11.4. Ўзбекистонда иқтисодий хавфсизликни таъминлашнинг устувор йўналишлари Бозор муносабатларига ўтишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар шароитида давлат хўжалик субъектлари фаолиятининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаши ва фуқароларга зиён келтиришига йўл қўймаслиги керак. Ушбу мақсадларда давлат, энг аввало, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини кўпайтириш, иқтисодиётни монополиядан чиқариш ва рақобатбардошлигини ривожлантириш, фонд бозори, ер ва кўчмас мулк бозорларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши керак. Бундан ташқари, ҳокимиятнинг барча бўғинларида қонун лойиҳаларининг сифати ва асосланганлик даражасини ошириш ҳамда қонунга барчани, ҳатто давлат ҳокимияти органларининг ҳам қатъий риоя этишлари бўйича тадбирлар амалга оширилиши зарур бўлади.
Иқтисодий хавфсизликни таъминлаш учун давлат қуйидагиларни кўзда тутиши лозим:
ижтимоий институтлар стратегиясини бир-бирига яқинлаштириш, уларнинг фаолиятини координациялаштиришга имкон берадиган институционал ўзгаришларни амалга ошириш;
хўжалик жараёнларининг барча иштирокчилари учун лоббизмни қонуний чеклаш, қонунчиликни максимал унификациялаш (яъни имтиёзлари ва турли преференцларни қисқартириш ва йўқотиш) учун иқтисодий ва ижтимоий хатти-ҳаракатларнинг умумий тамойилларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
иқтисодиёт субъектлари ва давлат бошқарув органлари томонидан қонунларга, фаолият тартиб – қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш;
иқтисодий муносабатлар соҳасида вужудга келадиган мунозара ва зиддиятларни ҳал қилиш механизмини яратиш;
кадрларни корхоналар хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш ва инвестиция лойиҳаларини баҳолашнинг замонавий усулларига ўқитишни ташкил қилиш;
жамиятда иқтисодий барқарорликни ошириш ва ижтимоий кескинликнинг ўсишига йўл қўймаслик;
мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар билан иқтисодий, сиёсий муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш.
Шунга мувофиқ равишда собиқ тоталитар тизимдан бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатлар яқин истиқболда қуйидаги вазифаларни амалга оширишлари лозим бўлади:
1) самарали ва рақобатбардош ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва истиқболи йўқ, эскирган ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйиш;
2) таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш учун зарур бўлган иқтисодиёт инфратузилмаларини ривожлантириш;
3) иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш;
4) мавжуд илмий техника салоҳиятининг энг қимматли элементларини сақлаш;
5) иқтисодиёт таркибининг деформациялашувига барҳам беришда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш таркибини тўловга қодир талаб билан уйғунлаштириш;
6) корхоналарнинг бозор шароитларига мослашувини тезлаштириш;
7) экспорт салоҳиятини диверсификациялаш;
8) экологик хавфсизликни оширишни таъминлаш.
Ушбу вазифаларни бажариш миллий иқтисодиётнинг кўпчилик тармоқларининг рақобатга бардошли эмаслигини бартараф этишга имкон яратади. Бундан келиб чиққан ҳолда, таркибий сиёсат микро ва макро иқтисодиёт даражаларида уч асосий йўналишда амалга оширилиши керак, деган хулоса чиқариш мумкин. Бунинг учун давлат ҳокимият органлари мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш учун маълум тармоқ ва соҳаларни селектив қўллаб-қувватлаши даркор бўлади.
Макроиқтисодиёт даражасида таркибий сиёсатни амалга ошириш жараёнида қуйидаги вазифалар ҳал қилиниши зарур:
жами талабни ошириш;
жамғариш нормасини ўстириш ва уни инвестицияга айланишини таъминлаш;
умум қабул қилинган тартиб-қоидалар доирасида миллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида импортни тартибга солиш.
Микроиқтисодиёт даражасида таркибий сиёсатни амалга ошириш жараёнида қуйидаги вазифаларни бажариш зарур бўлади:
иқтисодий нуқтаи назардан самарали корхона ва ишлаб чиқаришларнинг ривожланишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
самарасиз ишлаб чиқаришлар ва корхоналарни тугатиш ёки реорганизация, яъни қайта ташкил этиш;
янги монополистик тузилмаларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик;
тармоқлараро капитал оқувчанлигини таъминлаш мақсадида фонд бозорининг ривожланишини тартибга солиш ва рағбатлантириш;
нарх ўсишини тўхтатиш чора-тадбирларини кўриш;
иқтисодий субъектлар хатти-ҳаракатининг бозорга хос нормаларини жорий қилишни рағбатлантириш.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралда имзолаган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг амалга оширилиши иқтисодий хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа-саноат комплексини шакллантириш ва ривожлантириш давлат дастурини қабул қилиш, аввало, Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Мудофаа доктринасининг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаган3.
Мамлакатда иқтисодий хавфсизликни таъминлаш узоқ муддатли стратегик вазифа ҳисобланади. Бу вазифани амалга ошириш учун иқтисодий хавфсизликни таъминлаш давлат стратегияси, яъни доктринасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур бўлади. Ушбу давлат стратегияси олий миллий давлат манфаатларига жавоб бера олиши керак.
Иқтисодий хавфсизлик давлат стратегиясида эришиладиган пировард мақсад ва уни амалга ошириш босқичлари ўз ифодасини топиши лозим. Шу даврда иқтисодий хавфсизликни таъминлашнинг кафолати бўлган давлатнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
хавфсизликни таъминлаш бўйича хўжалик ва сиёсий характердаги қарорларни қабул қилиш;
ижтимоий жараёнларни бошқариш механизмига таҳдидларнинг пайдо бўлганлиги тўғрисида сигнал берувчи индикаторларни киритиш;
иқтисодий таҳдидларни юмшатиш, бартараф этиш, нейтраллашга қаратилган самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишни амалга ошириш.
Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш концепцияси доимо узоқ муддатли миллий давлат манфаатларига асосланади. Бошқача айтганда мазкур концепция мамлакатнинг келажаги тўғрисидаги тасаввурга, ислоҳ делга, шунингдек, барқарор, мустаҳкам ривожланиш стратегиясига боғлиқ бўлади.