1. Уюшган жиноятчилик мазмуни ва таърифи ҳамда
унинг ўзига хос хусусиятлари.
Уюшган жиноятчилик таркиби
Собиқ Иттифоқнинг бошқа республикалари қатори мустақил Ўзбекистонга ҳам ундан нафақат вайрон бўлган иқтисодиёт, моддий ва маънавий қашшоқлик, балки ўсиб бораётган жиноятчилик ҳам мерос қолди. Жиноятчилик тобора профессионал ва уюшган тус олиб бормоқда, оғир жисмоний ва маънавий зарар кўрилишига сабаб бўлмоқда.
Криминал профессионализм групповавий, рецидив, профессионал жиноятчилик ҳамда унинг олий шакли – уюшган жиноятчиликнинг пайдо бўлишига олиб келаётир.
Криминал профессионализмга қуйидагилар хос: а) "ихтисослашганлик", яъни жиноий фаолиятнинг сурункалилиги; б) "малакалилик", яъни зарур билим ва кўникмаларга эгалик; в) жиноий фаолият тирикчилик манбаи ҳисобланади; г) шахс ғайриижтимоий муҳит билан бевосита алоқа қилади.
Уюшган жиноятчилик фаолияти, унинг юзага келиши ва мажвудлиги юриспруденциянинг тегишли соҳаларида, иқтисодиёт жабҳасида, социология ва психологияда жуда кўп назарий ва амалий масалаларни юзага келтирди. Криминологик жиҳатдан ўта салбий ҳодиса бўлган «уюшган жиноятчилик» тушунчасини таҳлил қилиш ва ўрганиш унга қарши курашиш назарияси ва амалиётининг муҳим масалаларидан биридир. Шуни таъкидлаш лозимки, айрим тадқиқотларнинг муаллифлари бу ҳодисанинг мазкур номига қўшилмайди, уни муваффақиятсиз деб ҳисоблайди84. Собиқ Иттифоқ ҳудудида уюшган жиноятчилик қачон пайдо бўлган, деган масала юзасидан ҳам якдиллик мавжуд эмас. Кимдир у нисбатан яқинда пайдо бўлган85, кимдир – доим мавжуд бўлган86 деб ҳисоблайди, яна кимдир унинг мавжудлигига шубҳа билдиради.
Юридик ва махсус адабиётларда уюшган жиноятчиликка ҳар хил таърифлар берилади. Олимлардан бу тушунчага энг тўлиқ таърифни А.Н.Волобуев берган. «Уюшган жиноятчилик деганда минтақа (мамлакат) доирасида криминал муҳитнинг (одатда муайян жиноят содир этиш билан боғлиқ бўлмаган) ташкилотчилик, раҳнамолик вазифаларини бажарувчи раҳбарлар атрофида жипслашуви, жиноий уюшма иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун давлат, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларини жиноий фаолиятга жалб қилиш, мумкин қадар кўпроқ моддий наф кўриш мақсадида ғайриҳуқуқий фаолият доирасини кенгайтириш билан тавсифланувчи ижтимоий ҳодисани тушуниш лозим, - деб ёзади у. – Ижтимоий фаолияти уюшган жиноятчилик билан у ёки бу даражада боғлиқ бўлган барча шахслар жиноий уюшмани ташкил этади»87.
Бундан хулоса шуки, уюшган жиноятчилик, биринчидан, ижтимоий ҳодиса; иккинчидан, криминал жабҳанинг жипслашуви билан тавсифланади; учинчидан, унинг раҳбарлари ғайриҳуқуқий фаолиятни кенгайтириш ва хавфсизлик билан боғлиқ тегишли вазифаларни бажаради; тўртинчидан, уюшма мумкин қадар кўпроқ моддий наф кўришга ҳаракат қилади. Ниҳоят, бешинчидан, муаллифнинг фикрини давом эттирсак, уюшган жиноятчилик жиноий уюшмалардан таркиб топади. Бошқача айтганда, у ижтимоий хавфли ва ғайриқонуний уюшмалар (гуруҳлар) мажмуи; умуман олганда – таркибий қисмлари ўз уюшқоқлик даражасига кўра ҳар хил бўлган жиноий уюшмадир.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъул ходимлари ҳам шундай хулосага келган. Уларнинг фикрича, уюшган жиноятчилик жиноий ташкилотлар ҳамда уюшган жиноий гуруҳлардан таркиб топади. Мазкур таркибий қисмлар ўз тузилиши ва ғайриижтимоий аҳамиятига кўра ҳар хил.
Уюшган жиноятчилик белгилари жумласига юқорида қайд этилган умумий белгилардан ташқари қуйидагилар ҳам киритилади: кланлар, мафиялар, жиноий гуруҳларнинг яширин фаолияти; юқорида зикр этилган жиноий уюшмаларнинг барча аъзолари ўзаро келишилган жиноий хулқ-атвор кодексига қатъий риоя этиши; хуфёна иқтисодиёт корчалонлари, жиноий уюшмаларнинг сардорлари асосан ташкилотчилик ва раҳнамолик вазифаларини бажаради ва одатда, муайян жиноятлар содир этиш билан боғлиқ бўлмайди, шу боис уларни жиноий жавобгарликка тортиш анча мушкул иш ҳисобланади.
Коррупция масаласига келсак, криминологик нуқтаи назардан у уюшган жиноятчиликнинг бир туридир. Бу ерда нафақат қонунга хилоф равишда бойлик орттириш, балки ҳокимият чўққиларига интилиш ҳам биринчи ўринга қўйилади. Ривожланган мамлакатлардаги коррупцияга қарши кураш тажрибаси шундан далолат беради. Демак, уни фақат иқтисодиёт жабҳаси билан боғлаш тўғри бўлмайди.
Лотинча «корруптио» - коррупция сўзи пора эвазига оғдириш деган маънони англатади. Бироқ маърифатли дунёда, айниқса сиёсий-юридик соҳада у анча кенг тушунилади ва мансабдор шахслар, жамоат арбоблари ва сиёсатчиларни пора эвазига оғдириш, уларнинг ҳақ эвазига сотилиши деган маънони англатади.
Собиқ Иттифоқ жиноят қонунчилигига «коррупция» жинояти маълум эмасди, шу боис унинг ҳуқуқий таърифи ҳам йўқ эди. Ваҳоланки, барча республикаларнинг жиноят кодексларида турдош таркиблар: пора олиш, пора олишда воситачилик қилиш, хизмат мавқеи ёки ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб давлат мулкини талон-торож қилиш бўлган. Бу ҳолат айрим олимлар «коррупция»ни жиноят қонунига мустақил жиноят таркиби сифатида киритишга қарши чиқишларига юридик асос бўлган.
Ўзбекистонда олий ҳокимият ўз расмий ҳужжатларида «коррупция» атамасидан кўпдан бери фойдаланиб келади. Бунда у кўпинча уюшган жиноятчилик тушунчаси билан бирга келади, унинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда коррупцияга қарши кураш олиб борадиган махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилган, бошқа чоралар ҳам кўрилмоқда (масалан, солиқ сиёсати, божхона хизмати йўналишларида).
«Юридик атамалар қомусий луғати» муаллифлари коррупцияга шундай таъриф берганлар: «Коррупция - давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган (ёки уларга тенглаштирилган) шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон бериши»88.
Шундай қилиб, коррупция қандайдир имтиёзлар олиш мақсадида давлат хизматчилари, мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар, шунингдек ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб, бундай имтиёзларни бериш каби Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-210, 214-моддаларида жавобгарлик белгилаб қўйилган жиноятлар мажмуидир.
Коррупция жиноятларининг ўзига хос хусусияти шундаки, уларни фақат порахўрлик ёки давлат мулкини талон-торож қилиш ёхуд бошқа мансабдорлик жиноятларига боғлаб бўлмайди. Коррупция – бу жиноятларнинг ҳар хил вариантлардаги «бирикмаси», уларнинг бири иккинчисини тўлдиради ва коррупция таркибини вужудга келтиради. Бу объектив фаолиятнинг миқдор сифатга айланадиган ҳолатидир. Бу ерда нафақат давлат акциядорлик-тижорат аппаратини бошқариш ишига, балки мазкур бошқарув асосларига зарар етказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жуда тўғри таъкидлаганидек89, биринчидан, сиёсий жиҳатдан олганда, коррупция амалга оширилаётган ислоҳотларга қаршилик кўрсатиш ифодасидир. Унда ўз умрини яшаб бўлган, янги иқтисодий муносабатларни ўзига қарши таҳдид деб билган ҳолда, уларнинг ривожланишини секинлаштириб қўйишга ҳаракат қиладиган маъмурий-буйруқбозлик тизими билан "хуфёна" иқтисодиётнинг манфаатлари объектив равишда бирлашиб кетади. Коррупция домига илинган амалдорлар шахсий бойлик орттириш мақсадларини ва уруғ-аймоқларининг манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўяди. Бу эса, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади. Бундан ташқари, янги иқтисодий муносабатларга эндигина асос солинаётган ва сифат жиҳатидан бошқа сиёсий тизим шакллантирилаётган ўтиш даврида коррупция ўз хатти-ҳаракати билан бу жараённинг йўлини тўсиб қўйиш имконига эга.
Иккинчидан, жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади. "Қонунлар ва фармонларни қабул қилишдан мақсад уларни четлаб ўтишдир" деган мутлақо ярамас қоида жамиятнинг энг оддий ҳуқуқий тартибот ва жамоат тартибини сақлаб туриш қобилиятидан маҳрум бўлишига олиб боради.
Учинчидан, жиноятчилик ва коррупция жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради. Жамият аъзоларининг фуқаролик мавқеини йўққа чиқаради. Амалга оширилаётган ўзгаришларга салбий муносабат вужудга келиши учун шароит яратади. Ислоҳотлар ғоясининг ўзини обрўсизлантиради ва эски замонларни, шу жумладан "қудратли марказнинг кучли қўли"ни қўмсаш ҳиссини туғдиради.
Ўтиш даврининг муайян қийинчиликлари шароитида фуқаролар онгида, айниқса, ёш авлоднинг бир қисмида, ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланиши ва қарор топиши мумкин. Қинғир йўл билан бойлик орттиришга интилиш, башарти у жамиятнинг ва ҳуқуқий назоратнинг эътиборидан четда қолса, одамларни, айниқса, ҳаётга эндигина қадам қўйиб келаётган ёшларни ёмон йўлга оғдиради.
Тўртинчидан, "пул ҳокимиятга интилади", деган бир ибора бор. Лекин бу пул жиноий йўл билан топилган бўлса-ю, унинг эгалари жамиятнинг ҳокимият тузилмаларига чиқиб олсалар, улар қандай усуллар билан бошқаришларини тасаввур қилиш қийин эмас.
Жиноят оламининг нуфузли шахслари ҳокимиятга қандай йўллар билан кириб олиши яхши маълум ва кўп мамлакатларда синовдан ўтган. Аввалига бу иш нопок даромад манбаларини сақлаб қолиш, улардан кафолатли фойдаланиш мақсадида ҳокимият тузилмалари билан алоқа боғлаш ва бу алоқани мустаҳкамлашдан бошланади. Шундан сўнг ҳокимиятнинг ўзи ҳам қўлга киритилади.
Бешинчидан, нопок йўл билан бойлик орттирганлар жазодан қутулиб қолиш ва ўзларининг жиноий сармояларини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай хатти-ҳаракатларга тайёр туришларини яхши билиб олиш лозим. Бундай кимсалар адолатли жазодан қўрқиб, ҳамма ишни қилишга, ҳатто вазиятни беқарорлаштиришга, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришга шай турадилар. Бундай пайтда эҳтиросларни жунбушга келтириш, оломонни қўзғатиш ва унинг орқасига яшириниб олишдан қулайи йўқ. Бундай одамларнинг "Фақат бизга яхши бўлса, ишимиз битса - бўлгани" қабилидаги маслаги худбинликнинг, ҳамюртларига нисбатан сурбетларча лоқайдликнинг яққол кўринишидир.
Олтинчидан, жиноий усуллар билан бойлик ва мўмай пул орттирган кимсаларнинг янги ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳатто демократия учун жафо чеккан курашчилар сифатида сиёсатга кириб олишга ҳаракат қилаётганидан далолат берувчи мисоллар, жумладан, бизда ҳам оз эмас.
Еттинчидан, жаҳон хўжалик алоқаларига фаол интеграциялашув, чет эл инвестициялари ва тадбиркорларини иқтисодий ўзгаришлар жараёнига тортиш соҳасидаги аниқ мақсадга қаратилган фаолият бугун Ўзбекистон учун устувор вазифалар ҳисобланади. Бу мақсадларни рўёбга чиқариш шароитида коррупциячиларнинг хатти-ҳаракатлари нафақат мамлакатимизнинг ҳалол фуқароларини тадбиркорликдан четлатади, балки чет эллик шерикларда ишончсизлик уйғотади ва уларни чўчитиб қўяди. Натижада мамлакат ғоят муҳим капитал маблағлар манбаидан, технологиялар ва тажрибадан, жаҳон иқтисодий тизимининг соғлом, "соф" қисмига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бундай мамлакат халқаро хуфия ва жиноий тузилмалар тобора кўпроқ қизиқадиган ва фаол иш олиб борадиган макон бўлиб қолади.
Борган сари уюшиб ва профессионал тус олиб бораётган ҳозирги жиноятчиликнинг жипслашиши, жиноий гуруҳлар томонидан истеъмол бозорларининг буткул эгаллаб олиниши, қонунсиз равишда қўлга киритилган капиталларнинг хўжалик ва тижорат тузилмалари орқали қонунийлаштириб олиниши яққол кўзга ташланаётганлиги ҳам жуда хавфлидир.
Ўзбекистонда, шубҳасиз, жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, фош этилган коррупциячилар қаттиқ жазоланмоқда. Мамлакат ичидаги жиноятчилик доимо давлат томонидан қаттиқ назорат қилиб борилади. Жиноятчилик кенг авж олиб кетишига ва коррупциячилар домига илинган амалдорларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор узоқ муддатли чора-тадбирлар ишга солинган. Улар жиноятчиликка қарши кураш стратегиямизни белгилаб беради.
Уюшган жиноятчилик турлари тўғрисида сўз юритганда, у икки йўналишга эга эканлигини эътиборга олиш лозим. Биринчи йўналиш – тамагирлик ниятидаги хўжалик жиноятлари. Иккинчи йўналиш – умумий уюшган жиноятчилик. Сўнггиси – ғайриқонуний тижорат билан эмас, балки талончилик, босқинчилик ва ҳоказолар билан шуғулланувчи жиноятчилар орасидаги уюшган жиноятчилик. Амалда бу ҳақиқий мафиядир.
Do'stlaringiz bilan baham: |