Тушунча. Тушунча тафаккур шакли сифатида.
Режа:
1. Тушунчанинг умумий тавсифи.
2. Тушунчанинг мазмуни ва хажми, уларнинг ўзаро алоқаси.
3. Тушунчаларнинг турлари.
4. Тушунчалар ўртасидаги муносабатлар.
1. Тушунча предмет ва ходисаларнинг умумий, мухим белгиларини акс эттирувчи тафаккур шаклидир.
Белгилар деб, предметларни бир-биридан фарқ қилувчи хамда уларнинг бир-бирига ўхшашлигини ифода қилувчи томонларга, хусусиятларга айтилади. хар бир предмет оламдаги бошқа предметлар билан (бевосита ёки билвосита) алоқада бўлганлиги учун кўп белгиларга эга. Уларнинг баъзилари фақат битта предметга хос бўлган, унинг индивидуал, яккалик белгиларини ташкил қилса, бошқалари предметнинг маълум бир гурухига тегишли бўлиб, умумий белгилар хисобланади. Масалан, хар бир киши фақат ўзигагина хос бўлган рухий кечинмалар ва шу каби индивидуал белгиларга эга. Шунинг билан бирга кишиларнинг маълум бир гурухига (мехнат жамоаси, миллат ва шу кабиларга тегишли) ёки барча кишиларга (мехнат қилиш, фикр юритиш қобилиятлари, ижтимоий муносабатларда иштирок қилиши ва шу кабилар) хос бўлган умумий белгиларга эга.
Индивидуал ва умумий белгиларнинг баъзилари предметнинг мавжуд бўлиши учун зарур бўлиб, унинг табиатини, мохиятини ифодалайди. Бундай белгилар предметнинг мухим белгилари дейилади. Масалан, давлатнинг мавжуд бўлиши унинг ўз майдони, ахолиси, хокимият органларига эга бўлишини тақоза этади.
Номухим белгилар предметнинг мохиятини ташкил қилмайди. Уларнинг йўқолиши билан предметнинг табиати ўзгармайди. Масалан, қайси ирққа, миллатга, жинсга тааллуқли бўлиши индивиднинг инсон сифатида мавжуд бўлиши учун мухим эмас.
Шуни хам айтиш лозимки, предмет белгисининг мухим ёки номухим бўлиши, бизнинг предметга амалда қандай муносабатда бўлишимизга қараб хам белгиланади. Хусусан, бир муносабатда мухим бўлмаган белгилар, бошқа муносабатда мухим бўлиши мумкин. Масалан, кишининг лаёқати унинг қандай касбни танлаши учун мухим бўлса, инсон сифатида мавжуд бўлиши учун мухим эмас. Бундай мухим белгилар предметнинг маълум бир муносабатдаги мухим белгилари дейилиб, объектив мухим белгилардан (предметнинг мавжуд бўлиши билан зарурий алоқада бўлган белгилардан) фарқ қилади.
Нихоят, предмет тўхтовсиз харакатда, тараққиётда бўлганлиги учун, вақт ўтиши билан унинг мухим бўлган белгиси номухим бўлган белгига ёки, аксинча, номухим белгиси мухим белгига айланиши мумкин.
Масалан, бевосита кузатиладиган фактлар эмпирик билиш босқичида мухим ахамиятга эга бўлса, назарий билиш босқичида унга камроқ мурожаат қилинади.
Демак, тушунчада предмет ўзининг мухим белгилари орқали фикр қилиниб, бу белгилар предметнинг умумий ва индивидуал белгилари бўлиши мумкин. Масалан, «хамза хакимзода Ниёзий» тушунчасида предметнинг умумий белгилари (инсон, ёзувчи) билан бир қаторда, индивидуал мухим белгилари (хусусан, «Бой ила хизматчи» драмасининг муаллифи) хам фикр қилинади.
Тушунчанинг хиссий билиш шаклларидан тубдан фарқ қилишига алохида эътибор бериш зарур. Сезги, идрок ва тасаввур предметнинг яққол образларидир. Биз фақат бирорта конкрет предметни, масалан, ўзимиз ёзиб ўтирган қаламни идрок қилишимиз ёки у тўғрисида тасаввурга эга бўлишимиз мумкин. «Умуман қалам»ни идрок қилиб бўлмайди. Чунки тушунча предметнинг яққол образи эмас, балки абстракт образидир. қалам тушунчаси ўзида конкрет қаламларнинг барчасини қамраб олгани холда, уларнинг хар бирига хос бўлган индивидуал белгиларни ташлаб юбориб, умумий, мухим белгиларини ифода қилади. Айни пайтда бу белгилар қаламни бошқа предметлардан, масалан, китобдан фарқ қилдириб турадиган специфик белиглар бўлиб хам хизмат қилади.
Тушунча предметнинг номухим белгиларидан четлашар экан, демак уни тўлалигича акс эттира олмайди. Бу маънода у хиссий билиш шаклларига нисбатан борлиқдан узоқроқда туради. Лекин, тушунча предметнинг мухим белгиларини инъикос қилиши, мохиятини акс эттириши билан хиссий билиш шаклларига нисбатан борлиқни чуқурроқ, тўлароқ ифода этади.
Тушунча, хиссий билиш шаклларидан фарқли ўлароқ, инсон миясида тўғридан-тўғри акс этмайди. У маълум бир мантиқий усуллардан фойдаланилган холда хосил қилинади. Бу усуллар таққослаш, анализ, синтез, абстракциялаш, умумлаштиришлардан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |