9-МАВЗУ: ФУҚАРО, ФУҚАРОВИЙЛИК ВА ФАОЛ ФУҚАРОЛИК ПОЗИЦИЯСИ
РЕЖА:
Фуқаровийлик, мазмун-моҳияти ва асосий хусусиятлари
Фуқаровий онг ва унинг намоён бўлиш омиллари
Фуқаровий фаоллик ва унинг фуқаролик жамиятидаги ўрни
Fuqаровийлик, мазмун-моҳияти ва асосий хусусиятлари
Мазкур мавзунинг асосий мақсади фуқаролик жамияти барпо этишда фуқароларнинг фаоллиги қандай аҳамиятга эга эканлигини ёритишдан иборат. Зеро фуқаролик жамияти фуқаровий онги ва фаоллиги юксак бўлган фуқаролар ёрдамида барпо этилиши мумкин. Фуқаровийлик мамлакатнинг ривожланиш босқичларида, бошқача айтганда ўтиш даврида яққол намоён бўлади. Бугунги кунда ҳам ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни бошидан кечираётган, аниқроғи фуқаролик жамияти барпо этаётган турли мамлакатларда фуқаровийлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Фуқаровий фаолликнинг негизини англаш учун аввало фуқаровийликнинг назарий моҳиятини тушуниш талаб этилади.
Фуқаровийлик бир давлатга мансубликни англаш, давлатга содиқлик ҳамда ватанпарварлик ҳисси сифатида талқин этилиши мумкин. Бунда давлатни, конституцияни, давлат рамзларини ҳурмат қилиш, давлат тузумини ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишга тайёрлик назарда тутилади. Фуқаровийликни инсонга ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва сиёсий жиҳатдан лаёқатли эканлигини ҳис этишни таъминловчи жамловчи тушунча сифатида ҳам талқин этиш мумкин.
В.Дальнинг қайд этишига қараганда, “фуқаровийлик фуқаролик жамиятини тузиш учун жамиятнинг онги ва билими даражасини ифода этган ҳолатдир”16.
Фуқаровий онг ва унинг намоён бўлиш омиллари
Фуқаролик онги иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий соҳаларда меъёрий, шакллантирувчи, йўналтирувчи, мулоқотга етакловчи сингари ранг баранг вазифаларни бажаради. Бу вазифалар таъсирлашган ҳолда ўзаро кесишадилар ва бир-бирини тўлдиради. Уларнинг кўпчилиги давлат ва унинг институтларига хосдир. Аммо давлат органлари қонунлар, меъёрий ҳужжатлар, қоида ва талаблардан иборат ҳуқуқий доирада фаолият юритса, фуқаролик онги эркин шаклланади. Фуқаровий онг меъёрлари ижтимоий-сиёсий жараёнлар натижасида шаклланади, уни мувофиқлаштирадиган ёки уни амалга оширадиган махсус тузилмалар бўлмайди. Фуқаролик онгининг вазифалари алоҳида индивид эмас, балки бутун жамият фаолияти билан боғлиқ.
Фуқаролик онги жамият ҳаётида турли шаклларида намоён бўлади. Кишилар шахсий ва ижтимоий қадриятлар борасида ўз қарашлари, тасаввурлари, қадриятлари, интилишлари, меъёрларини турли кўринишларида намоён этишади. Жамият, гуруҳлар, шахснинг ижтимоий манфаатлари намоён бўладиган фуқаровий манфаатлар тизим ҳолига келади. Айнан тизим ҳолида бўлганлиги туфайли фуқаровий манфаатлар ҳар бир шахснинг қадриятларини ҳаётга татбиқ этади, унинг жамиятга, давлатга, бошқа фуқароларга нисбатан муносабатини шакллантиради. Фуқаронинг масъулияти, мақсадлари, вазифаларини белгилашга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хусусиятларини шакллантиришга кўмаклашади. Айнан ана шу тарзда шаклланган фуқаровий онг фуқаролик жамиятининг шаклланишига хизмат қилувчи қадриятлар, меъёрлар, ғоя ҳамда тасаввурларни шакллантириш, жамиятни комиллик ва эркинликка етаклашга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |