§5. Вариантлар типологияси
Вариантлилик ҳозирги кунда кўпчилик тилшуносларнинг диққатини
тортмоқда (Умаров Э.”Муҳокаматул луғатайн”да акс этган унлилар. –
“Ўзбек тили ва адабиёти”, 1994, №1-2). Бу ҳодиса тилнинг барча сатҳи учун
характерлидир. Фонологик сатҳда вариантлилик фақат бир томонлама
хусусиятга эга бўлса, юқори сатҳларда икки томонлама моҳият касб этади:
ҳам шаклий вариантлилик, ҳам мазмуний вариантлилик рўй беради.
Вариантлилик ‘‘ҳаракатдаги тил”нинг қонуний маҳсули саналади. Гарчи
вариантлилик тилнинг турли сатҳлари мисолида тадқиқотчилар эътиборини
тортган бўлса ҳам, лекин унинг қандай типлари мавжудлиги масаласида
турли фикрлар баён қилинади.
Шуни таъкидлаш лозимки, инвариант ва унинг нутқ жараёнида
вариантланиши барча тиллар учун умумий бўлса ҳам, аммо унинг хиллари
турли тилларда турлича бўлиши мумкин. Шунинг учун вариантлилик
типлари ва унинг миқдори турли системадаги тиллар ўртасида тенг
келмаслиги табиий.
Вариантлиликнинг барча тиллар учун хос бўлган умумий томонларини
аниқлаш ва унинг типларини белгилаш тилшунослик назарияси учун катта
аҳамиятга эга.
Э.Д.Головина дастлаб вариантлиликни икки гуруҳга ажратади: тил
элементлари вариантлилиги ва тил бирликларининг синтагматик
муносабатлари вариантлилиги. Кейинги вариантлилик тил бирликларининг
валентлик хусусиятига кўра вариантланишини ўз ичига олади. Бошқача
айтганда, лексик ва синтактик тил бирликларининг ўзаро боғланиш
имкониятига кўра вариантланиши синтагматик муносабат вариантлилигини
ҳосил қилади. (Головина Э.Д. К комплексной оценке вариантов слова. В кн.:
Системные отношения в лексике северорусских говоров. Вологда, 1982,
с.58.).
Унинг фикрича, тил элементлари вариантлилигининг ўзи ҳам хилма-
хилдир.
Диалектик логика нуқтаи назаридан шакл ва мазмун узвий боғлиқ.
Нутқий фаолият амалиётида муайян шаклнинг маълум мазмун билан
ассоциациялашуви тилнинг коммуникатив тизим сифатида яшаши учун
имконият яратди. (Смирницкий А.И. Лексикология английского языка. М.,
1956, С.260.).
Лекин нутқ жараёнида мазмун плани билан шакл плани ўртасида кўпинча
номувофиқлик шакл ёки мазмундаги ассоциациялашган идеал моҳиятнинг –
инвариантнинг нутқ жараёнида турлича ўзгаруви – вариантланиши
натижасида рўй беради. Мазмуний вариантлиликда бир лисоний бирликнинг
17
моддий томони бир неча кўринишларда намоён бўлади. Лекин бу моддий
кўринишлар сўзлашувчилар ўртасидаги коммуникациянинг тўғри бўлишига
йўл очади.
Тил структураси даражали бўлгани каби, вариантлилик ҳам даражали
характерга эга бўлади: фонеманинг вариантланиши морфеманинг моддий
томондан вариантлашувига олиб келади; морфема вариантлашуви эса шу
морфема иштирок этган сўзнинг вариантлашувига олиб келади ва ҳ.к.
Фонема нутқ оқимида турли талаффуз шароитида хилма – хил
аллофонлар сифатида талаффуз қилинади. Тилшунослар томонидан
аллофонлар, яъни фонема вариантлари турлича тасниф этилади. Хусусан,
Э.Д.Головина фонеманинг нутқ оқимидаги позициясига кўра вариантларни
тасниф қилади. Бунга кўра, позициялар кучли ва кучсиз позицияларга
ажратилади. Кучсиз позицияда келган аллофонлар фарқловчилик
белгиларини кўпинча йўқотади. Кучли позициядаги вариантлар иккига
бўлинади:
1) асл позицион аллофонлар;
2) комбинатор кучсиз аллофонлар.
Шунингдек, фонема ва морфема вариантларини таснифлашда
Э.Д.Головина сўз усти ва сўз ичи вариантларини ҳам ажратади. Унинг
таъкидлашича, морфема ҳам, фонема ҳам номустақил муайян позиция билан
узвий боғлиқ бўлиб, нутқий жараёнда алломорф ҳолида талаффуз қилинади.
Алломорфлар шакл жиҳатдан ёндош морфема сифати билан мувофиқлашади.
Бундан ташқари алломорф ёндош морфеманинг фонетик тузилиши билан
эмас (фонетик шартланиш), балки ёндош алломорф билан шартланган бўлиши
мумкин (морфемик шартланиш). Дистрибутив шартланган алломорфлар
морфонологиянинг ўрганиш объекти саналади.
Юқоридагилардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, фонемаларда ҳам,
морфемаларда ҳам вариантланиш лексикализациялашмайди. Бошқача айтганда,
сўз устилик хусусиятига эга. Фонема морфема каби эмик бирликларнинг
конкрет нутқий реаллашуви уларнинг турли хил модификациялари саналади.
Бу вақтда вариантлар инварианти кучли позициядаги модификация
ҳисобланади.
Э.Д.Головинанинг фикрича, инвариант, репрезентант ва бошқа
тушунчалар юқоридаги тил бирликлари учун қўлланиши мумкин. Сўз ичи
вариантлари учун эса бундай тушунчаларни қўллаб бўлмайди.
Муаллифнинг таъкидлашича, сўз вариантлилиги фонема ва морфема
вариантлилигидан фарқ қилади. Фонема ва морфема вариантлилиги эмик ва
этик дихотомияга амал қилса, яъни фонема—аллофон (фон), морфема –
алломорф (морф) умумийлик – хусусийлик зидланишига эга бўлса, сўз ундай
хусусиятга эга эмас.
Сўз ичи вариантлилиги шаклий шартланмаганлик, индивидуаллик
хусусиятига эга бўлади. Бу вариантлилик дистрибутив бетараф, маълум
даражада қатъий лексикализациялашган сўзга (калоши – галоши) ёки сўзларга
боғланган бўлади (ноль—нуль; тоннель – туннель).
18
Сўз вариантлари ўз навбатида семантик вариантлар ва шаклий
вариантларга бўлинади. Шаклий вариантлар эса грамматик (шакл ясалиши) ва
нограмматик вариантларга бўлинади.
Нограмматик вариантларнинг ўзи акцент вариантлар (твóрог – творóг),
фонематик вариантлар (зóлото – злато) каби турларга ажратилади.
Юқоридаги фикрлардан шу нарса кўзга ташланадики, Э.Д.Головина сўзда
инвариант – вариантлиликни фонема ва морфема сатҳидаги инвариант –
вариантлиликка қарама-қарши қўяди. Тўғрироғи, у сўз сатҳида эмик – этик
бўлинишни инкор қилади. Натижада, муайян ўлчов тилнинг барча сатҳлари
учун бир хил қўлланилмайди. Бу эса тил структурасидаги сатҳлараро
изоморфизмни очишга тўсқинлик қилади.
Айрим муаллифлар тил структурасидаги лексик сатҳ бирликларида
вариантлилик масаласига тўхталадилар ва бу сатҳдаги вариантлиликни маълум
гуруҳларга ажратадилар. Хусусан, В.В.Виноградов сўз вариантлари ҳақида
фикр юритар экан, унинг хилма-хил кўринишлари мавжуд эканлигини
таъкидлайди: фонологик вариант, экспрессив-морфологик вариант, фоно-
морфологик вариант, экспрессив-услубий вариант, лексик-фразеологик
шаклдаги вариант ва ҳ.к. (Виноградов В.В. О формах слова. Избранные труды
по грамматике. М.: Наука, 1975.С.38-47).
А.И.Смирницкий сўзнинг фонетик, фоно-морфологик, морфологик
(грамматик ва сўз ясалиши вариантлари), лексик-семантик вариантларни
ажратади. (Кўрсатилган асар, 260-бет.).
Ф.П.Филин эса сўз вариантларини фонематик, акцентологик, шаклий-
грамматик турларга бўлади. (Филин Ф.П. О слове и вариантах слова. –
Морфологическая структура слова в языках различных типов. М., 1963.С.128-
133).
Бу муаллифнинг сўз вариантларига эътибор беришининг боиси шундаки,
фонема ҳам, морфема ҳам сўзнинг таркибий-конструктив қисми саналади.
Г.Г.Ивлеванинг таъкидлашича, немис тилида лексик бирликлардаги
вариантлилик ҳам турлича тиллардаги, хусусан, рус тилидаги вариантлиликдан
маълум даражада фарқ қилади. Лексик бирликларнинг морфологик ва
морфонологик вариантлари адабий тил учун хос эмас, балки ҳудудий
фарқланиши билан белгиланади. Масалан, фонематик вариантлар: аккордеон –
аккордион; акцент вариантлилик: ki’osk – c’kiock ”киоска”; морфологик
вариант: das Essay (Essai) – der Essay “очерк, эссе”. (Ивлева Г.Г.О варьировании
слов в немецком языке. – ВЯ.1987. №6. С.112.).
Фонема ва морфемаларнинг вариантлари сўз вариантларининг ҳосил
бўлишида хизмат қилади. Шунинг учун ҳам сўз вариантлари қандай асосда
ҳосил бўлганига кўра фонологик, морфонологик каби типларга ажратилади.
Аслида,
вариантлилик
умумийлик-хусусийлик
диалектикасидаги
хусусийликнинг ифодачиси, умумийликнинг яшаш тарзи экан, ҳаракатдаги
муайян вазифадаги, яъни нутқ жараёнида иштирок этаётган ҳамма бирликлар
учун хосдир. Тилнинг барча сатҳида тил – нутқ дихотомияси амал қилар экан,
ана шу дихотомия инвариант ва вариант зидланиши орқали юзага чиқади. Шу
билан бирга, қуйи сатҳ бирликларининг вариантланиши юқори сатҳ
19
вариантланиши учун асос бўлади ёки, аксинча, юқори сатҳ бирликларининг
ўзаро синтагматик муносабати қуйи сатҳ бирликлари вариантлари
парадигмасидан бири билан синтагматик хосланиш орқали вужудга келади.
Шундай экан, инвариант-вариант зидланишининг ўзига хос хусусиятлари
ва вариантлар турларини белгилашда тилнинг муайян бир сатҳига асосланган
ва бир сатҳда белгиланган мезон бошқа сатҳларга нисбатан ҳам қўлланмоғи
лозим.
Машҳур тилшунослар Н.С.Трубецкой ва Л.В.Шчербалар худди шу
йўлдан бориб, тил структурасининг энг қуйи сатҳи бўлган фонологик сатҳда
инвариант –вариант зидланиши ва вариантлар турларини кўрсатиб бердилар.
Н.С.Трубецкой “Фонология асослари” китобида фонема вариантларини
қуйидаги белгиларига кўра тасниф этади:
1. Тилда зарурийлиги нуқтаи назаридан: доимий ва факультатив
вариантлар. Маълум бир фонеманинг муайян бир шахс томонидан бошқачароқ
талаффуз қилиниши факультатив вариант саналади ва у одатдаги талаффузга
(доимий вариантга) қарама-қарши қўйилади. Масалан, Р фонемасининг саҳнада
маълум бир актёр томонидан бўрттириб, кучли титроқ ҳолда талаффуз
қилиниши: тур-рмайман.
2. Позицион хосланиш нуқтаи назаридан: комбинатор ва комбинатор
бўлмаган вариантлар.
3. Тил меъёрига нисбатан: умумий ва хусусий вариантлар. Маълум бир
тилнинг меъёр доирасида талаффуз қилинган вариант умумий, меъёрдан
четлашган вариант хусусий вариантлар саналади.
4. Функционал (қўлланиш доираси) нуқтаи назаридан: услубий хосланган
ва услубий хосланмаган вариантлар.
Услубий хосланган вариантлар, ўз навбатида, яна икки гуруҳга ажралади:
1) эмоционал вариантлар; 2) турли социал услубларни акс эттирувчи
вариантлар. Кейинги вариант қуйидагиларни ўз ичига олади: а) нейтрал, б)
вулгар, в) аристократик вариантлар. (Общее языкознание. Внутренняя
структура языка. М.: Наука, 1972. С.162.).
Л.В.Шчерба вариант атамасининг ўрнига оттенка атамасини қўллайди.
Унинг фикрича, умумийликнинг (фонеманинг) талаффуз қилинган реал
кўринишлари оттенкалардир. Бошқача айтганда, нутқдаги барча реал талаффуз
қилинувчи товушлар оттенка ҳисобланади.
Л.В.Шчерба оттенкаларни ҳам тасниф қилади. Фонеманинг оттенкалари
ичида биттаси турли сабабларга кўра шу фонема учун типик бўлади. Алоҳида
талаффуз қилинган оттенка ана шундай типик оттенка саналади ва фақат шу
оттенка реал нутқий элемент сифатида тилга олинади. Бошқа оттенкалар эса
типик оттенкага нисбатан турлича фарқ билан талаффуз қилинади. Уларни
ўрганиш учун эса махсус “эшитиш кўникмаси” керак бўлади (Нурмонов А.
Ўзбек тили фонологияси ва морфонологияси. Т., 1990, 8-10-бетлар.).
Л.В.Шчерба фонема оттенкаларини ажратишнинг бош мезони сифатида
нутқий қуршовда бири ўрнида бошқасининг кела олмаслик белгисини олади.
Акс ҳолда, улар бошқа-бошқа фонемаларнинг вакиллари саналади. Бу белги
Америка тилшунослигида қўшимча дистрибуция номи билан машҳур бўлди.
20
Юқоридаги фикрларни умумлаштирган ҳолда, вариантларнинг қуйидаги
таснифини бериш мумкин:
1.
Мажбурийлик – мажбурий эмаслик белгисига кўра: мажбурий вариант,
факультатив вариант.
2.
Умумийлик – хусусийлик белгисига кўра: индивидуал вариант, умумий
вариант.
Мажбурий вариантлар, ўз навбатида, яна қуйидаги турларга ажралади:
комбинатор, позицион ва услубий вариантлар. (Манба: Набиева Д. Ўзбек
тилининг турли сатҳларида умумийлик—хусусийлик диалектикасининг намоён
бўлиши. Т., 2005. 31-37-бетлар).
Do'stlaringiz bilan baham: |