10-МАВЗУ: ИҚтисодий индекслар
10.1 Индекс сўзининг луғавий маъноси ва қўлланиши
Лотинча индекс (index) сўзи айнан таржима қилинганда аломат, белги деган маънони билдиради. Бу сўзни кўпинча “кўрсаткич” мазмунида ҳам шарҳлайдилар.
Статистикада индекс деганда махсус иқтисодий кўрсаткич тушунилади ва у иқтисодий ҳодисаларнинг икки ёки ундан ортиқ ҳолатларда ривожланиш даражасини таърифлайди
Статистикада индекслар деганда махсус иқтисодий кўрсаткичлар тушунилади. Улар иқтисодий ҳодиса ва жараёнларни ўрганишда муҳим қурол ҳисобланади. Статистик индекслар иқтисодий ҳодисаларнинг ривожланиш даражасини кўрсатади, яъни улар ўрганилаётган
ҳодисаларнинг умумий ҳажмини ифодаламайди, балки уларни қиёсий жиҳатдан характерлайди, ўзгаришини аниқлайди.
Индекслар одатда нисбий миқдор шаклида ифодаланади. Шунга асосланиб, индексларни нисбий миқдорлар деб таърифлаш дарсликлар ва илмий асарларда кенг тарқалган. Аммо бундай таъриф индекслар моҳиятини ҳаддан ташқари соддалаштириш, уларнинг социал-иқтисодий ҳодисаларни билиш қуроли сифатида роли ва ўрнини тор доирада чегаралашдан бошқа нарса эмас.
Индексларнинг нисбий миқдорларда ифодаланиши, уларнинг моҳиятини намоён бўлиш шаклларидан биридир, холос. Индекслар нафақат нисбий кўрсаткич, балки шу билан бирга ўртача кўрсаткичдир, чунки улар ўртача ўзгаришларни таърифлайди. Бундан ташқари, мутлақ ўзгаришни ҳам таърифлаши мумкин, чунки ўртача нисбий ўзгаришда мутлақ ўзгариш ҳам ўз ифодасини топади.
Индекс бу мураккаб иқтисодий кўрсаткич бўлиб, ўртача, нисбий ва мутлақ ўзгаришларни бир йўла ифодалайди.
Демак, индекслар мураккаб иқтисодий кўрсаткичдир, табиатан у нисбий, ўртача ва мутлақ миқдорларни ўзида бирлаштиради.
Индексларни ҳисоблаш натижаси одатда нисбий миқдор шаклида ифодаланса-да, аммо улар моҳиятан нисбий миқдорлардан фарқ қилади. Нисбий миқдорларда асосий урғу ва эътибор таққосланаётган кўрсаткичларнинг иқтисодий моҳияти, предмети, моддий жиҳатига қаратилмасдан, балки сўз у ёки бу жараёнда кузатиладиган қиёсий натижа қандай ҳисобланиши устида боради.
Индексларда эса биринчи ўринда солиштириладиган кўрсаткичларни шакллантириш, уларнинг предметлилиги, иқтисодий моҳиятлилигини таъминлаш туради.
Индекс – бу мураккаб иқтисодий кўрсаткич бўлиб, иқтисодий ҳодисаларнинг икки ёки ундан ортиқ ҳолатига тегишли кўрсаткичларни таққослама ҳолга келтириб, улар орасидаги нисбатлар орқали ҳодисаларнинг ўзгаришини ўлчайди
Индекс деганда шундай мураккаб кўрсаткич тушуниладики, у иқтисодий ҳодисаларнинг икки ёки ундан ортиқ ҳолатига тегишли кўрсаткичларини таққослама бир ўлчовли кўринишга келтириб, улар орасидаги нисбатлар орқали ўрганилаётган ҳодисаларнинг ўзгаришини ифодалайди.
Бу таърифда “ҳодисаларнинг икки ёки ундан ортиқ ҳолатларига тегишли кўрсаткичлари” деган ибора бекорга ишлатилмаган. Гап шундаки, икки ёки ундан ортиқ ҳолатлар орасида маълум жараён кечади, индекслар эса ўша жараёнда ўрганилаётган ҳодисалар меъёрида содир бўлган ўзгаришларни ифодалайди. Ҳодиса ҳолатлари замонда ёки фазода (текисликда масалан, ҳудудлар, мамлакатлар) жиҳатидан ёки ҳақиқатда эришилган ва нормалаштирилган (режалаштирилган, оптималлаштирилган) даражада қаралиши мумкин. Демак, индекслар динамик ва статик жараёнларда рўй берган ўзгаришларни тавсифлайди.
Индекслар мантиқ илми (логика)нинг синтез ва анализ усулларига асосланади. Ҳодисалар тўплами ёки мураккаб ҳодиса айрим элементлардан, қисмлардан таркиб топади, уларнинг ўзгаришлари ҳар хил меъёрларда кечади. Индекс усули уларни бир бутунга айлантиради, яхлитлаштиради ва ўртача ўзгариш меъёри сифатида шакллантиради. Демак, индекслар синтезлаш, умулаштириш функциясини бажаради.
Шу билан бирга улар натижавий ҳодисалар ўзгаришида бошқа омил-ҳодисалар ролини баҳолаш, уларнинг ҳиссасини аниқлаш имконини беради, демак, индекслар аналитик функцияни ҳам бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |