ҚАДИМГИ МИСР АДАБИЁТИ
“Пирамидлар китоби” эрамиздан 3 минг йил олдинги даврга оид бўлиб, марҳумга бағишланган. Деворларга ёзувлар шаклида битилган. Марҳум у дунёда нималар қилиши кераклиги ҳақида. Демак, китобнинг моҳияти марҳум култи. Ўлимни енгиб ўтиш, вақт устидан ғолиб келиш, мангуликка эришишдир. Таҳлиллар бу матнларнинг фольклор оҳанглари билан уйғунлигини кўрсатмоқда. Уйғунлик такрорларда, параллелизмларда, аллитерацияларда, архаизмларда, унли ва ундош товушларнинг қайтарилишида кўринади.
“Саркафаглар китоби” (м.олдинги 15 аср) “Пирамидлар китоби”нинг давоми. Мазмун ўша. Ўрта Миср тилида ёзилган.
“Марҳумлар китоби” (м.олдинги 15 аср) дидактик адабиёт. Янги Миср тилида ёзилган. Марҳум тилидан “Мен ўлдирмадим, ўғирламадим, бекорчи гап айтмадим, мол талашмадим” дея айтилади. Бунда гуноҳлар катта кичиклигига қараб эмас, шаклнинг келишига қараб саналади. Қабр тошларида марҳумнинг исми, кимлиги, фиръавн олдидаги хизматлари, эзгу ишлари битилган.масалан Шеши номли коҳин (мажусийлар руҳонийси) қабр тошига қуйидагилар ёзилган: “мен ҳақиқатни гапирдим, мен тўғри иш қилдим, мен яхшиликдан сўзладим ва яхшиликни такрорладим. Мен ака ва сингилни яраштириб қўйиш учун ҳукм чиқардим, мен ожизни кучлидан ҳимоя қилдим, мен очга нон, яланғочга кийим бердим, қайиғи йўққа қайиқ ясаб бердим. Мен отамни ҳурмат қилдим, онамга яхши муносабатда бўлдим, уларнинг болаларини тарбияладим”. Мазкур учинчи манбада жаҳон адабиётида илк бор “санъат” сўзи ишлатилади. Бу матн м.аввалги 25 асрга оид бўлиб, Исеси номли коҳин қабр тошига ёзилган: “Олимлик билан мақтанма. Бир ўзим ҳамма нарсани биламан деб ўйлама. Маслаҳатни фақат донишдан эмас, ҳамма жойдан қидир. Санъат чегара билмайди. Ахир, рассом ўз маҳоратининг сўнгги нуқтасига етишмоғи мумкинми?”. Мисрликлар учун бу каби ёзувлар ниҳоятда муҳим саналган. Душманларига жазо бериш учун рақиблари ҳайкалларидаги номларни ўчириб, ўрнига бошқа исмларни ёзиб қўйиш уларга кифоя қилган. 2 минг йилликнинг охирларига тегишли “Котибларни мадҳ қилиш” асари Горацийнинг “Exegi monumentum” ва А.С. Пушкиннинг “Ҳайкал” шеърларига хамиртуриш бўлган. Мана ўша асардан парча: “Донишманд котиблар// Илоҳларнинг муовинлари// Келажакни башорат қилишган// Уларнинг номлари абадий сақланиб қолади// Улар ўз ишларини якунлаб кетишди// Уларнинг ҳамма яқинлари унутилди// Улар ўзларига мисдан пирамидалар ясашмади// Бронзадан қабр тошлари ҳам// Ўзларидан кейин меросхўрлар қолдиришмади// Номларини кўтариб юрадиган фарзандлар ҳам// Аммо улар ўз меросларини битикларда қолдиришди// Битиклар уларнинг коҳинларига айланди// Мактуб тахталари эса ўғилларга// Уларнинг пирамидалари ҳикматлар китоби// Уларнинг болалари эса қамишдан ясалган қалам// Уларнинг умр йўлдошлари қаттиқ тошлар//... Китоблар уйлардан кераклироқ// Мағрибдаги мақбарадан зўрроқ// Ҳашаматли саройдан ҳашаматлироқ// Ибодатхонадаги ёдгорликдан яхшироқ” (А.Ахматова таржимасидан камина ўзбекчага ўгирди – У. Ҳ).
Do'stlaringiz bilan baham: |