8.3. Йиғилган эскиришни баҳолаш
Йиғилган эскириш – бу кўчмас мулк объектининг жисмоний, функционал ва ташқи эскириш билан боғлиқ умумий қийматининг йўқолиши (қадрсизланиши) дир.
Йиғилган эскириш қиймати ажратиш усули билан ҳисобланади. Бунда умумий ҳолда эскиришнинг барча турлари кўриб чиқилади, жумладан:
жисмоний эскириш (тикланадиган ва тикланмайдиган);
функционал эскириш (тикланадиган ва тикланмайдиган);
ташқи ёки иқтисодий эскириш.
Жисмоний эскириш - бу эксплуптация жараёнида ва атроф-муҳит таъсири остида объектнинг эскириши билан белгиланадиган унинг техник-иқтисодий кўрсаткичларининг ёмонлашувидир.
Функционал эскириш - бу функционал фойдалилик нуқтаи назаридан объектнинг замонавий талабларга мос келмаслигидир. Бунда кўчмас мулк объектининг айрим хусусиятлари унинг истеъмол жозибадорлигининг камайтиради. Эскиришнинг бу тури бинонинг эскирган архитектураси, тархи, муҳандислик таъминоти кабиларда намоён бўлади ва амалиётда бу маънавий эскириш деб аталади.
Ташқи (иқтисодий) эскириш (ташқи муҳит таъсири остида эскириш) -бу иқтисодий, сиёсий ва бошқа омиллар таъсири остида атроф-муҳитнинг ёмонлашуви туфайли бино қийматининг пасайишидир. Ташқи эскиришнинг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин: объект жойлашган ҳудуд нуфузининг умумий пасайиши; ҳокимият ёки маҳаллий маъмурият органларининг солиққа тортиш, суғурталаш соҳаларидаги ҳаракатлари; меҳнат бозори, дам олиш, таълим ва ҳ.к. соҳалардаги бошқа ўзгаришлар. Иқтисодий эскириш жисмоний ва маънавий эскиришлардан фарқли, равишда ҳар доим тикланмайдиган бўлиб ҳисобланади.
Тикланадиган, яъни объектни жисмоний қайта тиклаш мумкин бўлган ва бу ҳаракат иқтисодий жиҳатдан ўзини оқланадиган эскириш, ҳамда тикланмайдиган, яъни кўчмас мулк объектини жисмоний тиклаш ўзини оқламайдиган даражада эскиришлар фарқланади.
Жисмоний эскиришнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлиши мумкин: 1-тур жисмоний эскиришга объектнинг нормал эксплуатацияси натижасида эскириши ва 2-тур жисмоний эскиришга табиий офатлар, авариялар, объект эксплуатацияси қоидаларининг бузилиши натижасида эскириш киради. Шуни назарда тутиш керакки, кўчмас мулк объектини эксплуатация қилиш жараёнида унинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари доимий равишда ёмонлашиб боради, лекин объект техник кўрсаткичларининг бир онда ёмонлашиши ҳам рўй бериши мумкин (электрўтказгичнинг узилиши, ёнғин ва ҳ.к).
Эксплуатациянинг меъёрий хизмат муддатлари икки турдаги: хизмат муддати узоқ ва қисқа элементлар учун ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |