3.Мамлакатда жамоатчилик назорати ҳуқуқий асослари қандай ривожланди?
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки давридан бошлаб ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришни асосий стратегик пировард мақсад сифатида эълон қилиниши, бозор иқтисодиётига ўтиш ислоҳотларини бошланиши натижасида жамоатчилик назоратини шакллантиришга зарурат пайдо бўлди. Чунки, жамоатчилик назорати фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири ҳисобланади.
Мустақиллик даврида фуқаролик жамияти институтларининг турли соҳалар бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир у ёки бу қоидалар 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва миллий қонунчиликда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг устувор қоидалари мустаҳкамланган. Хусусан, Конституциянинг 2-, 35- ва 60-моддаларида фуқаролик жамияти институтлари ва фуқарларнинг жамоатчилик назорати амалга оширишининг баъзи қоидалари мустаҳкамланди. 2014 йилнинг 16 апрелида Конституциянинг 32-моддасига фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишнинг йўли сифатида “давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади”5 принципи киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларда фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотлар томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этишга доир моддалар киритилди.
4. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни (5 май 2014 й.) жамоатчилик назоратини амалга оширишда қандай аҳамият касб этади?
Мамлакатда давлат ҳокимияти органлари ва мансабдорлар устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни муҳим аҳамият касб этди. Мазкур қонун давлат ҳокимияти органлари фаолиятини шаффоф кечиши устидан журналистлар, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш истагидаги тадбиркорлар, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишда муҳим илгари силжиш бўлди. Қонуннинг 4-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари сифатида қуйидагилар эълон қилинди:
улар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги;
улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш6.
Шу билан бирга, қонуннинг 7-моддасида ахборотдан фойдаланувчи ва унинг ҳуқуқларига доир қуйидаги қоидалар ўрнатилди:
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчидир.
Ахборотдан фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотни олиш ва тарқатиш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ушбу Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган ахборотни олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишни рад этиш;
ахборотдан фойдаланувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин7.
Албатта, мазкур қонун мамлакатда жамоатчилик назоратини шаклланиши ва фуқаролар ҳуқуқий маданиятини ривожланишида муҳим рол ўйнади. Мамлакатда ОАВ, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаоллари мазкур қонунга таянган ҳолда нафақат ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилди, балки фуқаролик жамиятига хос бўлган демократик қадрияитлардан хабардор бўлди, уларнинг фуқаровийлик позициялари шакллана бошлади.
Ўзбекистон Республикасининг 22 апрель 2013 йилда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирининг 16-моддасида маҳалла, шаҳарча ва овул фуқаролар йиғинларига жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир қуйидаги ваколатлар ва ҳуқуқлар берилди. Мазкур модда шундай ифодаланди:
“Жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш;
тегишли чоралар кўрилиши учун давлат органларига мурожаат этиш;
давлат органлари ваколатига кирувчи ва ижтимоий аҳамиятга молик масалалар бўйича сўровлар юбориш.
Жамоатчилик назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Жамоатчилик назорати оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.
Давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоатчилик назоратини амалга оширишда кўмаклашиши ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг мурожаатлари юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши шарт”8.
Шунингдек, қонуннинг янги таҳририга биноан давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бири эканлигини эътиборга олиниб, фуқаролар йиғинлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ижроия ҳокимияти раҳбарларининг турли соҳаларга оид масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш, фуқаролар йиғинларининг мурожаатлари кўриб чиқилиши устидан назоратни амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш масалалари юзасидан ўз ваколати доирасида тегишли ҳудудда жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ҳамда уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш каби ваколатларга эга бўлиши ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш фаолиятини кучайтиришга қаратилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |