Нархни шакллантиришда ташқи омиллари. Нархни шакллантириш даражасига таъсир этувчи ташқи омиллар қуйидагилар:
бозор тури;
истеъмолчи томонидан маҳсулотнинг нархи ва қадр-қиммати орасидаги нисбатнинг баҳоланиши;
рақобатчилик;
мамлакатдаги иқтисодий ҳолат;
инфляция даражаси;
давлат бошқаруви;
воситачиларнинг ҳатти-ҳаракати.
Корхонанинг маҳсулотлари реализация қилинадиган бозор тури нархга юқори даражада таъсир этади.
Охир-оқибатда нархнинг қанчалик “тўғри” лигини истеъмолчи ҳал қилади. Нархни шакллантириш жараёнини маҳсулотга бўлган талабни аниқлаш ва маҳсулотнинг нархи ва қадр-қиммати орасидаги нисбатни баҳолашдан бошлаш керак. Ҳар бир белгиланган нарх истеъмолчининг бозор таклифига бўлган жавобини тавсифловчи талаб ҳажмини кўрсатади. Талаб ҳажмига боғлиқ бўлган нарх талаб эгри чизиғи ёрдамида кўрсатилади.
Талаб эгри чизиғи маълум бозорда белгиланган вақт оралиғида маҳсулот нархи турли даражада бўлганда шу маҳсулот қанча миқдорда сотиб олинишини кўрсатади. Кўп ҳолларда, нарх кўтарилган сари талаб камайиб боради.
Нархни шакллантириш омиллари нарх эластиклигини ҳам ўз ичига олади (4.3-расм).
Нархни шакллантиришда бозор омиллари таъсирида нарх ўзгаришига боғлиқликни тавсифловчи талаб эластиклиги кўрсаткичидан фойдаланиш мумкин. Талабнинг нарх эластиклиги ва истеъмолчилар даромадларига боғлиқ талаб эластиклиги (ўхшаш тарзда ҳисобланади) фарқланади. Расмда талабнинг икки эгри чизиғи кўрсатилган бўлиб, бунда нархнинг Н1 дан Н2 гача ўсиши (1.1.А-расм) талабнинг нисбатан секин пасайишига (Т2 дан Т1 гача) олиб келади. Бунда талаб ноэластик деб аталади. Бунга мисол қилиб коммунал хизматлар тарифларини келтириш мумкин. 1.1.Б-расмда кўрсатилган нархнинг шундай ўсиши талабнинг ўсишига олиб келади ва бу эластик талаб дейилади. Мисол учун, бундай нархлар иккиламчи эҳтиёж товарлари (яхта, автоулов ва ҳ.к.) да учрайди.
Нархнинг ўзгаришига бўлган талабнинг эластиклик даражаси талаб ҳажмининг фоизлардаги ўзгаришини нархнинг фоизлардаги ўзгаришига нисбати сифатида аниқланадиган талабнинг нарх эластиклиги коэффициенти билан тавсифланади. Масалан, агар нарх 2% ўсганда талаб 10% га камайса, талаб эластиклиги коэффициенти -5га тенг бўлади (“-” нарх ва талаб ўртасидаги тескари алоқани билдиради).
Одатда мазкур коэффициент салбий катталик бўлади. Амалий нуқтаи назардан қуйидаги қонуниятни келтириб чиқариш мумкин: агар нархнинг пасайиши сотувлар ва айланма ҳажмини, паст нархлардан келган йўқотишларни қоплайдиган даражада, оширса талаб эластик, акс ҳолда талаб ноэластик бўлади; агар нархнинг ўзгариши талаб ва таклифга таъсир қилмаса, бу ҳолатда бозор шароити мавжуд эмас деб ҳисобланади. Шундай қилиб, эластик талабга эга маҳсулотлар сотувидан олинадиган даромад, унинг нархи маълум чегараларда пасайган ҳолатда, ўсиши мумкин.
Умумий ҳолда нархнинг турли даражаларига боғлиқ равишда талабнинг ўзгаришини кўрсатувчи эластикликнинг чизиғи эгри шаклга эга бўлади. Бундан, келиб чиқадики, нархлар қанчалик кўп кўтарилса харидор унинг ўзгаришига шунчалик сезувчан бўлиб қолади, нархларнинг пасайишида ҳам шу ҳолат кузатилади.
Агар реализация ҳажмига нарх даражасининг таъсири ҳақида етарли статистика мавжуд бўлмаса, у ҳолда нарх эластиклигини эксперементал сотувлар эвазига аниқлаш мумкин. Масалан, танланма бозорда қисқа муддат учун таҳлил қилинаётган маҳсулот нархи беш фоизга кўтарилади. Агар нархнинг кўтарилиши сотувлар ҳажмига таъсир этмаса, ушбу амалиёт барча бозорлар учун қўлланилади.
Рақобатчилик, иқтисодий ҳолат, давлат бошқаруви омиллари корхона томонидан ўзгартирилмайди. Шунинг учун ушбу нархни шакллантириш омилларини имкон қадар ўз фойдасига қўллай билиш лозим. Маълумки, харажатлар ҳисобига юзага келадиган инфляция маҳсулот нархининг кўтарилишига сабаб бўлади. Воситачилар ҳатти-ҳаракатларини қуйидагича таърифлаш мумкин: нархнинг шаклланиши савдо воситачиларига уларнинг меъёрий даромадларини келтириши, уларни ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг ҳамкорига айланишига кўмаклашиши ва воситачиларни маҳсулотни самарали реализация қилишларини таъминлаши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |