Aim.uz
«Иқтисодий таълимотлар тарихи» фаннинг ўрганиш услубиёти (методологияси)
«Иқтисодий таълимотлар тарихи» курси иқтисодий фанлар тизимида муҳим ўринни эгаллайди.
Инсоният ўзининг кўп минг йиллик тарихи давомида катта иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлини босиб ўтган. Ҳар бир даврда у ёки бу мамлакатда айрим шахслар (олим ёки ҳоқимлар) томонидан шундай иқтисодий аҳамиятга молик фикр, ғоя, назария, концепциялар илгари сурилган ва амалга оширилганки, бир ҳолда шулар туфайли давлат ва халқлар равнақ топган, баъзида тушкунликка учраган. Ана шу иқтисодий ғояларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, улар орасидан умумбашарий аҳамиятлиларини ажратиб олиб, ҳозирги даврга, яъни ҳаётга тадбиқ этиш ниҳоятда ҳам амалий, ҳам назарий фойдалидир, чунки уларда кўп йиллик тажриба мужассамлашган бўлади.
«Иқтисодий таълимотлар тарихи» фанининг предмети бўлиб, маълум даврлардаги у ёки бу ижтимоий қатламлар, инсонлар манфаатини ифода этувчи иқтисодий ғоялар ва ижтимоий концепцияларнинг вужудга келиши, ривожланиши ва алмашинувининг тарихий жараёни ҳисобланади.
Бу ғоялар айрим иқтисодчи олимлар, назарий мактаблар, оқимлар ва йўналишларга тегишлидир. Иқтисодий таълимотлар тарихи мустақил фан сифатида энг қадимги даврдан бошлаб то ҳозирги замонгача вужудга келган асосий иқтисодий фикр, ғоя, қараш, назария ва таълимотларни ўз ичига олади.
Методик жиҳатдан бу фан иқтисодий таҳлилнинг илғор методлари йиғиндисидан иборат бўлиб, тарихий, индукция, мантиқий абстракция ва бошқа усуллардан кенг фойдаланади.
«Иқтисодий таълимотлар тарихи» фани «Иқтисодий назария» фани билан чамбарчас боғлиқ, лекин ундан катта фарқ қилади. «Иқтисодий назария» фанида энг муҳим иқтисодий категорияларнинг сўнгги давр учун таҳлили берилади, аммо бу назариялар ҳар доим ҳам турғун бўлмайди ва вақт давомида, айниқса кескин ўзгаришлар даврида эволюцияда бўлади. «Иқтисодий таълимотлар тарихи» фанида айрим олимлар, давлат арбоблари томонидан илгари сурилган ғоя, қараш, назария, қонун, таълимот, концепциялар инсоният тараққиётининг турли босқичларидаги ижтимоий қатламлар, синфлар ва бошқа гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан тарихий ривожланиши тадқиқ этилади.
Иқтисодий тафаккур тарихи фанининг амалий хўжалик объекти билан чамбарчас боғлиқлигини намоён этади. «Эскирган назарияларни улар фақат инкор этилганлиги сабабли принципда илмий эмас дейиш мумкин эмас» деб ёзади таниқли иқтисодчи Т.Кун. Чунки кейинги, нисбатан янги қарашлар аввалгилар асосида, уларни қабул қилиш, ривожлантириш ёки инкор этиш натижасида пайдо бўлган. Баъзи мутахассислар фақат янги назарияларнигина ўрганишни таклиф этишади, аммо бу сўнгги назария аввалги кўп йиллик илмий, амалий тадқиқотларнинг якуний хулосаси сифатида намоён бўлади ёки бугун биз «янги» деган фикр маълум вақтдан кейин ўзгариши мумкин.
Бу фан бошқа иқтисодий ва тарихий, айниқса иқтисодиёт назарияси фани билан бевосита боғлиқ. Иқтисодий таълимотлар тарихи анча кенг даврни қамраб олган ва мустақил ҳарактерга эга. Бу фанни ўрганиш орқали экономикс, халқ хўжалиги тарихи, иқтисодий тарих ва иқтисодий концепциялар ҳамда аниқ иқтисодий предметларни ўзлаштириш осонлашади, у ёки бу иқтисодий ўзгаришнинг шарт-шароитлари ва оқибатларини тахлил этишга катта кўмак беради.
Масалан, бизга бугун янгидек туюлган бозор иқтисодиёти тўғрисидаги фикрлар Адам Смит томонидан 1776 йили чоп этилган «Халқлар бойлиги» асарида асосан тўла таҳлил этиб берилган. Баъзи иқтисодий ғоялар эса қадимдан маълум. Уларни ўрганиш ва энг муҳими ҳаётга тадбиқ этиш яхши самара беради, кўп ҳолларда Американи янгидан кашф этишга хожат қолмайди.
Ҳозирги пайтда дунёдаги илғор ғояларни ўрганиш давомида хур фикрлиликка (плюрализмга) кенг ўрин бериш, ҳар қандай фикрни атрофлича тахлил этиш кераклиги аниқ бўлиб қолди.
Бу фанни чуқурроқ ўрганиш туфайли бир қанча ечимини кўтаётган назарий масалаларга ойдинлик киритиш имкони туғилади. Масалан, бозор муносабатларининг ибтидоси ханўзгача аниқ ечимга эга эмас. Айрим олимлар бу жараённи хусусий мулк, синфий жамият юзага келиши билан боғласалар, айримлари (Р.Хейлбронер, Л.Туроу) уни капитализм билан, аниқроғи, «ишлаб чиқариш омиллари» пайдо бўлиши билан изоҳлайдилар (меҳнат, ер ва капитал товарга айлангач, бозор тизими юзага келган экан). Кейинги фикр буйича бозорнинг ибтидоси XVIII асрда Англияда бошланди.
Ўз даврида илғор Шарқнинг ортда қолиш, Fарбнинг илгарилаб кетиш сабаблари, келажак тўғрисидаги прогнозлар ҳам муаммо бўлиб турибди.
Фанни ўрганиш манбалари
«Иқтисодий таълимотлар тарихи» фанини ўрганиш манбалари турли туман бўлиб, қадимги археологик топилмалар, моддий неъматлар, қоя ва бино деворларидаги расмлар, чизмалар ва халқ оғзаки ижоди намуналари муҳим аҳамиятга эга. Аммо бу фаннинг энг муҳим манбалари бўлиб, қўлёзмалар, давлат арбоблари, олим, донишманд, мутафаккирларнинг ёзиб қолдирган китоблари халқ қилувчи ўринни эгаллайди. Жаҳон иқтисодий тафаккурида қадимги қўлёзмалар ўта аҳамиятлидир. Масалан, Ўзбекистон фанлар академияси шарқшунослик институтида араб, форс, қадимги турк тилларида ёзилган йигирма беш мингдан ортиқ қўлёзма мавжуд. Лекин бу қўлёзмаларни ўрганишда маълум объектив ва субъектив камчиликлар мавжуд. Худди сутнинг қаймоғини олиш осон бўлганидек, бу қўлёзмалардаги энциклопедик ғоялардан муҳимларигина ўрганилган, иқтисодиёт тафаккури билан боғлиқ бўлган материаллар ҳали ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди. 1997 йили ва 2002 йили нашр этилган китобларимизда ва 2004 йили чиққан монографияда Ўрта Осиё мутафаккирларининг иқтисодий ғоялари маълум даражада ўз аксини топган. Асосий иқтисодий ғоялар, айниқса ҳозирги замон иқтисодий таълимотлари маълум шахслар томонидан ёзилган асарлари орқали бизгача етиб келган, уларни ўрганиш, тахлил қилиш, хулоса чиқариш орқали иқтисодий таълимотлар мажмуаси юзага келган.
Етакчи ғарб олимлари кўп ҳолларда бир нечта буюк шахснинг ғояларига алоҳида урғу беришади: бу Смит, Маркс, А.Маршалл ва Кейнсдир.
Бу олимларнинг иқтисодий ғояларида мавжуд таълимотларнинг кўпчилиги ўз инъикосини топган ва улар жаҳон иқтисодий ғоялари ривожига алоҳида ҳисса қўшган шахслардир.
Иқтисодий таълимотлар тарихи фани бўйича яратилган адабиётларга тухталадиган бўлсак, бу масала ўзбек ўқувчилари учун энг нозиқ масала дейиш мумкин.
1997 йили «Фан» нашриёти томонидан эълон қилинган ўқув қўлланмадан (2000 нусха) сўнг, 2001 йилда Тошкент молия институти томонидан ҳам қўлланма (300 нусха) босилиб чиққан.
2001 й. К.Йулдошев ва К. Муфтойдиновлар томонидан «Иқтисодий таълимотлар тарихидан» номли қўлланмада Шарқ иқтисодий ғоялари таҳлил этилади. Ю.Б.Юсуповнинг рус тилида (1999) чоп этилган маърузалар матни ҳам диққатга сазовардир.
2002 й. Дастлабки дарслик ҳам яратилди.
Илмий даврлаш
Do'stlaringiz bilan baham: |