Персонални стратегии режалаштиришнинг мақсади мавжуд мехнат ресурсларидан самарали фойдаланиш хисобига ташкилотнинг узоқ муддат давомида муваффақиятли фаолият кўрсатиши, рақобатбардошлиги, ўсиши ва тараққий этиши тўғрисида ғамхўрликдир.
Стратегик режалаштириш фаолиятининг ўзаро боғлиқ йўналиши юқоридаги 5.10- расмда мужассамлашган.
1. Талабни прогноз қилиш — бу йўналишда прогноз қилиш санъати бозорнинг ривожланиши тенденциялари ва уларнинг персоналга бўлган эхтиёжини рақобатчилардан илгарироқ аниқлаш қобилиятида намоён бўлади. Шу холдагина ташкилот махсулотига прогноз қилинаётган талабнинг ошишини хисобга олиб рақобатчилардан аввал юқори малакали ишчи кучини жалб этиш мумкин. Мазкур вазифани инсон ресурслари бўйича хамда бозор динамикасини тадқиқ этиш билан машғул маркетинг бўйича мутахассисларнинг ўзаро қалин хамкорлик қилишлари орқали муваффақиятли хал этиш мумкин.
Корхонанинг ишчи кучи эхтиёжига таъсир кўрсатувчи омиллар динамикасини англаш инсон ресурсларини прогноз қилишнинг асоси хисобланади. Бу прогнознинг хилма-хил — энг оддийларидан жуда мураккаб, кўп омилли моделларигача мавжуддир.
Экстраполяция — энг содда ва кўп қўлланиладиган услуб бўлиб, бугунги вазият (нисбат) асосида келажакни белгилашдан иборатдир (5.2- жадвал).
Ушбу усулнинг жозибадорлиги унинг хаммабоплигидадир. Лекин ушбу услубда корхона ривожланишидаги хамда ташқи мухитдаги ўзгаришларни хисобга олиб бўлмайди. Шу сабабли экстраполяция қисқа муддатли режалаштириш ва барқарор таркиб билан барқарор мухитда фаолият кўрсатаётган корхоналар учун қўл келади.
Кўпгина корхоналар эса экстраполяциянинг ходимлари миқдор кўрсаткичларидаги ўзгаришлар (мехнат унумдорлигининг)ни хисобга оладиган аниқлик киритилган усулидан фойдаланадилар.
Саноат компанияси учун асосий кўрсаткич ишлаб чиқариш бюджетидир. Бу бюджет корхона томонидан сотилиши кўзланган умумий махсулотни ёки корхона бўлинмалари томонидан ишлаб чикариладиган махсулотлар хажмини хисоблаш асосида шакллан-тирилади. Иш вақти меъёрларидан фойдаланган холда иш вақти бюджети чиқарилади. Сўнг хар бир махсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган иш вақти режаланган иш вақти хажмига кўпайтирилиб белгиланган давр учун режа иш вақти фонди чиқарилади. Олинган иш вақти фонди бир ходимга бўлинади ва персоналнинг зарур миқдори аниқланади. Ушбу хисобнинг энг соддалаштирилган кўриниши қуйидагичадир: Йиллик махсулот ишлаб чиқариш режаси — 20 минг дона
Иш вақти меъёри — 5 соат
Йиллик иш вақти фонди режаси — 100 минг соат
Бир ишчининг иш вақти фонди (ўртача иш вақтидан ортиқча ишланган вақт, прогуллар, ишда бўш туриб қолишлар хисобга олинганда) — 2 минг соат
Талаб этиладиган асосий ишчилар — 50 киши
Талаб прогноз қилишда эксперт бахоларидан хам фойдаланилади. У инсон ресурсларига эхтиёжни аниқлашда мутахассислар фикридан фойдаланишга асосланган. Корхонада бундай мутахассислар асосий бўлинмалар рахбарлари хисобланадилар. Персонални бошқариш хизмати улар бахоларини тўплаш ва умумлаштириш билан шуғулланадилар. Ушбу услубнинг афзаллиги бу ишда қуйи рахбарларнинг иштирокидир. Уларнинг тажриба ва билимлари режалаштиришга қўшимча нуфуз қўшади. Аммо бу ўринда эксперт бахоларини тўплаш ва қайта ишлаш кўп вақт талаб этишини, шунингдек, бахолар субъектив фикрларни билдиришини хисобга олиш керак.