1-мавзу:Ўзбекистон тарихи фанининг предмети, уни ўрганишнинг назарий-методологик асослари, манбалари ва аҳамияти. Марказий Осиё жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми.
Режа:
“Ўзбекистон тарихи” фанининг предмети ва уни ўрганишнинг аҳамияти.
“Ўзбекистон тарихи” фанининг методологик тамойиллари, Ўзбекистон тарихини даврлаштириш ва уни ўрганишдаги асосий манбалар.
“Ўзбекистон тарихи” фанининг комил инсон тарбиясидаги ўрни ва роли.
4. Ватанимиз одамзод илк бор пайдо бўлган минтақалардан бири эканлиги.
Ўзбекистон ҳудудида ибтидоий маданият ёдгорликлари
1. “Ўзбекистон тарихи” фанининг предмети халқимизнинг энг қадимги даврлардан бошлаб то ҳозирги кунгача босиб ўтган узоқ ва мураккаб тарихий йўлини, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва маънавий ҳаётини ҳолисона ўрганишдан, тушунтиришдан иборатдир.
“Ўзбекистон тарихи”ни ўрганишнинг аҳамияти шундаки:
“Ўзбекистон тарихи” фани ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялайди, ўз Ватанининг қадрига етишга, унинг озодлиги, келажаги учун жонини фидо қилишга тайёр бўлишга ёрдам беради; инсониятнинг қадимги даврдан ҳозирги кунгача босиб ўтган тарихий йўли, унинг сиёсий, ижтимоий, маънавий, аҳлоқий тажрибаси ҳақидаги билимлар асосларини эгаллаган, ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабат билан ёндашадиган, айни замонда, шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган баркамол шахсни тарбиялашга кўмаклашади; ёшларни тарихий, маънавий-аҳлоқий қадриятларнинг аҳамиятини англаб етишга одатлантиради; “Ўзбекистон тарихи” фани ижтимоий ҳаётини чуқур ўрганиб солиштириш орқали мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётини теранроқ англаш ва зарур илмий, ғоявий, тарбиявий хулосалар чиқариш ҳамда миллий мафкурасининг шаклланишига ёрдам беради.
2. Инсоният тарихини, тарихий воқеа, ҳодисаларни тўғри ёритиш ва ўрганиш учун бир қатор муҳим назарий-методологик тамойилларга таянмоқ зарур.
- Билиш назариясининг диалектик методи ана шундай тамойиллардан биридир. Диалектика олам ягона ва яхлит, унда содир бўладиган ҳодисалар, воқеалар умумий ва ўзаро боғланишда, узлуксиз ҳаракатда, зиддиятли тараққиётда бўлади, деб таълим беради, хусусан, Ўзбекистон тарихини жаҳон халқлари тарихи билан боғлиқ ҳолда ўрганишни тақозо этади;
- Тарихий воқеа ва ҳодисаларни ёритиш ва баён қилишда холислик тамойилига риоя қилиш, эҳтирос ва ҳис-ҳаяжонга берилмаслик, сиёсий гуруҳлар, ҳаракатлар ва фирқалар манфаатлари юзасидан ёритмасдан аслида қандай бўлса, шундайлигича баён қилиш, тарихий ҳақиқат устиворлигига эришиш;
- Манбалар билан асосланганлик тамойили – баён қилинаётган тарихий жараён, келтирилаётган ҳар қандай фактлар чинакам илмий ва асл манбаларга асосланган бўлмоғи лозим;
- Тарихий воқеа ва ҳодисаларга баҳо берганда чуқур назарий ва тарихий илмийлик тамойилига амал қилиш. Тарих фани бадиий ижод, халқ оғзаки ижоди, афсона ва эртаклар жамланмасига айланиб қолмаслиги, балки бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисаларни инкор этиш мумкин бўлмаган асосли ҳужжатлар, далил ва рақамларга суянмоғи керак;
- Тарихни ўрганишда тарихийлик тамойили муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун Ўзбекистон тарихини ўқитишда хронологик изчилликка амал қилиш даркор, воқеа ва ҳодисаларни баён этишда оддийликдан мураккабликка томон бориш тамойилига риоя этиш лозим. Тарихий воқеа ва ҳодисаларни узуқ-юлуқ ўрганиш фойдадан кўра кўпроқ зарарли оқибатларни келтириб чиқаради;.Тарихий воқеа ва ҳодисаларга миллий ва умумбашарий ғояларнинг умумий уйғунлигидан келиб чиққан ҳолда баҳо бериш лозим;.Ўзбекистон тарихи фанини инсонпарварлаштириш, яъни бу фаннинг инсон тарбиясини кучайтиришдаги ўрнига биринчи даражали эътибор бериш; Аждодларимизнинг тарихий тажрибаларидан фойдаланиш, яъни тарихда бўлиб ўтган воқеалардан, ҳодисалардан, турли шахслар ҳаётидан, иқтисодий тараққиётдан, янги жамият қуриш йўлида, комил инсон тарбиялашда фойдаланиш; Тарихийлик қоидаси воқеа, ҳодисаларни ўз даврининг аниқ тарихий шароитидан, ўша давр муҳитидан, тарихий ривожланиш жараёнидан келиб чиққан ҳолда ўрганишни тақозо этади;
- Ижтимоий ёндашув тамойили тарихий жараёнларни аҳолининг барча табақалари манфаатларини, тенг таъсир этувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда ўрганишни тақозо этади;
- Мамлакатимиз тарихини ўрганишда миллий қадриятлар, халқ анъаналари ва урф-одатлари, ислом дини тарихи, одамларнинг диний эътиқодлари, диний таълимотлари ва уларнинг асосчилари фаолиятини таҳлил қилишда ва ёритишда ворисийлик тамойилига амал қилинади;
Do'stlaringiz bilan baham: |