3.Жиноий жазоларни либераллаштириш – қонун устуворлигининг муҳим шарти.
Мустақилликка эришгандан кейин Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан инсонпарварлик, адолатпарварлик ғояларига асосланган жиноят, жиноят процессуал қонунларини такомиллаштиришга, жиноий жазоларни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари Олий Мажлисга киритилди. Уларнинг қабул қилиниши эса мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Айниқса, жиноий жазоларни либераллаштириш борасида жиноий жазо тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш борасидаги сайъ-ҳаракатлар муҳим ўрин тутади. Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш тўғрисида Президентимиз “Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида биз ҳал этишимиз лозим бўлган яна бир масала – бу жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлашдир”12 деганда айнан шу ҳаракатларни назарда тутган эди.
Маълумки, 1995 йилгача амал қилган Жиноят Кодексида 33 та жиноятга ўлим жазоси қўлланилар эди. Кейинги Жиноят Кодексида эса уларнинг
13 таси сақланиб қолди, яъни 20 та турдаги жиноятдан ўлим жазоси олиб ташланди. Жумладан, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва вояга етмаганларга нисбатан бу жазо қўлланилмайди. Шунингдек, ўлим жазоси авф этиш тартибида йигирма беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши мумкин (ЖК нинг 51-моддаси).
Ана шу устувор вазифадан келиб чиқиб, 1998 йилда Жиноят Кодексидаги 5 та моддадан ўлим жазоси олиб ташланди. 2001 йилда яна тўртта моддага жазо қисқартирилди. 2004 йилда эса бу жазо бор-йўғи иккита, яъни айбни оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятлари учун татбиқ этиладиган бўлди.
4.Қонун устуворлиги тамойилининг Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қурилишидаги аҳамияти.
Қонун устуворлигини таъминлаш демократик жамиятни шакллантиришнинг асосий вазифаси бўлиб ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аввало қонунлар фуқароларнинг бевосита ёки билвосита иштироки билан ишлаб чиқилади, уларнинг хоҳиш ва иродасини ўзида акс эттиради. Аммо кўпгина қабул қилинган қонунлар реал ҳаётга жорий қилинмасдан қоғозда қолиб кетади. Сабаби, биринчидан, қонунни қабул қилиш давридаги жамият тараққиёти даражаси билан уни амалга ошириш имконияти ўртасидаги номутаносибликнинг мавжудлиги. Иккинчидан, қонунларни яратишдаги маҳорат ва салоҳиятнинг (профессионализм) етишмаслигидир. Учинчидан, фуқароларнинг ҳам қонунлардан тўла фойдаланишга салоҳияти етарли даражада бўлмаслиги. Аммо, нима бўлганда ҳам қабул қилинган қонунларга амал қилиш ҳаётий зарурият ҳисобланади. Чунки, у нафақат, ҳуқуқлар тизими билан, шунингдек мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий ҳаёти билан боғлиқдир. Уларни ўзида ифодалаган қонунларнинг “ишонмаслиги” ёки поймол қилиниши мавжуд экан, жамият ҳаётида ижобий ўзгаришлар содир бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |