Суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари Суғурта шартномасини тузиш – бу суғурта қилдирувчи ҳар куни ҳам бажармайдиган жараён. Шунинг учун суғурталовчи компанияни тўғри таннлаш жуда муҳим.
Сиз билан шартнома тузаётган суғурта компанияси белгиланган шаклдаги давлат лицензиясига эга эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Суғурта компаниялари рейтингини ўрганинг. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида суғурта компанияларини баҳолаш ва уларнинг рейтингини аниқлашга ихтисослашган иккита компания мавжуд бўлиб, улар “SAIPRO” ва “Aхбор Рейтинг” банклараро рейтинг компанияларидир. Шунингдек, рейтинглар Ўзбекистондаги янгиликлар сайтларида ҳам эълон қилинади. Рейтингни ўрганиб, малакали мутахассисларнинг фикрига асосланиб, суғурталовчини танлаш масаласини ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. Устав капитали ва захира фондининг ҳажми, компаниянинг ўз маблағлари, шунингдек қайта суғурталашнинг мавжудлиги муҳим мезонлар деб ҳисобланади.
Компания вакилидан суғурта полисини қоидаларини ўрганиб чиқишни талаб қилинг. Сиз тузган суғурта шартномаси ушбу қоидаларга мувофиқ бўлиши керак. Сиз учун тушунарсиз бўлиб туюладиган қоидаларнинг барча бандларини суғурта компаниясининг вакили билан текшириб чиқинг.
Тузилган суғурта шартномаси суғурта полиси томонидан тасдиқланиши керак. Ушбу ҳужжат сизга суғурта мукофоти тўланганидан кейин берилади. Суғурта полисининг тескари томонида шартномада расмийлаштирилган суғурта ҳуқуқий муносабатларига нисбатан сизнинг ҳуқуқларингиз ва мажбуриятларингиз кўрсатилган. Aгар суғурта компанияси сизга суғурта фаолияти учун давлат лицензиясини кўрсатишдан бош тортса ёки суғурта полисини расмийлаштирмаса, у ҳолда сиз битимни бажаришдан бош тортишингиз керак.
Суғурта бозори учун одатдагидан кескин фарқ қиладиган ҳаддан ташқари жозибали таклифларга учманг. Суғурталашнинг асосий мақсади мижозларга хизмат кўрсатишдир ва суғуртанинг арзонлиги компаниянинг тўловлар билан боғлиқ муаммоларини яшириши мумкин. Суғурта хизматларини рақобатчилардан анча арзонроқ тақдим этадиган компанияларга эътибор беринг. Aрзон нархларнинг сабабини ва энг муҳими, улар сизга қандай тўлов кафолатларини тақдим этиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилинг.
Компаниянинг бозордаги обрўси тўғрисида маълумот олиш учун суғурта қилганларга мурожат этинг. Бозор лидерлари таниқли бўлиб, уларнинг мижозлари кўп ва уларни танишларингиз орасида ҳам учратишингиз мумкин. Таниқли, йирик, барқарор, тажрибали компанияни танланг.
Суғурта полисини ва суғурта шартномаси билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни ишончли жойда сақланг. Aгар суғурта ҳодисаси юз берса, уларни кўрсатинг. Шартномада белгиланган муддатларда суғурта шартномасида кўрсатилган барча муҳим ҳолатларнинг ўзгариши тўғрисида суғурталовчига хабар беринг. Бу келажакда тушунмовчиликларга дуч келмаслик учун муҳим.