11.2. Иқтисодий хавфсизликнинг намоён бўлиш шакллари ва кўрсаткичлари
Шахснинг иқтисодий хавфсизлиги унинг ҳаётий манфаатларининг, яъни яшаш ва шахсий даҳлсизлик, эркин меҳнат қилиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, мулкдор бўлиш, ҳаётий истеъмол эҳтиёжларини қондириш, саломатлигини сақлаш, билим олиш ва касбга эга бўлиш, қариганда ва меҳнат лаёқатини йўқотганда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқларининг ҳимояланганлигини ифодалайди.
Корхона (фирма)нинг иқтисодий хавфсизлигини таҳлил қилганда уларни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, молиявий, савдо-тижорат ҳамда нотижорат ва жамоатчилик ташкилотлари мавқеларида фаолият юритишлари нуқтаи назаридан туркумлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси, даромадлар бўйича табақаланиши билан боғлиқ ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ҳам катта аҳамият касб этади. Шунга кўра, бизнинг фикримизча, иқтисодий хавфсизликни ишлаб чиқариш-хўжалик, хўжалик-истеъмол, молиявий, транспорт коммуникациялари ва ижтимоий соҳалар бўйича туркумлаш мақсадга мувофиқдир.
Иқтисодий хавфсизликнинг намоён бўлиш шаклларини унинг субъектлари ва объектлари нуқтаи назаридан туркумлаш мумкин. Иқтисодиёт субъектлари нуқтаи назаридан иқтисодий хавфсизлик қуйидаги шаклларда намоён бўлади:
- шахснинг иқтисодий хавфсизлиги;
- корхона (фирма)нинг иқтисодий хавфсизлиги;
- давлатнинг иқтисодий хавфсизлиги (11.2.1-чизма).
11.2.1-расм. Иқтисодиёт субъектларининг хавфсизлиги
Иқтисодий адабиётларда хавфсизлик хўжалик фаолияти соҳаларида юзага келиши нуқтаи назаридан асосан уч йўналиш, яъни ишлаб чиқариш-хўжалик, хўжалик-истеъмол ва молиявий соҳалар бўйича туркумланади1(11.2.2-расм).
Бизнинг назаримизда, ушбу уч йўналиш барча мамлакатлар учун умумий бўлгани билан, айримлари учун қўшимча йўналишлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Ўзбекистон учун халқаро бозорларга чиқиш жараёнида янги транспорт йўллари, коммуникациялари ҳам муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон учун технологик хавфсизликни таъминлаш ғоят муҳимдир. Чунки республикамизга собиқ тоталитар тузумидан мўрт, заиф, бир ёқлама ривожланган, асосан, хом ашё ва оралиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган иқтисодиёт мерос бўлиб қолган эди. Пахтанинг 95 фоизи қайта ишланмасдан республикадан ташқарига олиб кетилар эди. Собиқ шўролар даврининг 50 йили мобайнида енгил саноатнинг умумий тармоқ ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 54 фоиздан 37 фоизга, озиқ-овқат саноати улуши эса 30 фоиздан 14 фоизгача тушиб қолди.
Бу эса мустақилликни мустаҳкамлашда технологик хавфсизликни таъминлашнинг ўта зарурлигидан далолат беради. Бунинг учун республикамизда иқтисодиётни модернизация қилиш ва чуқур таркибий жиҳатдан ўзгартиришлар амалга оширилмоқда. Буларнинг натижаси ўлароқ саноатда юксак технологияга асосланган ва истиқболли тармоқларнинг чунончи, машинасозлик, ёқилғи-энергетика, кимё ва енгил саноат кабиларнинг ҳиссаси ортиб борди. Шунингдек, республика учун тамомила янги бўлган автомобилсозлик саноати вужудга келтирилди. Хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан самолётсозлик, радиоэлектроника ва электроника соҳаларини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бу эса ишлаб чиқаришни жадал модернизация қилиш, замонавий қувватларни ишга тушириш, истеъмол бозорини сифатли ва рақобатга бардошли маҳсулотлар билан тўлдириш асосида нафақат технологик, шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини ҳам таъминлаш имкониятини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |