10-МАВЗУ. ҲУҚУҚ ШАКЛЛАРИ (МАНБАЛАРИ)
Ўқув машғулотининг натижасида талабада ҳуқуқ шакллари (манбалари) тушунчаси ва турлари, ҳуқуқий прецедент: тушунчаси, турлари, ҳуқуқнинг манбаси сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжат, унинг турлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг вақт, ҳудуд ва шахсларга нисбатан амал қилиши, ислом ҳуқуқининг асосий манбалари, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалалари ва Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқнинг асосий манбалари тўғрисида тушунчалар шаклланади.
Ҳуқуқ манбаси деганда нима тушунилади ва унинг турлари нималардан иборат?
Ҳуқуқнинг манбаси деганда, умумий маънода ҳуқуқни ифода этилиш шакли тушунилади. Ҳуқуқий ҳодиса сифатида ҳуқуқнинг манбасини уч хил маънода тушуниш мумкин: моддий маънода – бу жамиятдаги мулкчилик шакллари, моддий шарт-шароитлар, жамият аъзоларининг қизиқишлари ва манфаатлари; мафкуравий маънода – бу турли ҳуқуқий мафкура ва таълимотлар, ҳуқуқий онг; махсус юридик маънода – бу ҳуқуқнинг шакллари.
А) Ҳуқуқий одат – ҳуқуқнинг энг қадимги манбаларидан бири ҳисбланади.
Б) Ҳуқуқий прецедент – суд ёки маъмурий органнинг ёзма ёки оғзаки қарори бўлиб, бу қарор келгусида барча шунга ўхшаш ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун асос бўладиган намуна нормадир.
В) Норматив-ҳуқуқий ҳужжат – ваколатли давлат органининг белгиланган тартибда қабул қилган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган, умуммажбурий тусдаги қоидаларни ўрнатувчи, ўзгартирувчи ёки бекор қилувчи юридик ҳужжати ҳисобланади.
Г) Норматив шартномалар ҳам ҳуқуқнинг муҳим манбаси ҳисобланади. Норматив шартномалар икки ёки ундан ортиқ мустақил ҳуқуқ ижодкорлари ўртасида тузиладиган, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрнатадиган, ўзгартирадиган ёки бекор қиладиган битимлардир. Норматив шартноманинг муҳим тури бу – ҳалқаро шартнома ҳисобланади.
Ҳуқуқий одат узоқ давр мобайнида амалда бўлиши натижасида шаклланган ва давлат томонидан умуммажбурий қоида сифатида тан олинган ҳулқ атвор қоидасидир. Ҳар қандай одат ҳам ҳуқуқий одатга айлана олмайди, балки узоқ давр мобайнида амалда бўлиш натижасида одат тусига кириб, кишилар онгида кўникма бўлиб қолган ҳамда жамиятда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ва давлат томонидан маъқулланган одатгина ҳуқуқий одат бўлиши мумкин.
Савол: Ҳуқуқнинг шакли ва манбаси ўртасидаги ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларни муҳокама қилинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |