4-МАВЗУ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ - ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
Қонун устуворлиги тушунчаси ва унинг моҳияти.
Қонун устуворлигини таъминловчи асосий шартлар.
Жиноий жазоларни либераллаштириш – қонун устуворлигининг муҳим шарти.
Қонун устуворлиги тамойилининг Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилишидаги аҳамияти.
Қонун устуворлиги инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати
Таянч сўзлар:Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонун устуворлиги, ҳуқуқ ва эркинликлари, жиноий жазоларни либераллаштириш, ҳуқуқий онг ва маданият, ҳуқуқий давлат, ҳокимият тармоқлари, сайлов, сайлов ҳуқуқи, адолат, суд-ҳуқуқ тизими.
Қонун устуворлиги тушунчаси ва унинг моҳияти
Демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш – Ўзбекистоннинг пировард мақсадидир. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаб ўтганидек: “Биз шунчаки демократик жамият эмас, демократик одил жамият қурмоқчимиз... Адолат ва ҳақиқат ғояси ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олмоғи даркор. Адолат ва ҳақиқат ғояси қонунчилик фаолиятимизнинг замини, бош йўналиши бўлмоғи шарт”10.
Дарҳақиқат, адолат тушунчаси билан қонун устуворлиги тушунчаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Президентимиз таъкидлаганидек, қабул қилинаётган қонунларимиз замирида адолат ётиши даркор. Адолатга асосланган қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши адолатнинг тантана қилишига олиб келади.
Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири - жамият аъзоларининг қонун олдида тенглигининг, Конституция ва қонунларнинг тенглигининг таъминланганлигидир. Шунингдек, Конституция ва қонунларнинг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим.
Қонун устуворлигининг моҳияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг III боб, 15- ва 16-моддаларида белгилаб қўйилган. Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар” дейилган.
Қонун устуворлиги тушунчасининг моҳияти Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бир қатор асарларида чуқур таҳлил қилинган.
“Қонун устуворлиги – ҳуқуқий давлатнинг асосий принципидир. У ҳаётнинг барча соҳаларида қонуннинг қатъиян ҳукмронлигини назарда тутади. Ҳеч бир давлат органи, ҳеч бир хўжалик юритувчи ва ижтимоий сиёсий ташкилот, ҳеч бир мансабдор шахс, ҳеч бир киши қонунга бўйсуниш мажбуриятидан халос бўлиши мумкин эмас. Қонун олдида ҳамма баробардир. Қонуннинг устуворлиги шуни билдирадики, асосий ижтимоий энг аввало, иқтисодий муносабатлар фақат қонун билан тартибга солинади, унинг барча қатнашчилари эса ҳеч бир истисносиз ҳуқуқ ва нормаларни бузганлиги учун жавобгар бўлади”11, - деб таърифлайди, -Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов.
Do'stlaringiz bilan baham: |