Иккинчидан, норасмий сектордаги бандларни қўллаб - қувватлашга ва қўшимча иш ўринларини яратишга қаратилган чоралар кўрилди. Сабаби, Ўзбекистон меҳнат бозорида банд бўлган 13,5 млн. аҳолининг 7,8 миллионтаси норасмий секторда, шу жумладан, 2,6 млн. киши меҳнат мигранти ҳисобланади. Шунингдек, пандемия туфайли ишлай олмаётган аҳоли сони эса 341,3 минг кишини ташкил этади. 2020 йил бошида 426,7 минг киши чет давлатлардан қайтиб келган фуқаролар бўлса, 143,4 минг киши ишлаш мақсадида чет элга қайтиб кета олмаган. Шу сабабдан, Ўзбекистонда пандемия ва кризиснинг норасмий секторда бандларга салбий таъсирини камайтириш чораларини кўрилиши жуда ҳам муҳим ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бу янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш, пировардида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун катта имконият ва захира ҳисобланади.
Шу сабабдан, Ўзбекистон Президенти томонидан аҳоли бандлиги ва даромади кескин камайишини олдини олиш мақсадида бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан:
Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш ва қонунчиликда тақиқланмаган барча тадбиркорлик шаклларига (85 та фаолият турига) рухсат бериш, сервис соҳасини ривожлантириш (овқатлар ва товарларни уйга етказиб бериш, кўчма савдо ва хизматларни ташкил этиш), онлайн ишласа бўладиган соҳаларга максимал имкониятлар яратиб бериш, етказиб беришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига фаолият юритиш учун шароит яратиб бериш, уй-жойларни ремонт қилиш ҳамда автотранспорт, маиший техника ва бошқа товарларга кредитлар беришни кенгайтириш ва бошқаларга доир қатор чоралар кўрилиши белгиланди.
Шунингдек, аксарият қийналаётган аҳоли қишлоқ жойлардалигини инобатга олиб, қишлоқ хўжалиги кооперативларини қўллаб-қувватлаш орқали мавсумий ишларга аҳолини кенг жалб қилиш, “оборот”дан чиққан ерларни ўзлаштириб, кооперативларни ташкил қилиш, аҳоли хонадонларида иссиқхоналарни ишга тушириш, ўзлаштирилмаган ерлар учун суғориш тизимини йўлга қўйиш орқали янги майдонлар ташкил этиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш ва бошқаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ташаббуслар билан норасмий секторда банд бўлган аҳолини давлат рўйхатига олиш тизимини кескин соддалаштириш, бунда аҳолига маиший хизмат кўрсатаётган фуқаролардан умуман солиқ ундирилмаслиги белгиланди.
Буни шу кунгача меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича қилинган энг самарали ислоҳотлардан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Хусусан, 2020 йилда саноат соҳасида 7,5 мингта ҳудудий лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 145 минг нафар камбағал аҳолини ишга жойлаштириш режалаштирилган.
Айтиш ўринлики, бу борада қишлоқ хўжалигида ҳам имкониятлар кўп. Масалан, биринчи ярим йилликда 38 минг гектар ерни оборотга киритиш ҳисобига 25 минг нафар, йил якунига қадар яна қўшимча 51 минг гектарни ўзлаштириш эвазига 45 минг одам бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Бу ерларнинг 20 минг гектари кам таъминланган оилаларга берилади.
Шунингдек, ғалладан бўшайдиган 120 минг гектар майдонни такрорий экин учун ажратиб, 300 мингга яқин оилага даромад манбаи яратиш белгиланган. Пахта-тўқимачилик кластерларининг 965 миллион долларлик 107 лойиҳасини амалга ошириш натижасида эса 28 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |