Жез даври. Бу давр Ўзбекистон ерларида мил.ав. 3-минг йиллик охири — 2-минг йилликка тўғри келади. Бу даврда мисдан ясалган меҳнат қуроллари мўрт ва юмшоқ бўлганлигидан мустаҳкамроқ қотишма олиш учун изланиш давом этди, маълум даврдан сўнг қалайни мисга қориштириб жез (бронза) кашф этилди. Натижада меҳнат қуролларининг тури кўпайди, жездан кескир тиғли қурол-яроғлар, рўзғор ва косметика (пардоз) буюмлари, маъбудалар, нақшдор мухрлар ясала бошлади. Овчилик ва теримчилик ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда ўзининг дастлабки аҳамиятини йўқотди. От, эшак, туя ва ҳўкиздан транспорт воситаси сифатида фойдаланилди, ҳайвонларга қўшиладиган аравалар вужудга келди.
Бу даврда хўжаликнинг, асосан, яйлов чорвачилиги ва деҳқончиликка асосланган ишлаб чиқариш шакли қарор топди. Амударё ва Зарафшоннинг қуйи қисми, Фарғона водийсининг шимоли-шарқий қисми ва Жанубий Сурхон воҳаси табиий географик жиҳатдан қадимги деҳқончиликнинг келиб чиқиши ва ривожланиши учун қулай бўлган. Атрофдаги чўл ва даштларда, асосан, чорвадор қабилалар яшаган. Бу даврда Ўзбекистон жануби ва Афғонистон шимолида ривожланган Бақтрия (Амударё бўйи) деҳқончилик маданияти вужудга келди. Ўзбекистонда учта асосий деҳқончилик воҳаси — Шеробод, Шўрчи ва Бандихон шаклланган. Бу жойларда қадимги илк шаҳар маданияти шакллана бошлади. Жез даврига мансуб Сополлитепа, Миршоди, Мўлали, Жарқўтон каби уруғ жамоасининг турар жойлари — қишлоқ қўрғонлари, илк шаҳарлари ва қабрлар топилган. Уларнинг баъзилари қалъали, мустахкамланган ва айримлари мустаҳкамланмаган. Деҳқонлар воҳаларда буғдой, арпа, сули, пахта етиштирганлар. Уйлардан дон омборхоналари, ёрғучоқлар, кетмонча, ҳовонча дасталари топилган. Кулолчилиқца чарҳдан фойдаланганлар. Сополлитепадан топилган ашёлар аҳолининг ўша даврдаги ҳунармандчилиги, турмуши, санъати ҳақида бой материал берди. Бу ерда мураккаб ва ўзига хос 3 қаторли мудофаа девори бўлган, майдони қарийб 1 га квадрат шаклдаги қўрғон қазиб очилди. Қўрғондаги маҳаллалар кўчалар билан бўлинган. Уйларда мўрили ўчоқ, айрим хоналарда сандал ўрни, ганч сувоқ қолдиқлари топилди. Топилмалар ҳунармандчилик, хусусан, металлургия (меҳнат ва мудофаа қуроллари, идишлар, безак, кўзгу), кулолчилик, тўқимачилик (ип ва ипакдан тўқилган мато қолдиқлари), ёғочсозлик (қурилиш конструкциялари, уй жиҳозлари) ва б. юксак ривожланганлигини кўрсатди. Қалъадан 20 дан зиёд кулолчилик хумдони очиб ўрганилди. Кулолчилиқда юқори сифатли нафис идишлар (қадаҳ, кўза, хум, чойнак, пиёла, коса, лаган ва ҳ.) тайёрланган (қ. Сополлитепа, Сополли маданияти).
Хоразмда мил.ав. 2-минг йилликнинг 2-ярмида жез даврининг Тозабоғёб маданияти мавжуд бўлган. Бу маданият Бургутқалъа воҳасидаги Тозабоғёб канали яқинида топилиб, деҳқончилик ва ирригация тармоқлари анча ривожланганлиги билан фарқ қилади (Кўкча-3 ва б. мозор-қўрғонлар). Аҳоли, асосан, чўл зоналарида томи қамиш билан ёпилган кулба ва ярим ертўлали чайлаларда яшаган, хонаки чорвачилик, нам ерларда суғорма деҳқончилик билан шуғулланган. Бу даврда металл қуйиш техникаси юксак бўлган. Ясси тубли чизма бошоқсимон нақшланган идишлар топилган. Жез металлургияси кенг ривожланган. Хоразмда сўнгги жез — илк темир даврига Сувёрган маданияти ва Амиробод маданияти мансуб. Сувёрган маданияти қабилалари ёғоч устунли тўғри бурчакли чайлаларда яшаган. Ўчоқ атрофидан сирти қизилга бўялган сопол идишлар топилган. Топилмалар ичида микролитлар кўп учрайди. Бу маданият 3 босқични (Қамишли, Бозорқалъа, Қовунчи) ўтган. Уруғ жамоалари овчилик, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. Ижтимоий ҳаётда дастлаб она уруғи анъаналари кучли бўлган, лекин кейинги 2 босқичда эркакларнинг жамоадаги мавқеи ортган. Аёллар эрларга иқтисодий жиҳатдан қарам бўла борди. Катта оила жамоаларида ота ҳуқуқи қарор топиб мустаҳкамланди. Энди қариндошлик отага қараб белгиланди, уруғлар ичидаги муносабатлар отанинг иқтисодий ва ҳуқуқий ҳукмронлиги асосига қурилиб, болалар ота мулкига меросхўр бўла бошлади. Амиробод маданияти одамлари ярим ертўла уйларда яшаган, уйларнинг марказида катта ўчоқ бўлган. Сопол идишлари таги ясси, дағал ишланиб, бошоқсимон нақш берилган. Аҳоли уруғ жамоаларига бирлашиб деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Суғориш тармоқлари яхши ривожланган. Якка порсон-2 дан жез игна, ўроқ, суяк дастали бигиз, ўқ-ёй пайконлари топилган.
Қуйи Зарафшоннинг Замонбобо маданияти сўнгги жез даврининг Андроново маданиятига жуда яқин. Андроново маданиятининг юқори босқичига мансуб ёдгорликлар Хоразмда, Тошкентдаги Кўкча мозорида, Бухоро вилояти Қоракўл туманида, Ургут туманининг Мўминобод қишлоғида, Чирчиқ дарёси бўйида — Аччиқкўл ва Сергели тепаларида топилган. Тошкент воҳасида сўнгги жез - илк темир даври Бурганли маданиятида аксини топган. Бу вақтда ибтидоий жамоа даври шиддат билан емирилиб, қабилалар ўртасида дастлабки мулкий муносабатлар вужудга келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |