Умумий психология фанидан маърузалар матни
1 - МАВЗУ: ПСИХОЛОГИЯ ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ, РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ ВА ТАРМОҚЛАРИ
Режа:
Психология ҳақида тушунча
Психология фанининг вужудга келиши
Психология фанининг фан сифатида шаклланиши
Психологиянинг ўрганилиш босқичлари
Мия ва психика
Таянч иборалар: Психика. Психик жараёнлар. Психология. Психик ҳолатлар, онг, онгсизлик афферентация, бихевиоризм, динамик стереотип, дуализм, илмий психология, интроспектив психология.
ПСИХОЛОГИЯ ҲАҚИДА ТУШУНЧА
Шахс ҳақида фикр юритувчи фанлар сирасига психология ва педагогика фанларини киритиш мумкин. Шунга кўра педагогика шахсни таълим-тарбия жараёнида камол топишини тадқиқ қилса, психология шахсда кечадиган руҳий жараёнларни ўрганади.
Психология сўзининг луғавий маъноси грекча псюхе – жон, руҳ, логос – фан, таълимот деган маънони англатади. Психология фан сифатида психик фактлар, уларнинг қонуниятлари ва механизмларини ўрганади.
Психология фанининг предметини – шахснинг психикаси ва унинг психологик хусусиятлари ташкил қилади.
Психология асосан психикани кенг доирада тадқиқ қилади. Шунга кўра психикани юзга келтирувчи асосий психик фаолиятлар кўрсатилади. Айнан психик фаолиятлар қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:
- билиш фаолиятлари: диққат, нутқ, фаолият;
- билиш жараёнлари: сезги, идрок, хотира, хаёл, тафаккур;
- шахснинг, ҳиссий, иродавий соҳаси: - ҳиссиёт, ирода;
- шахснинг индивидуал психологик хусусиятлари: темперамент, характер, қобилият.
Шунга мувофиқ бир қатор олимлар томонидан психикага таърифлар берилиб, унинг мазмун моҳияти очиб берилган. Жумладан, профессор М.Г.Давлетшин фикрича, психика деганда – олий даражадаги материянинг (миянинг) хусусияти тушунилиб, у объектив борлиқни акс эттирилишида намоён бўлади, субъект фаолиятини маълум мақсад асосида йўналтиради ҳамда хулқ-атвор негизида шаклланади, профессор В.М.Каримова фикрича психика – инсон руҳиятининг шундай ҳолатики, у ташқи оламни (ички руҳий оламни) онгли тарзда акс эттиришимизни, яъни билишимиз, англашимизни таъминлайди.
Жонсиз материя учун акс эттиришнинг механик, кимёвий ва физик турлари хосдир. Масалан, кўзгунинг акс эттириши, сувдаги таъсир ва бошқалар. Жонли материя учун акс эттиришнинг физиологик, психик акс эттириш турлари хос бўлиб, онг ва ўзини-ўзи англаш унинг энг юқори босқичидир. Психик акс эттириш қуйидаги хусусиятларга эга:
объектив борлиқни тўғри акс эттириш имкониятини беради;
шахснинг фаолияти давомида мукаммалликка эришиб боради;
доимо ривожланиб ва такомиллашиб боради.
Шахснинг индивидуаллиги орқали ўзини намоён қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |