3- Мавзу. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш.
Давлат ҳокимияти тизимининг бўлиниш принципи ва Ўзбекистонда парламент ва Президентлик институти тараққиётининг янги босқичи ва унинг шаклланиши.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини – ўзи бошқариш иниситутларини демократлаштириш.
Давлат хокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва давлат хизматларини самарадорлигин ошириш
Бошқарув – бу ҳеч истисносиз барча ташкилот аъзоларининг фаолият йўналишини таъминлайдиган, бутун ташкилот ва унинг айрим қисмларини белгиланган мақсад доирасида ушлаб турадиган ушбу ташкилотнинг специфик, яъни ўзига хос хусусиятга эга бўлган идорасининг вазифаси7.
Одатда давлат бошқаруви ҳақида гап кетганда, бу сўз ҳам кенг, ҳам тор маънода ишлатилади. "Давлат бошқаруви" атамаси кенг маънода давлатнинг турли-туман жамоат алоқаларини ташкил қилиш бўйича бутун фаолиятини билдиради ҳамда барча давлат ҳокимияти идоралари – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ишини қамраб олади.
"Давлат бошқаруви" тушунчасининг тор маънодаги мазмунини шарҳлар эканмиз, баъзи маъмурий соҳа ходимлари бу тушунчага турли маънолар юклашини қайд этмасдан бўлмайди.
Зикр этилган фаолият шакллари давлатнинг ягона мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган, лекин уларнинг ҳар бири давлат идоралари ўртасидаги "меҳнат тақсимоти" шартлари асосида ўз бурчига эга.
Давлат бошқарувининг тавсифи. Давлат бошқаруви – ижрочилик хусусиятига эга бўлган ягона давлат ҳокимиятини амалга ошириш фаолиятининг ягона кўриниши. Бундай бошқарув биринчи галда қонунлар, Президент фармонларини ҳаётга жорий этишга қаратилган. Бундан ташқари, бу қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш учун давлат идоралари (давлат бошқаруви субъектлари) давлат ҳокимияти ваколатларига эга ва бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар – ҳокимият номидан буйруқлар беришга ҳақли. Давлат бошқаруви хўжалик, ижтимоий-маданий ва маъмурий-сиёсий қурилишга раҳбарлик қилиш жараёнида амалга оширилади.
Давлат бошқаруви қуйидаги масалаларни назарда тутади:
1. Маъмурий-ижро тизимининг юқоридан пастга, пастдан юқорига қараб ҳаракат қилиши (вертикаль система).
2. Давлат бошқарув субъектларининг юридик-ҳокимият ваколатларини маъмурий тартибда амалга ошириши.
3. Бошқарув субъектлари ҳуқуқий меъёрларни мустақил ўрната оладиган маъмурий қонун ижодкорлиги имкониятининг мавжудлиги.
Президентлик институти ва унинг шаклланиши. Президент сўзи лотинча бўлиб, “олдинда ўтирувчи” деган маънони билдиради. Ўзбекистон тарихида президентлик бошқаруви биринчи бор 1990 йил 24 мартда таъсис этилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ислом Каримов сайланди. 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бу қонунга 1997 йил 26 декабрь ва 1999 йил 19 августда ҳамда 2003 йил 24 апрелда, 2007 йил 11 апрелда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мустақиллик йилларида президентлик институти тўла шаклланди. Ўзбекистон Конституцияси 19-бобининг 89-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Президентлик лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ президент бўлиши мумкин эмас. Президент фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 7 йил муддатга сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан – Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида халқаро ҳуқуқ андозалари ва илғор хорижий давлатлар талабларига мос янги сайлов қонунчилиги яратилди. Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги, яъни парламент 4 босқичдан иборат тараққиёт йўлини босиб ўтди:
Биринчи босқич. Конституциямиз қабул қилингунга қадар давр бўлиб, бу даврда Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайлови ва Референдум тўғрисидаги бир қатор қонунлар қабул қилинди.
Иккинчи босқич. Конституциямиз қабул қилингандан то 1997 йилгача давом этди. Бу даврда миллий сайлов тизими шакллантирилди.
Учинчи босқич. 1997 йилдан то 2003 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу босқичда амалдаги сайлов қонунларига айрим ўзгартишлар киритилди. Марказий сайлов комиссияси тўғрисидаги қонун қабул қилинди.
Тўртинчи босқич. 2003 йилдан 2005 йилгача бўлиб, бу даврда икки палатали парламентни шакллантириш билан боғлиқ сайлов қонунларига ўзгартишлар киритилди ва 2004 йил 26 декабрда Олий Мажлис қуйи Қонунчилик палатасига сайлов ўтказилди8.
Қонун ижодкорлиги жараёнининг ҳуқуқий асослари:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси.
Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тўғрисидаги қонунлар.
Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси ва Сенатининг регламенти тўғрисидаги қонунлари.
Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни ва ҳ.к.
Ўзбекистон Респуликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан қабул қилинаётган қонунлар ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, ижтимоий–сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида катта сиёсий аҳамиятга эга бўлмоқда. (2.1.6-расм)
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-боби моддаларига қуйидаги ўзгартишлар киритиш мўлжалланди
Демак, қонун чиқарувчи ва маҳаллий ҳокимият органларига ҳамда Сенатга 2009 йил 27 декабрда ўтказилган сайловлар жараёнида ва эндиликда қуйидаги мезон ва талаблар устувор қилиб белгиланмоқда:
Олий Мажлисга Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми (лот. эрк, ихтиёр, хоҳиш) билдириш ҳуқуқи берилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи Президент ваколати доирасидан чиқарилмоқда.
Сайловларда ютиб чиққан сиёсий партия тақдим этган Бош вазир номзодининг Парламент томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳақидаги конституциявий тартиб белгиланиб, ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми (сайловчи ташкилот вакилларининг кўпчилик овози билан қабул қилинган қарорлар) институти жорий қилинмоқда.
Олий Мажлисга ҳокимият вакиллик органлари ва ташаббускор гуруҳлардан номзод кўрсатиш институти тугатилди.
Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқи фақат сиёсий партияларга берилди.
Олий Мажлисга сайловларни тайинлаш институти тугатилди ва унинг ўрнига “Сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш” институти жорий этилди. Бу вазифани Марказий сайлов комиссияси амалга оширадиган бўлди.
Сиёсий партияларнинг ваколатли вакили Қонунчилик палатасига киритилди. Бу институт сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда қатнашади. Унга тўлдирилган имзо варақаларини текширишда қатнашиш ҳуқуқи берилди. Олий Мажлис депутатлигига номзодларнинг ишончли вакили 5 нафардан 10 нафаргача кўпайтирилди.
Депутатлик ўринларини квоталаш институти киритилди. Яъни 15 депутатлик ўрни оммавий жамоат ташкилоти – Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилди. Экологик ҳаракатга депутатлик ўринларини квоталаш институти номи берилди.
Ижро этувчи ҳокимият (Вазирлар Маҳкамаси). Ижроия ҳокимият – давлат ҳокимиятининг уч асосий тармоқларидан бири.
Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг тамойили мавжуд шароитларнинг ўзига хослигини инобатга олиш, жаҳондаги ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан ижодий фойдаланиш асосида амалга оширилмоқда. Шунга кўра, ижроия ҳокимият давлат ҳокимияти тизимининг бир тармоғи ҳисобланади.
Қонунлар рўёбга чиқарилиши учун шарт-шароитларни таъминлаш ижро этувчи органларнинг асосий вазифасидир. Ҳокимиятлар бўлиниши принципига мувофиқ, иккинчи ижро этувчи ҳокимият, яъни мамлакат ҳукумати Вазирлар Маҳкамасига юклатилади. Вазирлар Маҳкамаси Бош вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
Илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти эгаллаб турган Вазирлар Маҳкамаси Раиси лавозимининг тугатилиши ҳам либераллаштириш ва демократлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Одатда ижроия ҳокимият парламентга ўтказилган сайловлардан сўнг камида бир ой ичида шакллантирилади.
Ижроия ҳокимият органлари тизимига Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Бош вазир, ҳукумат-вазирликлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимлари, улар раҳбарлигидаги бўлимлар ва бошқармалар, шунингдек, корхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг маъмурияти ҳам киради.
Ижроия ҳокимият органлари жамоавий раҳбарлик асосида ва якка тартибда ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш йўли билан тегишли соҳаларни бошқариш, ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади, уларни амалга оширади. Ижроия ҳокимият идораларининг тизими, ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари Конституцияга биноан Олий Мажлис томонидан белгиланади.
Мустақиллик йилларида Вазирлар Маҳкамаси, яъни ижроия ҳокимият – ҳукумат таркиби 4 марта янгидан тасдиқланди. 1993 йил 6 майда қабул қилинган, 1993 йил 29 августда янги таҳрирда жорий этилган “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунга кўра, биринчи марта Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби 1995 йил 23 февралда тасдиқланди. Иккинчи марта 2000 йил 11 февралда, учинчи марта 2005 йил 4 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркиби тасдиқланди. Тўртинчи марта 2010 йил 12 мартда Вазирлар Маҳкамаси таркиби қуйидаги тартибда белгиланди: Вазирлар Маҳкамаси аъзолари – 8 та, вазирлик - 14 та, давлат қўмиталари - 9 та9, жами 31 та.
Шу жиҳатдан қараганда, Давлат (ҳукумат) ўзининг бош функциясини, ислоҳотларни тартибга солиб туриш, қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш орқали бажаради. Вазирлар Маҳкамаси Президент ва Олий Мажлис олдида жавобгардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |