2-мавзу. Молиявий сиёсат
Режа:
Молиявий сиёсатнинг мазмуни ва тамойиллари.
Молиявий бошқарувнинг барча тизими давлатнинг молиявий сиёсатига асосланиши. Молиявий сиёсатнинг молиявий бошқарув тизимида энг асосий элемент ҳисобланиши.
Молиявий сиёсат давлатнинг молиявий муносабатлар соҳасидаги
мустақил фаолияти эканлиги.
Молиявий сиёсатнинг таркибий қисмлари. Бюджет сиёсати, солиқ
сиёсати, кредит сиёсати, баҳо сиёсати, инвестицион сиёсат, ижтимоий-молиявий сиёсат, бож сиёсати.
1-савол баёни. Ҳар кандай жамиятда ҳам давлат субъект сифатида ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда молиядан фойдаланади. Ушбуларни ҳаётда амалга ошириш жараёнида молия сиёсати етакчи ўринни эгаллайди. Сиёсат – бу давлатнинг ўз функцияларини ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган ҳамма йўналишлар, чора ва тадбирлар йиғиндисидир. Ижтимоий муносабатлар соҳаларига боғлиқ ҳолда ва уни сиёсий таъсир кўрсатувчи объект деб қараганимизда – иқтисодий ва ижтимоий, маданий ёки техник, молия ёки кредит, ички ёки ташқи сиёсатлар тўғрисида фикр юритамиз. Сиёсатнинг асл маъноси давлатни бошқариш санъати деган маънони англатади. Сиёсат, сиёсий таъсир ёхуд сиёсий бошқариш уч муҳим элементлардан иборат бўлади: Биринчидан, жамиятнинг ҳаётига оид бўлган асосий вазифалар ва мақсадлар аниқланади ва белгиланади; Иккинчидан, шу аниқланган истиқболли ва яқин келажакдаги вазифалар ва мақсадларга эришиш учун энг қулай, энг яхши натижа берадиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади; Учинчидан, шу аниқланган ва белгиланган вазифаларни бажариш ташкил этилади. Иқтисодий сиёсат – хўжалик юритишнинг тамойиллари ва шакллари, иқтисодиётни ривожлантириш вазифаларини ечишдаги усуллар, чора-тадбирлар ва фаолиятлар йиғиндисидир. Бозор иқтисодиёти шароитида молия сиёсати – бу молиявий ресурсларни жамлаш, уларни давлатнинг ўз функция ва вазифаларини амалга ошириш учун тақсимлаш ва ишлатиш шакл ҳамда усулларида намоён бўлувчи тадбирлар йиғиндиси ҳисобланади. Маълумки, мамлакатнинг молиявий сиёсати қатор омилларга: иқтисодиётнинг ривожланиш даражаси, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мақсадларда, уларга эришиш муддатлари ва, ҳаттоки, миллий удумларга ҳам боғлиқ бўлади. Ижтимоий ҳаётнинг эволюцион ривожланиши ва давлат тизимининг барқарорлик даврида мамлакатнинг ички ва ташқи молиявий сиёсати мавжуд ижтимоий муносабатларни сақлаб қолиш ва ўзгартиришга йўналтирилган. Молиявий сиёсат давлат иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми бўлиб майдонга чиқади. У ресурсларни (манбалар) жалб этиш, уларни тақсимлаш, ишга солиш ва фойдаланишга йўналтирилган давлат чора-тадбирлари йиғиндисидир.
Молиявий сиёсат ўз-ўзини босиб турувчи мустақил аҳамиятга эга тизимлар йиғиндиси бўлиб, бир вақтнинг ўзида ижтимоий фаолиятнинг ҳар қандай соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади. Бу ерда унинг иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, ҳарбий ислоҳотлар ёки халқаро муносабатлар бўлиши принципиал аҳамиятга эга эмас. Мамлакатимиз молия соҳасининг етакчи олимлардан Т.С.Маликов молиявий сиёсатни қуйидагича изоҳлайди: “Молиявий сиёсат – бу молиядан фойдаланиш методлари ва методологик принциплари мажмуидир (йиғиндиси)”7. Ҳақиқатан ҳам молия сиёсати молиядан фойдаланиш методлари ва методологик принципларини ифода этади.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, айрим ҳолларда молиявий сиёсат давлатнинг ўз функциялари ва вазифаларини бажариши учун молиявий муносабатлардан фойдаланиши билан боғлиқ бўлган давлат органларининг маълум бир фаолияти сифатида талқин этилади. Бундай талқин ўзида бир неча жиҳатларни мужассамлаштиради. Хусусан, миллий иқтисодиёт тараққиётида давлатнинг роли тўғрисидаги жамиятда ҳукмрон бўлган тасаввурларга мувофиқ равишда давлатнинг вазифа ва функциялари ҳам ўзгаради, трансформациялашади. Масалан, мамлакат иқтисодиётига давлатнинг аралашуви аҳоли турмуш даражаси, ижтимоий-иқтисодий шароитларни тенглаштиришга хизмат қилади ва шу каби давлат функциялари ва вазифаларини аниқлайдиган бошқа бир қанча масалалар ҳамон мунозаралигича қолмоқда.
Боз устига, молиявий сиёсатдан фақат давлатнинг функцияларини бажариш воситаси (инструменти) сифатида фойдаланиш давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари билан молия тизимининг бошқа субъектлари, яъни мамлакат аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектлар манфаатлари ўртасида қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради. Молиявий сиёсатнинг энг асосий хусусияти шундай иборатки, у мамлакат ишлаб чиқарувчи кучларининг ривожланиши ва иқтисодий жараёнларнинг самарали амалга оширилишига узлуксиз равишда таъсир кўрсатиб боришга йўналтирилган бўлиши керак. Бундай сиёсат аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлайди, давлат даромадлари манбаини кўпайтириб, молиявий нуқтаи назардан энг юқори натижаларни бериши мумкин. Молиявий сиёсатнинг ана шунга йўналтирилиши орқали унинг қуйидаги энг асосий мақсадини аниқлаш мумкин: жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш ва турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш учун молиявий шароитларни яратишдир.
Молиявий сиёсатга қуйидагича бошқа таъриф ҳам бериш мумкин: молиядан фойдаланишнинг методлари, уни ташкил қилишнинг амалий шакллари ва методологик принципларининг мажмуига (йиғиндисига) молиявий сиёсат дейилади.
Дунёнинг барча мамлакатларида молиявий сиёсат молия тизими орқали амалга оширилиб, унинг фаолияти қуйидаги принциплар асосида қурилади:
молия тизими бўғинларининг ўзига хос бўлган хусусиятларини инобатга олиб молиявий бошқарувни амалга ошириш;
барча молиявий муассасалар функцияларининг умумийлиги;
барча қуйи бошқарув органларининг фаол иштирокида марказдан умумий бошқариш.
Молиявий сиёсатни амалга оширишнинг (ўтказишнинг, ҳаётга татбиқ этишнинг) асосий методологик принциплари қуйидагилардан иборат:
пировард мақсадга боғлиқлик;
хўжалик барча тармоқларининг макроиқтисодий баланслаштирил-ганлиги (мувозанатлилиги, мутаносиблиги);
жамият барча аъзоларининг манфатларига мувофиқлиги (мос келиши);
реал (ҳақиқий) имкониятлар асосида ички ва ташқи иқтисодий шароитларни ҳисобга олиш.
Молиявий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга тадбиқ этиш жараёни қуйидаги тамойилларга ҳам асосланади:
Молиявий сиёсатнинг мақсадлилиги. Молиявий сиёсат маълум бир мақсадни кўзлаши ва шу мақсадга йўналтирилган бўлиши лозим.
Молиявий сиёсатнинг мувофиқлиги. Ишлаб чиқилаётган молиявий сиёсат ўша даврга, давлатнинг иқтисодий тизимига ва аҳволига мувофиқ бўлиши лозим.
Молиявий сиёсатнинг қонунийлиги. Давлатнинг молия соҳасидаги фаолияти белгиланган қоидаларга ўрнатилган нормаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Молия соҳасига юридик нормаларни киритиш молия сиёсатини муваффақиятли ўтказишда, молия механизмининг аниқ ишлашида катта аҳамиятга эга.
Молиявий сиёсатнинг адолатлилиги. Бу тамойил асосан молиявий ресурсларни иктисодиётнинг турли соҳаларига тақсимлашда кўзга ташланади.
Етарлилик тамойили. Бу тамойилга асосан харажатлар даромадлар доирасида сарфланиши, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда харажатлар режалаштирилиши лозимлигини билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |