Ўрта палеолит (мил.ав. 100 минг йиллик — 40—32 минг йиллик). Ибтидоий тўда даврининг сўнгги босқичи археология фани даврий тизимида Мустье маданияти деб юритилади. Бу даврда яшаган аждодлар эса ибтидоий одам шажарасида неандерталь одами номи билан фанга кирган. Неандерталларнинг тирикчилик манбаи овчилик ва қисман теримчиликдан иборат бўлган. Ҳозирги вақтда Ўрта Осиёда неандерталь замондошлари яшаган маконлар 90 дан ортиқ жойда учратилган. Ўзбекистонда улар Тошкент вилоятида Обираҳмат ғори, Хўжакент, Палтов, Кўлбулоқ макони, Самарқанд вилоятида Омонқўтон ғори, Кўтирбулоқ, Зирабулоқ, Хўжамазгил, Навоий вилоятида Учтутда топилган ва тадқиқ қилинган. Бу маконларда яшаган ибтидоий одамлар хилма-хил тош қуроллар (қўл чўқмори, пичоқсимон пластинка, нуклеус, тош қирғич, найзасимон тош қуроллар, тешгичлар ва тош учуруқ)лардан фойдаланган.
Тешиктош ғоридан топилган неандерталь одамининг (тадқиқотчиларнинг фикрича 8—9 ёшли болага тегишли) суяк қолдиқлари фан оламида жиддий кашфиёт бўлди. Одам суяклари атрофига териб чиқилган архар ва Бухоро буғуси шохларининг топилиши одамларни дафн қилиш маросимларининг ибтидоий кўринишлари билан боғлиқ. Марҳумни қабрга турли буюмлар билан бирга кўмиш дастлабки диний тасаввурларнинг вужудга кела бошлаганини кўрсатади (қ. Тешиктош одами).
Хуллас, йирик ҳайвонларни оммавий ов қилиш туфайли катта тўда ва тўпларга уюшган ибтидоий одамларнинг сўнгги авлодлари олов чиқаришни, гулханлар ёқиб, совуқдан ва хавф-хатардан сақланишни, гўштни ўтда пишириб истеъмол қилишни билиб олишган. Йирик ҳайвон суяклари, мамонт тишлари ва ходалардан жар, сой ва кўл ёқаларида ярим ертўла кулбалар қуриб, томини ҳайвон терилари билан ёпиб, саҳнига пўстаклар тўшашган. Археологик ёдгорликлардан топилган суякдан ясалган тешгич, бигиз ва игналарга қараганда терилардан ёпинчиқ, лунги, оёқларига чориклар тикиб кийишган. Қадимги тўда даврида минг йилликлар оша эришилган ютуклар уруғдошлик жамоаси ва унинг илк маданиятини шаклланишига асос бўлган. Чунки тош қуролларни ясаш технологиясининг тубдан такомиллаштирилиши туфайли моддий-маданият кескин ўзгариб, янги маданият шаклланишига олиб келди. Бу давр охирларида ибтидоий одам ҳам аслий архаик қиёфасини йўқота бориб, замонавий инсон рухсорида намоён бўлди. Натижада тўда даври тугаб, кишиликнинг ижтимоий ҳаётда ибтидоий жамият ва унинг тубдан янги маданияти шаклланди. Бу даврга мансуб ёдгорлик 1962 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида топилиб (А. Муҳаммаджонов), тадқиқ этилди (С.Насриддинов, Р.Сулаймонов) (қ. Обираҳмат ғори). Fop туби ва оғзида қарийб 10 м қалинликдаги маданий қатламдан кўплаб тош қуроллар ва турли ҳайвон (асосан, архар ва буғу) суяклари топилиб, қайд этилди. 2003 йилда ушбу ёдгорликда Ўзбекистон—Россия—Америка қўшма экспедицияси томонидан қадимги одамнинг (6 та тиши ва бош чаноғи қисмлари) суякларининг топилиши жаҳон фанида йирик кашфиёт бўлди. Чунки бу топилма қадимги одамнинг ибтидоийликдан замонавийликка ўтиш даврида яшаб, тош қуроллар ясаш технологияси ва маданий ҳаётда инқилобий ўзгаришлар яратганидан далолат бериб, унинг қолдиқлари Ўзбекистон ҳудудида илк бор топилиши эди. 42 минг йил муқаддам яшаган бу қадимий одам суяк қолдиқлари ва ундан сақланган моддий-маданият топилмаларни чуқур ва кенг тадқиқ этиш билан, шубҳасиз бу қадимги одамнинг қиёфасини тиклаш ва унинг яратилишида кечган улкан тарихий жараённинг умумий манзарасини аниқлаш имконини берди.
Юқори палеолит. Мил.ав. 40—35 минг йил аввал тош даврининг сўнгги босқичи — юқори палеолит бошланган. У мил.ав. 12—10 минг йилликларгача давом этган. Бу даврда ҳозирги замон одами (кроманьон) шаклланди. Тошни йўниш усуллари (ретушь қилиш, синдириб олиш, ўткирлаш) такомиллашди. Меҳнат қуроллари призмали, конуссимон нуклеуслардан ажратиб ёки синдириб олинган пластинкалар асосида тайёрланган. Айни вақтда тош билан бирга суяк ва ёғочдан ҳам фойдаланилди. Юқори палеолитдаги энг муҳим ютуқлардан бири шу эдики, қўлланилаётган қуроллар (найза пайконлари, ирғитиладиган калта найза ва найза отқичларнинг ихтиро қилиниши) шаклларининг кўпайиши ва уларнинг ишлатилишига қараб турли хилларга ажралиши (ов қилиш, гўштни нимталаш, терига ишлов бериш, балиқ овлаш учун санчқи (гарпун) ва қармоқ, арраловчи қуроллар, суяк игналар, бигиз ва ҳ.к. кўпайди. Одам ташқи муҳитга тобора мослаша борди, унинг яшаш ареали кенгайди. Одамлар бу даврда фақат ғорларда эмас, балки текисликларда ҳам макон қура бошлади. Ижтимоий муносабатларда ҳам кескин ўзгаришлар юз берди. Ўша давр одамлари фанда «Homo sapiens» — идрокли одам деб номланади.
Ҳозирги замон одамининг 3 ирқи - европеоид, негроид (ҳабаш) ва монголоид қиёфалари ҳам ўша вақтда вужудга келган. Одам тўдалари қон-қариндош бўлиб яшай бошлади. Она томондан уруғдошлик мустаҳкамланиб, матриархат пайдо бўлди. Меҳнат тақсимотида эркаклар овчилик билан, аёллар уй хўжалиги билан шуғулландилар. Тасвирий ва амалий санъатнинг ибтидоси ҳам ўша даврдан бошланди. Суякдан аёллар ҳайкалчалари ясалган ва тақинчоқлар устига турли хил тасвирлар ўйиб туширилган. Ҳозирги кунда Ўрта Осиёда бу даврга мансуб 30 дан ортиқ ёдгорликлар топиб ўрганилди. Улар орасида айниқса Самарқанд макони, Тошкент вилоятида Оқтош макони ва Кўлбулоқ топилмалари муҳим. Юқори палеолит даврида яшаган одам жамоаларининг ҳаёти ҳақида уларнинг турар жой маконлари, хўжалиги, меҳнат ва ов қуроллари, уларни ясаш техникаси маълум тасаввур беради.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек, чақмоқтошга ишлов берила-диган устахоналар ҳам борлиги аниқланди. Бу даврда ишқалаш йўли билан чиқарилган оловдан кўпроқ фойдаланила бошланди. Юқори палеолит босқичида музлик даври тугаб, иқлим иссиқлаша бошлади. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам аста-секин ҳозирги қиёфасига кирди. Совуққа чидамли шохдор йирик ҳайвонлар шимолга томон силжиб, улар ўрнини янги табиий шароитга мослашган ҳайвонот дунёси эгаллади. Марказий Осиёда кенг баргли ўрмонлар билан даштлар вужудга келди. Бу ерларда сут эмизувчи ҳайвонларнинг подалари кўпайиши билан ибтидоий жамоаларнинг яшаш ареали ҳам кенгаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |