Бизнес, корхона, фирма капитал мулк ва баҳолаш объектлари сифатида.
Оддий тушуниш бўйича ўзининг ташқи аломати – инсоннинг ашё устидан ҳукмронлик қилиши билан ифода этилади. Ашёга фақат субъект: жисмоний ва юридик шахс, шу жумладан маъмурият вакилларига ўзининг мулкчилик ҳуқуқини тақдим этадиган давлат эгалик қилиши мумкин.
Мулкчилик субъекти – бу иқтисодий жиҳатдан бошқалардан ажралиб турадиган юридик ёки жисмоний шахс бўлиб, у муайян объектга (капитал, ер) ва тегишли иқтисодий манфаатларга эгалик қилади. Иқтисодий манфаатларни амалга ошириб, субъектлар иқтисодий муносабатларга киришадилар, хусусан уларга тегишли бўлган объектларга эгалик қилиш, бошқариш ва фойдаланиш борасида. Шундай қилиб, мулк – бу субъектлар орасидаги муносабатдир. Субъект ва моддий (ёки маънавий) неъмат ўртасида муносабатлар бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Фақатгина муайян неъматга эгалик қилиш, уни бошқариш ва ундан фойдаланиш борасида муайян субъектлар ўртасида муносабатлар бўлиши мумкин. Мулкнинг ана шундай тушунилиши барча иқтисодий, юридик, ташкилий-бошқарув жараёнлари асосига, шу жумладан унинг қийматини аниқлаш, баҳолаш асосига киритилган. Бозор баҳоси фақатгина муайян объектнинг ташкилий элементларининг – ишлаб чиқариш омилларининг мажмуасини эмас, балки унга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини тартибга соладиган иқтисодий муносабатларни ҳам ҳисобга олиши лозим.
Замонавий шароитларда ҳар қандай мулкчилик объекти даромад манбаи ва бозор битими объекти бўлиши мумкин, жумладан бундай объектлар қаторига эгалик қилувчининг ҳуқуқлари ҳам киради. Бунда асосий қизиқишни даромад олиш жараёни, фойда келтирувчи мулк сифатида қаралган бизнес уйғотади. Бизнеснинг асосини унинг ажралмас қисми сифатида капитал ташкил этади. Капитал замонавий иқтисодий тизимнинг моддий базаси ҳисобланади. Ривожланишнинг турли босқичларида иқтисодиёт фани уни турлича талқин қилган. Ожегов ўз луғатида иккита маънони келтиради: ёлланма ишчи кучидан фойдаланиш натижасида қўшимча қиймат (ўзи ўсиб борадиган) келтирадиган қиймат; пуллар, катта миқдордаги пуллар. Кўпчилик иқтисодчи олимлар бир-бирига ўхшаш бўлган тавсиф берадилар: капитал – бу бойлик, ишлаб чиқариш воситалари, ишлаб чиқариш омиллари, яъни инвестицияланган меҳнат, даромад келтирувчи меҳнатнинг турли моддий-ашёвий шаклларидир. Даромад олиш жараёни муайян иқтисодий муносабатларни, шу жумладан мулкчилик муносабаларини назарда тутади. Демак бундан ташқари капитал – бу ишлаб чиқаришнинг моддий-ашёвий омилларидир, бундан ташқари унга даромадни юзага келтириш жараёни субъектлари орасидаги иқтисодий муносабатлар ҳам киради.
Мулк ва капитал муайян ташкилий тузилмалар – корхоналар, ташкилотлар, фирмалар, шунингдек муайян бизнес соҳаси доирасида шаклланади ва ишлатилади. Шунингучун уларнинг бозор баҳосини аниқлаш уларнинг муайян шаклига нисбатан бажарилади.
Гарчи корхона ва фирма ўзининг ички иқтисодий мазмуни сифатида капиталга эга бўлса-да, улар орасида фақатгина умумий жиҳатлар бўлмасдан,балки тафовутлар ҳам мавжуд бўлади. Умумий бўлиб моддий, меҳнат, пуллик, ахборот асоси хизмат қилади, фарқи эса самарадорлик, рақобатбардошлик, бозордаги аҳвол ва ривожланиш истиқболларига таъсир кўрсатадиган номоддий активларда акс этади. Фирманинг номоддий активларида фирманинг номи, фирма белгилари, технологиялар, амалга оширилган ёки потенциал бўлган қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилувчи маркетинг тизими ажралиб туради.
Бизнес – муайян фаолият бўлиб, у муайян тузилма ичида ташкил этилади. Унинг асосий мақсади – фойда олишдир. Шундай қилиб, капитал фойда олиш мақсадида амалга ошириладиган товар ёки хизматни яратиш борасидаги ҳар қандай жараённинг ички мазмунини ташкил қилади. Фойда олиш – бу иқтисодиётнинг кўпчилик соҳаларидаги фаолиятнинг мақсади ва якуний натижасидир, яъни бизнеснинг мақсади ва натижасидир. Ҳар қандай бизнес корхона кўринишидаги ўзининг иқтисодий-ташкилий шаклига эга бўлади. Корхона ўзининг бозорда ўрнини эгаллаш, ўзига ўхшаганлар орасида ўзини намойиш қилиш, ўзининг махсус хусусиятларини мустаҳкамлаш мақсадида ўз фирма номи ва белгилари кўринишидаги фарқ қиладиган атрибутларни яратади. Фирма – бу муайян корхонанинг белгиси, номи бўлиб, улар ушбу соҳада ўзининг асосида капитал бўлган бизнеснинг иқтисодий-ташкилий шакли бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |