8-мавзу. Биноларнинг ҳажмий-режавий ва конструктив ечимлари
8.1. Биноларнинг ҳажмий-режавий ва конструктив тавсифлари
Бинонинг ҳажмий-режавий ечимлари деб, хоналарнинг ўзаро жойлашувини белгиловчи
ички кенгликни ташкиллаштириш ҳисобланади. Ҳажмий-режавий ечим бинонинг
фойдаланиш соҳаси ва ҳажми, шаҳарсозлик ва иқтисодий кўрсаткичлар, иқлим ва
маҳаллий омилларга боғлиқ бўлади. Фуқаролик бинолари учун ушбу ечим
қулайликнинг тегишли даражасини таъминлаши, саноат бинолари учун уларда ишлаб
чиқариш жараёнини ташкил қилиш ва ускуналарни жойлаштиришга энг яхши
шароитларни яратиб бериши лозим.
Хоналар, қаватлар бўйича бинода режалаштирилиётган жараёнларнинг кетма-
кетлигини аниқловчи, функционал ёки технологик схема асосидаги режада
гуруҳланади. Шу нуқтаи назардан ўзаро боғлиқ хоналарни уларнинг бир-бири билан тез
алоқага киришиши, коммуникация, одам ва юк оқимлари кесишмайдиган ҳолда
гуруҳланади. Режада бинолар оддий шаклда, бир ёки бир неча тўғри тўртбурчаклар
кўринишида лойиҳаланади.
Бинонинг ташқи ҳажми умумий йирик шаклда ёки тенг ёки нотенг баландлик ва
ҳажмдаги бўлакларга бўлинган ҳолда берилади.
Бинонинг ички қисми ҳажмий-режавий элементлар (қаватлар, секциялар, зинапоя
маршлари, алоҳида хоналар)га бўлинади. Секция маълум функционал ёки технологик
жараёнлар учун мўлжалланган бир неча алоҳида квартиралар ёки хоналар гуруҳидан
ташкил топади. Қаватлар баландлиги, оралиқ ва қадам биноларнинг асосий ҳажмий-
режавий кўрсаткичлари ҳисобланади.
Оралиқ – деворларнинг бўйлама кесим ўқи ёки бинонинг колонналари оралиғидаги
масофадир; қадам – уларнинг кўндаланг ўқи орасидаги масофа. Қаватнинг баландлиги
чегарадош қаватларнинг поллари юзаси орасидаги масофа билан ўлчанади, бир қаватли
биноларда эса, пол юзаси ва қопламанинг юк кўтарувчи конструкцияси ёки
бириктирилган том билан оралиқ масофа ҳисобланади.
Саноат бинолари уларнинг қўлланиш соҳаси, қаватлар сони ва ички транспорт турлари
бўйича гуруҳланади.
Қўлланиш соҳаси бўйича саноат бинолари асосий ишлаб чиқариш, ёрдамчи ва хизмат
кўрсатувчи (энергетика ва омборхона) биноларига бўлинади.
Асосий ишлаб чиқариш биноларида тайёр махсулотлар, ярим тайёр махсулотлар ёки
ишлаб чиқариш учун асосий материал чиқариладиган цехлар жойлашади.
Ёрдамчи биноларда асосий ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиувчи (таъмирловчи,
инструментал ва ҳ.к.) ҳамда бошқарув, лаборатория, ошхона бинолари кабилар
жойлашади.
Энергетика биноларида асосий ишлаб чиқариш биноларини энергия билан таъминловчи
(қозонхона, электр станциялари, газ генераторлари ва ҳ.к.) бинолар жойлашади.
Омборхоналарга тайёр маҳсулот, хомашё кабиларни сақлашга хизмат қилувчи бинолар
киради.
Тайёрланаётган маҳсулотга боғлиқ равишда турли технологик жараёнлар турлича
майдон ва баландликдаги бино, турли ускуналар, юк оқим йўналишлари ва ташкилий
жараёнларни талаб қилади. Баъзида ишлаб чиқариш жараёнида ҳаво билан бирикиши
натижасида портлаш эҳтимоли мавжуд бўлган катта хажмдаги иссиқлик ва моддалар
ажралиб чиқади. Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда саноат бинолари икки турга
бўлинади: бир қаватли ва кўп қаватли.
Бир қаватли биноларда технологик жараёнлари йирик ҳажмли ускуналар, кранлар ёки
махсус кўтарувчи транспорт ускуналарини жойлаштириш учун катта ва баланд
биноларни талаб этувчи ишлаб чиқаришлар жойлашади. Бу турдаги биноларда катта
хажмдаги иссиқлик ажратувчи ишлаб чиқаришлар жойлаштирилади.
Бир қаватли бинолар саноат биноларининг энг кўп тарқалган тури ҳисобланади. Уларда
қора металлургия, оғир саноат, машинасозлик саноати, кимё саноати корхоналари,
оғирлиги 0,5 тоннадан кўп бўлган деталларни йиғувчи цехлар жойлашади.
Кўп қаватли биноларда технолгик жараёнлари оғир ускуналарни ҳамда катта оралиқлар,
баланд ва йирик колонналар тўрини талаб этмайдиган ишлаб чиқаришлар
жойлаштирилади.
Кўп қаватли биноларда енгил саноат заводлари, радиотехника саноати цехлари, баъзи
кимё саноати корхоналари, ёғоч қайта ишловчи ва озиқ-овқат саноати заводлари
жойлашади. Шу каби битта бинода асосий ишлаб чиқариш ва ёрдамчи цехлар,
маъмурий-маиший хоналар ҳамда омборхона кабилар жамланган бўлади.
Кўп қаватли биноларнинг бир қаватлиларига нисбатан афзаллиги шундаки, уларда
завод ҳудудлари ва завод ичидан ўтган муҳандислик коммуникацияларининг йўли
қисқаради, ободонлаштириш харажатлари камаяди. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, кўп
қаватли бинолардаги кенглиги 18 м.гача бўлган 1м
2
саноат майдонининг қиймати
колонналар тўри 18х6 бўлган бир қаватли бинолардаги майдонларнинг қийматидан 10-
15% га юқори бўлади.
Бир қаватли биноларнинг кўп қаватлиларига нисбатан афзаллиги эса цех ичида
транспорт ҳаракатини ташкил этишнинг осонлиги ва бино конструкцияларининг
сезиларли енгиллашганлиги билан изоҳланади. Бир қаватли саноат бинолари ишлаб
чиқарилаётган маҳсулот оғир технологик ускуналарни талаб этувчи оғирликка эга
бўлган ҳолларда қурилади.
Бир қаватли саноат биносининг юк кўтарувчи синчи сифатида унинг кўндаланг рамаси
ва у билан алоқадор бўлган бўйлама элементлари хизмат қилади.
Қовурға устунларининг қадами 12 м ва ундан ортиқ бўлганда лойиҳалашда стропила
ригели ости конструкциялари қабул қилинади. Бу конструкция устида ҳар 6 ёки 12 м да
ригел ёки ферма ўрнатилади. Баъзи ҳолларда эса 12 мм ёпмалар ишлатилади холос
(қадам 12 м оўлиб, осма юк кўтаргичлар ишлатилмаса).
Юпқадеворли фазовий конструкциялар кўринишидаги ёпмалар (қобиқли, гумбазли,
букланувчан) жуда истиқболли ҳисобланади.
Кўп қаватли саноат бинолари, одатда, тўлиқ темирбетон қовурға билан деворлари ўзини
кўтарувчи ёки осма қилиб лойиҳаланади. Қовурғанинг асосий элементлари бўлиб
устунлар, ригеллар, ораёпмалар, томёпмалар ва боғловчилар хизмат қилади.
Йиғма темирбетон қовурғалар рамали, рамали-боғламли ёки боғламли тизим ечимида
ишланиши мумкин. Қовурғанинг рамали тизимида бинонинг фазовий бикрилиги ҳам
тик, ҳам горизонтал юкларни қабул қилувчи қовурғанинг рамаси томонидан
таъминланади. Рама боғламли тизимда тик юклар қовурға рамаси томонидан қабул
қилинса, горизонтал юкларга рамалар ва тик боғламалар тўсиқлик килади.
Боғламали тизимда тик юкларни қовурғанинг устунлари қабул қилса, горизонтал
юкларни вертикал боғламалар қабул қилади.
Рама-боғламали тизимнинг баъзи афзалликлари бор. Бу афзалликлар қуйидагилардан
иборат: конструктив ечимда элементларнинг туташган тугунлари соддалашади;
метални иқтисод қилишга эришилади ва уларни бирхиллаштириш имконияти
яратилади. Айрим ҳолларда ушбу вариантнинг ечими ригелли ораёпма ёки бикр
темирбетонли қуйма ўзакли (ядроли) конструкцияда ишланади.
Биноларда ёнғин хавфини олдини олиш учун ёнғинга қарши тўсиқдеворлар -
брандмауэрлар, ёнғинга қарши қисмлар, кўп қаватли биноларда эса ёнғинга қарши
ораёпмалар ўрнатилади. Брандмауэрлар томдан 0,6 м (томнинг бирор материали ёнувчи
бўлса) ёки 0,3 м баланд бўлиши зарур. Ёнғинга қарши қисмларнинг эни 6 м бўлиб, улар
бинони бутун эни бўйлаб бўлимларга ажратади.
Демак, саноат биноларининг ҳажм-режавий ҳамда конструктив ечимлари юқорида баён
этилган тартибда асосли ишлаб чиқилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |