Саботлилик дадилликка чамбарчас боғлиқ бўлиб, характернинг ижобий хислати ҳисобланади. Характернинг бу хислатига эга бўлган кишилар қабул қилган қарорларини одатда ўзгартирмайдилар, бекор қилмайдилар ва бу қарорларини бажармасдан қўймайдилар. Бу кишилар ваъдаларининг устидан чиқадилар, айтган сўзларини албатта қиладилар, уларнинг гапи билан иши бир бўлади. Уларга ишонса бўладиган субутли инсонлардир.
Қабул қилинган қарорларини кўпинча бекор қиладиган, берган ваъдаларини устидан чиқмайдиган, айтган сўзидан тонадиган кишилар субутсиз ҳисобланади.
Киши иродасининг кучи ва қатъияти характернинг иродага боғлиқ бўлган қайси хислатларида ифодаланган бўлса ўша хислатлар энг ёрқин хислатлардан ҳисобланади. Бу хислатлар ҳар бир кишининг характерида бир қадар намоён бўлади. Аммо ҳамма кишиларни ва ҳар қандай одамни иродаси кучли, характери кучли деб бўлмайди. Балки шу сифатлари билан бошқа кишилардан ажралиб турган одамларгина иродаси кучли, характери қатъий деб аталади. Ирода кучи ва қатъияти одамнинг ўзини тута билишида, жасурлигида, матонатида ва чидамлилигида намоён бўлади.
Ирода кучи қабул қилинган қарорни ўз вақтида бажаришда кўринади. Шунинг учун қарорни бажармаслик ёки унинг бажариш муддатини доимо пайсалга солиш, галдан- галга қолдиравериш, бошлаган ишини охирига етказа билмаслик ироданинг кучсизлиги аломатидир.
Лекин қабул қилинган қарорни бажариш ҳар қандай қилинган иш-ҳаракатнинг, ироданинг кучли эканлигидан дарак беравермайди. Ирода кучи асосан иродавий ҳаракатлар ёрдами билан қандай тўсиқлар енгилганига ва шу йўл билан қандай натижаларга эришилганлигига қараб аниқланади. Иродавий зўр бериш воситасида бартараф қилинадиган қаршилик ва қийинчиликлар даражаси ва характери ирода кучининг объектив кўрсатгичи бўлиб хизмат қилади.
Киши катта тўсқинликларни, қийинчиликларни, қаршиликларни иродавий зўр бериш ва иродавий ҳаракатлар ёрдами билан бартараф қилиб, зўр мувафаққиятларга эришса, бу киши иродаси кучли эканлигини кўрсатади.
Космоновтлар мислсиз ирода кучини бутун жаҳонга намойиш қилишади. Бу қаҳрамонлар космик парвозларга тайёрланиш даврида ҳам, парвоз пайтида ҳам ўз иродаларининг юксак сифатларини намойиш этадилар. Бу қаҳрамонлар кучли ирода ва унинг хилма-хил кўринишлари ўз характерининг асосий хислати бўлган кишиларнинг ёрқин мисолидир.
Киши иродасининг кучсизлиги унинг жуда арзимас тўсқинликларни ҳам бартараф қила олмаслигида кўринади. Масалан, баъзан киши бирон керакли хатни ёзишга ёки бирор зарур ишни бошлашга ўзини мажбур эта олмайди.
Ироданинг кучсизлиги одатда иродасизлик деб аталади. Қарорни бажариш жараёнидаги ихтиёрий иш-ҳаракатлардаги ирода кучи ўзини тута билишда, жасурлик, сабот ва матонат, чидам ва тоқатда намоён бўлади.
Ўзини тута билиш номидан ҳам билиниб турибдики, кишининг ўзини идора қила билиши ва ўзини қўлга ола билиши демакдир. Ўзини тута билиш кишининг олдига қўйган мақсадларига етишувида тўсқинлик қилувчи, иродасини бўшаштирувчи ички ҳолатларни енгишда кўринадиган кучли иродадир. Бундай ҳолатларга масалан, қўрқиш, ўз кучларига ишонмаслик, зерикиш, қайғуриш ҳисси киради. Бундай ҳолатлар кишини фаолият кўрсатмасликка рағбатлантиради ёки қўйилган мақсадларга қарама-қарши бўлган ғайри ихтиёрий ҳаракатларда ўз ифодасини топади. Бундай ҳолатлар ҳар кимда бўлади. Аммо одамнинг шахс сифатидаги хусусияти шундан иборатки, у ўзидан ана шу салбий ва кераксиз ҳолатларни ирода кучи билан ўзгартира олди ёки бартараф қила олади. Бу борада К.Д.Ушинский қуйидаги сўзларни келтириб ўтади: “Қўрқувни ҳис қилмасдан хавф-хатарга ўзини урадиган киши мард эмас, балки энг кучли қўрқувни ҳам боса оладиган ва қўрқув таъсирига берилмаган, хавф-хатарни ўйламайдиган киши марддир”.
Ўзини тута билиш киши характерининг хислати бўлиб, асосан ички ироданинг намоён бўлишидан иборат. Бу хислат кишининг ўз хулқ-атворини назорат қила билишда ўзини, ўз ҳаракатларини, нутқини қўлга ола билишида, шу шароитда кераксиз ёки зарарли деб қараладиган ҳаракатлардан ўзини тия билишида ифодаланади. Характер шу хислатига эга бўлган кишилар ўзларини қўлга ола биладилар. Улар ўзларини тута биладилар, улар уюшқоқ кишилардир.
Ўзини тута билмаслик ироданинг кучсизлигини яққол кўрсатувчи белгидир. Одам ўзини қўлга ола билмаганда ўз майлларини, ихтиёрсиз ҳаракатларини назорат қила олмаганда ғайри ихтиёрий фаоллик кўринишлари рефлекслар, инстинктлар, тасодифан кўнгилдан кечадиган ҳислар, қўрқув, ҳадик-шубҳа, гумон, ҳазаб, рашк, ичиқоралик, аффектив ҳолатлар ва шу кабилар киши иродасини бўғиб қўяди. Бундай ҳолларда одам ўзини тия олмай қолади.
Ўзини тия олмасликнинг энг ёмон кўриниши бўзуқликдир. Бўзуқлик бутунлай инстинктлар ва салбий эмоциялар таъсирида бўлиш демакдир.
Жасурлик кишининг омонлиги ва ҳаёти учун ҳавфли бўлган тўсқинликларни бартараф қилишда кўринадиган ирода кучидир. Масалан, парашютчи ҳар гал ўзини самолётдан ташлаганда жасурлик қилади. Жасурлик ўзини тута билишга чамбарчас боғлиқ. Жасурлик бор жойда ўзини тута билишлик мавжуд. Киши ўзини тута билса жасурлик қила олади. Бирон мақсадга етишиш йўлида мутассил жасурлик кўрсатиш, довюраклик жасорат дейилади.
Ўзининг ҳаёти учун хатарли тўсқинликларни енгишга доимо тайёр турган ва шундай тўсқинликларни енга оладиган кишиларни жасур кишилар деб атаймиз. Булар хавф-хатардан чўчимайдиган, характери кучли, довюрак, ботир кишилардир.
Жасурликнинг йўқлиги ироданинг кучсизлигини кўрсатади. Буни қўрқоқлик, номардлик деб атаймиз. Иродаси кучсиз бўлган бундай кишилар одатда қўрқоқ, юраксиз кишилар деб аталади. Сабот, матонат маълум мақсадга етишда кўпинча ўзоқ вақт давомида иродамизга таъсир этиб турувчи катта тўсқинлик ва қийинчиликларни бартараф қилишга тўғри келади. Ироданинг бундай кўриниши шахснинг энг муҳим сифати бўлиб, ирода кучининг яққоллигини кўрсатади.
Сабот, матонат – қандайдир бир аниқ мақсадни кўзлаб, мунтазам равишда иродавий зўр бериш демакдир.
Аммо кишиларнинг ҳаёти ва фаолиятида баъзан шундай ҳоллар ҳам бўладики, киши ўз олдига қўйган қандайдир зарур мақсадларни бажаришда етиб бўлмайдиган ёки кишига шундай бўлиб туюладиган тўсқинликларга учраб қолади. Бундай ҳолларда киши баъзан қабул қилган қарорни ўзгартиради, бекор қилади, у қийинчиликлардан қўрқиши ва ўз олдига қўйган мақсадидан воз кечиши мумкин. Баъзан шундай бўладики, талаба тўсатдан ўқишни ташлайди. Илгари танлаган эҳтиёжидан воз кечади, бошлаган ишини охирига етказмай, ўлда – жўлда қолдириб кетади.
Кутилган мақсадга етишда катта қийинчиликлар ва енгиб бўлмайдиган тўсиқлар бўлса, киши шу мақсадга етиши учун зарур йўл, восита ва усулларни ўзгартириб, янги усулларни қидириб топиши мумкин. Катта тўсқинликларни бартараф қилиб, ўзоқ қунт қилиб, мақсадга етишда кўринадиган бундай ирода кучи сабот - матонат деб аталади. Шундай ирода сифатига эга бўлган киши эса сабот-матонатли, кучли иродали, қатъий характерли киши деб аталади.
Ҳар қандай фаолиятнинг, жумладан ўқиб, ўрганишнинг муваффақияти сабот-матонатга боғлиқ. Билимли бўлмоқ учун сабот-матонат керак. Ҳар бир соҳада-техника, санъат, мўзика, спорт ва шу каби соҳаларда билим ва малака ортирмоқ учун сабот-матонат керак.
Сабот-матонат характернинг энг қимматли хислатидир. Бу хислат кишининг мақсадга етиш йўлида қандай қийинчилик ва тўсқинликлар бўлишидан қатъий назар шу мақсадга эришишида ўз ифодасини топади.
Характер хислати бўлган сабот-матонат баъзи кишилар фаолиятининг ҳамма соҳаларида намоён бўлади бошқа кишиларда эса бу хислат уларнинг манфаатлари билан боғланган, ва айрим фаолият соҳаларида кўринади.
Сабот-матонатли кишилар бошлаган ишларини ҳамиша охирига етказа биладилар. Улар ўзларига нисбатан ҳам бошқа кишиларга нисбатан ҳам талабчан бўладилар.
Сабот-матонатли кишилар муваффақиятсизликка учраганда руҳини туширмайди, балки аксинча, мақсадга эришиш учун ишга янада қатъийроқ киришади, шу мақсадга эришишнинг янги йўл ва воситаларини излаб топади.
Сабот-матонатли кишилар ўзига ва бошқа кишиларга нисбатан талабчанлиги билан ажралиб турадилар. Улар белгиланган йўлдан юришлари-га тўсқинлик қила оладиган ҳамма нарсага қарши тура оладиган, бу тўсқинликларни енга оладиган матонатли кишилардир.
Сабот-матонат ироданинг чидам ва тоқат деган сифати билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Мақсадга етишда бартараф қилинадиган тўсқинлик ва қийинчиликлар кишидан куч ва вақт сарф қилишни талаб этибгина қолмай, балки кўпинча жисмоний ва руҳий азоб беради ҳам.
Кишининг ўз фаолиятида баъзан совуқ ва иссиқдан, ёмғир ва қордан, қаттиқ толиқиш, оч қолишдан, ҳамма турли касалликлардан азоб чекадиган киши ўз олдига қўйган мақсадига содиқ бўлиб шу мақсадга етишга интилаверса, бундай интилишларда кўринадиган ирода чидам ва тоқат деб аталади. Одамнинг организмидаги емирилиш жараёнларини енгишда ифодаланадиган ажойиб ирода ўзини тута билиш ва матонатни кўрсатадиган мисоллар талайгина бўлиб, у қуйидаги мисоллардан бирида келтириб ўтилади.
Собиқ совет учувчиси Алиевнинг бир ўзи ҳаво жангида душманнинг еттита самолётига қарши мардонавор курашди ва ҳаммасини уриб туширди. Кучлар тенг бўлмаган бу жангда Алиевнинг самолётини душман ўқлари тешиб юборган эди. Алиев ўзи бир неча бор яраланди. Аммо у ўзини йўқотиб қўймай, самолёти билан ўз аэродромига бориб қўнди. Аэродромига етиб боргунча душман эгаллаб олган ерлардан учиб ўтиши керак эди. Душманнинг зенит тўплари Алиевнинг самолётини қаттиқ ўққа тутди ва самолётининг бир неча жойини снаряд парчалари тешиб юборди. Учувчи яна бир неча марта яраланди. Лекин Алиев бу сафар ҳам саросимага тушмай самолётини бошқариб бораверди ва уни ўз аэродромига эсон-омон қўндирди. Самолёт кабинаси очилганда учувчи ўлган эди. У икки қўлидан, оёғидан, курагидан, елкасидан, орқасидан, жағидан ва бошидан яраланган эди. Врачнинг аниқлашишича, оғир ярадор бўлган Алиевнинг бу ҳолда уча олиши сира мумкин эмас эди. Аммо Алиев самолётини бошқариб, аэродромга тўғри қўна олган. Учувчининг иродаси ва ўзини тута билиши туфайли ўқнинг емирувчи кучларидан ғолиб келиб, умрининг сўнгги дақиқаларини чўзишга эриша олди.
Сабот-матонатли чидамли ва тоқатли кишилар мақсадга етишишда ва қийинчиликларга қарши кураш жисмоний ва руҳий азобларга ҳамда бошқа машаққатларга чидай оладилар. Улар ҳар қандай вазиятда ўзларини тута оладилар, жасурлик, мардлик, ботирлик, қатъият кўрсата оладилар .
Бундай характерли кишиларга оптималлик кайфияти, ҳаётга қувноқлик билан қараш, порлоқ келажакка доим ишонч билан боқиш, бошқа кишиларга ўз кучлари ва меҳнат имкониятларига етишиш каби хислатлар хосдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |