининг барча томонларини ислоҳ қилди. Буддага илоҳийлик тусини бериб, диний маросим ва ибодатларни жорий этди. Ушбу йўналишларнинг маҳаллий қадриятлар ва бошқа динлар билан синтезлашуви эса “ламаизм”, “важраяна”, “дзэн (чань) буддизм”, “тянтай”, “дхиана” каби йўналишларнинг вужудга келишига замин яратди. Буддавийликнинг илк йўналишларидан бири, нажот топишнинг тор йўли бўлган “хинаяна” милоддан аввалги I асрда шаклланган бўлиб, унинг асосий қоидалари “Типитака”да баён қилинган. Буддавийларнинг муқаддас жойи Шри Ланка бўлиб, бу ерга турли мамлакатлардан буддавийликка ибодат қилувчилар ташриф буюрадилар. Шри Ланканинг аввалги пойтахти бўлган Канди шаҳрида дунёда машҳур “Будданинг тиши” ибодатхонаси жойлашган. Бу ерда Будданинг тиши сақланади.
Ижтимоий ҳаётнинг ўзгариб бориши ва буддавийлик тартиб–қоидаларини унга мослаштиришга интилиш натижасида руҳий камолот аҳдига риоя этувчи, худога илтижо қилувчи, роҳибларга инъом–эҳсон берувчи ҳар қандай диндор нажот топиши мумкин, деган қоидага асосланган “маҳаяна” (санскритча – нажот топишнинг кенг йўли) йўналиши вужудга келишига замин яратилган. Худоларга етиш йўллари барча учун мумкин бўлгани сабабли “маҳаяна” йўналиши “катта ғилдирак” номини олган, яъни ҳамдардлик ва хайрихоҳлик билан бошқаларни ҳам олий мақсад сари етаклаш, уларга ёрдам бериш ва боддҳисаттва мақомига эришишларига кўмаклашиш ҳақидаги ғоялар унинг мазмун–моҳиятини ташкил этган.
Кейинчалик “маҳаяна” буддавийликнинг янги йўналишлари учун асос бўлиб хизмат қилди. “Дзэн буддизм” V–VI асрларда Хитойда пайдо бўлган маҳаяна йўналишидаги мактабларидан биридир. Унинг асосчиси афсонавий роҳиб Боддхидхарма ҳисобланади. “Дзэн” (лотинча – медиатация, фикрни жамлаш, диққат билан мушоҳада қилиш) буддизмнинг асосий хусусиятлари сифатида назариядан кўра амалиётга, диний ўгит ва қонун– қоидаларни ёдлаш ўрнига мушоҳада қилишга алоҳида эътибор берилишини, иррационализм ва мистикага мойилликни қайд этиш мумкин. Дзэн буддистлар “йога” машқларини бажариш, жисмоний меҳнат қилиш, санъат тури билан шуғулланишга катта аҳамият берадилар. Ҳозирда дзэн буддистлар 10 миллиондан ортиқ, уларнинг 85 фоизи Японияда яшайди. Унда илгари сурилган ғояларнинг бевосита “дилдан–дилга” узатилиши, инсоннинг ўз руҳий моҳияти билан яқинлиги, белги ва шаклларга қарам бўлмаслик, яъни фикрнинг сўз ва белгиларсиз ифода этилиши, инсоннинг ўз ички дунёсига мурожаат қилиши орқали Будда каби баркамолликка эришиш мумкинлиги ҳақидаги қарашлар оммавий тус олган. Ҳозирда Японияда дзэн ибодатхоналари диний, сиёсий ва маданий марказга айланиб, ёшлар тафаккури, турмуш тарзи, фаолиятига катта таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, дзэн санъати хитой ва япон маданияти анъаналаридан бирига айланган. Самурайлар дзэн буддизм тарғиботчилари ҳисобланади. Дзэнга “ҳаммага мос жонли амалий ҳақиқат” деб таъриф беришган, яъни инсон ички дунёси орқали ҳақиқат ва баркамолликка эришиши мумкинлиги эътироф этилган ҳолда қатъий тартиб ва махсус руҳий машқларга амал қилиш талаб этилади. Бугунги кунда дзэн буддизм Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚШ ва Канада ёшлари орасида кенг тарқалганини қайд этиш лозим. Шу аснода медиатация қонун ва талабларини бузиб талқин этиш, маст қилувчи ичимлик ва наркотик моддалардан фойдаланиш орқали “нирвана”га эришиш мумкин, деган қарашлар ҳам кенг ёйилиб бораётганини таъкидлаш зарур. Ёшларнинг бундай қарашлар таъсирига берилиши уларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатиб, носоғлом майлларнинг кучайиши, алкоголизм ва наркоманиянинг чуқур илдиз отишига замин яратмоқда.
Ламаизм (тибетча – энг улуғ) VII–ХIV асрларда Тибетда маҳаяна йўналиши таъсирида вужудга келган. Муқаддас диний китоблар “Кангъюр” ва “Тенгъюр”да баён қилинган барча қонун–қоида ва талаблар ламаизм эътиқодининг асосини ташкил этади. Ламаизм таълимотига кўра, инсон буддавийлик ақидаларига таяниб, фақат ламалар ёрдамида нажот топади, гуноҳлардан покланади, ламалар ёрдамисиз оддий кишилар жаннатга туша олмайди. Будданинг Ер юзига яна қайтиши ва дунёда адолат ўрнатишига ишонч ламаизм таълимотида муҳим ўрин эгаллайди. Худоларнинг Ердаги вакили ҳисобланган ламаларга ва дунёвий ҳокимиятга сўзсиз бўйсуниш, ибодат ва расм–русумларни дабдабали ўтказиш, муқаддас китоблар талқинини театрлаштирилган томошаларда акс эттириш, худоларнинг ғазаби, ёвуз руҳлар зиёнини қайтариш учун турли дуо ва афсунлар ўқиш ламаизмга хос хусусият ҳисобланади. Ламаизмнинг олий диний раҳнамоси Далай–Лама (тибетча – “денгиздек улуғ лама”) туғилган мавжудотларнинг энг улуғи, “боддҳисаттва”нинг Ердаги кўриниши, тирик худо ҳисобланади. “Ламаизм” тибетликларнинг асосий дини ҳисобланади. Тибетда 3000 дан ортиқ буддавийлик ибодатхоналари мавжуд. Шунингдек, ламаизм Россиянинг Бурятия, Тува, Олтой каби ҳудудларида ҳам кенг тарқалган. Необуддизм XX асрнинг 40–50–йилларидан бошлаб кенг тарқала бошлаган диний–идеологик оқим бўлиб, Бирма, Таиланд, Лаос, Вьетнам маҳаллий зиёлиларининг озодлик ва миллий уйғониш ҳаракати билан боғлиқдир. Унинг асосида янги замон талабига жавоб бера оладиган бунёдкор ғояларни тарғиб қилиш, пайғамбар ва авлиёларни яратиш, тақводорлик ва таркидунёчиликни рад этиш, “карма” каби масалалар ётади.
Кушонлар даврида буддавийликка катта аҳамият берилгани, диний расм– русумларни бажаришга алоҳида эътибор билан қаралгани боис махсус ибодатхоналар бунёд этилиб, буддавийлик халқ турмуш тарзининг муҳим таркибий қисмига айланиб борди, маданият ривожига кучли таъсир кўрсатди. Буни ўша даврда Бақтрия–Тохаристоннинг энг тараққий этган маданият марказларидан бири бўлган Термизнинг маданий–маънавий ҳаётида буддавийликнинг ўрни мисолида кўриш мумкин. Милоддан аввалги I асрда Термизда буддавийлик устувор мавқега эга бўлди. Бунда шаҳар зодагонларининг буддавийликни қабул қилиши ва ибодатхоналар қурилишига ҳомийлик қилишлари муҳим аҳамият касб этган. Қоратепа ва Фаёзтепа ибодатхоналари энг катта саждагоҳлардан ҳисобланган. Уларда Будданинг лойдан ясалган катта ҳайкали ва ступалар бўлган. Ибодатхоналар одатда ер ости ва ер усти қисмларидан иборат бўлган. Бу ерда алоҳида ступалар ҳам мавжуд бўлиб, улар оқ мармардан маҳорат билан ишланган Будда ҳайкалчалари билан безатилган “Зўрмала” ступаси маҳобати билан ажралиб турган. Фаёзтепа “вихара” (санскритча – кулба, бошпана, буддавий роҳибларнинг ёмғир мавсуми вақтида яшайдиган кулба, ҳовли ва боғдан иборат бўлган жойи) услубидаги ибодатхона бўлиб, унинг марказида диний маросимлар ўтказилган. Ибодатхона билан ёнма–ён жойлашган ступадан олтин суви юргизилган, сопол ва мармардан ясалган ҳайкаллар топилган. Кушон подшолигининг дастлабки пойтахти Далварзинтепа ўрнида бўлган. Кушонлар ҳукмдори Канишка даврида Далварзинтепа шаҳар сифатида шаклланиб, савдо– сотиқ марказларидан бирига айланган. Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида жойлашган Далварзинтепа (қалинлиги 10 метргача бўлган қудратли мудофаа девори билан ўраб олинган қалъа шаҳар) мажмуасидан Будда ибодатхонаси ва аслзодалар дафн этилган даҳма, шунингдек, олтин хазина тўлдирилган икки ярим метрли сопол кўза топилган. Булар буддавийликнинг ўша давр халқлари ижтимоий–маънавий ҳаётидаги мавқеи ва бошқа маҳаллий динлар ўртасида эгаллаган ўрнини кўрсатади.
Ҳозирги даврда буддавийлик Жанубий, Жанубий–Шарқий, Шарқий Осиё мамлакатлари Шри Ланка, Ҳиндистон, Бирма, Таиланд, Лаос, Мўғулистон, Камбоджа, Въетнам, Хитой, Сингапур, Бутан, Нeпал, Малайзия, Корeя, Япония, қисман Европа ва Америка қитъаси, Россиянинг Тува, Бурятия, Қалмиқистон каби ҳудудларида кенг тарқалган. 700 миллиондан ортиқ киши буддавийликнинг турли йўналишларига эътиқод қилади. Ҳозирда буддавийлик Япониянинг давлат дини ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |