3-мавзу. Коронавирус пандемияси натижасида вужудга келган глобал инқироз ҳолатларининг Ўзбекистонга таъсири
Режа:
Коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига таъсири.
Пандемия ва глобал инқироз ҳолатларининг миллий иқтисодиётимиз тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар.
Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг аҳамияти.
1-савол баёни. Барчамиз биламизки, ҳозирги кунда барча учун яъни дунё аҳолиси учун долзарб масалалардан бири бу коронавирус эпидемияси ҳисобланади. Бу қандай касаллик ва унинг юқиш йўллари барчага маълум. Шуни таъкидлаш жоизки, коронавирус эпидемияси хавфли ҳисобланади. Биламизки, 2019 йилнинг декабр ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида COVID-2019 коронавируси эпидемияси юзага келди. Бу ҳолат дунё мамлакатларининг уз ижтимоий- иқтисодий сиёсатига бўлган муносабатини ўзгартиришга мажбур қилди.
Ҳозирги кунда дунё молиявий бозорларида битимлар камаймоқда. Чегараларнинг ёпилиши, аҳоли қатновининг тўхташи натижасида, истеъмол ҳам, ишлаб чиқариш ҳам пасаймоқда. Бу биринчи навбатда жаҳон савдоси суръатларининг пасайишига, энергия ресурслари нархининг пасайиши, хорижий туристлар сонининг камайишига олиб келмоқда ва бу мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, товар нархларнинг ошиши, аҳоли турмуш даражасининг пасайиши, ишлаб чиқариш кўламининг қисқаришига олиб келмоқда. Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади.
Мамлакатимизда пандемия окибатида юзага келган инқироз оқибатларини иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бизнес тузилмаларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқдарига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармон имзоланди. Ушбу фармонга мувофиқ, туризм, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик саноати ва бошқа шу каби республика иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармокларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур эканлиги кайд этилди. Шунингдек, фармонга биноан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий баркарорликни, иқтисодиёт тармоклари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида бир қанча чоралар кўрилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, аҳолининг кам таъминланган қисми ва ёрдамга муҳтож бўлиб қолганларга ёрдам бериш мақсадида ҳомийлик фондлари ташкил этилиб, ёрдам сураб мурожаат қилётган аҳолига керакли ва зарур маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Бунда, аҳолини зарур озиқ-овқат, дори ва гигиена маҳсулотлари ҳамда бошқа истеъмол товарлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пандемияни олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган карантин чоралари касаллик тарқалишини олдини олишнинг самарали воситаси ҳисобланади, бироқ пандемия оқибатида зарар кўрмаган соҳа деярли қолмади, айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига жуда оғир бўлди, чунки бундай шароитда унинг тезда тикланиб олиши осон кечмайди. Ушбуни олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоклари фаолият кўрсатишининг барқаорлигини таъминлаш, шунингдек айрим хўжалик субъектларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган. Белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш имкониятини беради.
Иқтисодиётга пандемия натижасида юзага келган инқироз оқибатларини янада юмшатиш мақсадида, биринчидан, пандемия инфекциясининг тарқалиш эҳтимоллиги кам бўлган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари фаолият кўрсатишларини рағбатлантириш, иккинчидан, карантин даврида уйда ўтирган (шаҳар, туман, қишлоқ жойларидаги) аҳолига мавжуд томорқа ер (томорқа) участкаларидан (агар мавжуд бўлса) самарали фойдаланишлари учун рағбатлантириш чораларини кўриш (масалан, уй хўжаликлари кесимида кўчат, уруғлик ва минерал ўғитларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаган ҳолда етказиб бериш), учинчидан, уй шароитида ҳам ўзини фойдали мехнат билан банд қилиш имконини берадиган (парандачилик, чорвачилик, куёнчилик ва бошка) тадбиркорлик фаолиятидаги йўналишларни рағбатлантириш (уй хўжаликларининг эҳтиёжларини аниқлаган ҳолда етказиб бериш) ҳамда улар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўрта муддатли ва паст фоизли кредитларни тақдим этиш, тўртинчидан, инфекциянинг тарқалиш эҳтимоллиги кам бўлган ва инфекция аниқланмаган ҳудудларда махсус карантин зоналарини ташкил этган ҳолда зарурий саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бешинчидан, “рақамли иқтисодиётни халқ хжжалигининг барча тармоқ ва соҳаларига кенг жорий этиш чораларини рағбатлантирган ҳолда масофавий меҳнат фаолиятини олиб боришни ташкил этиш”, олтинчидан, карантин даврида аҳолига қулайлик яратадиган ва фаолият кўрсатиши натижасида қўшимча қийматни пайдо қиладиган масофавий инновацион тадбиркорлик фаолиятларини рағбатлантириш ҳамда бошқа чораларни кўриш лозим бўлади.
2-савол баёни. Инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган иқтисодий чораларнинг дастлабки ва иккинчи тўпламлари жами қиймати 32,3 трлн. сўмдан ортиқни ташкил этди. Бундан ташқари, мамлакатда иқтисодий фаолликни оширишга, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, бюджет харажатларини мақбуллаштиришга ва энг катта таъсирга учраган соҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа чораларни амалга ошириш белгиланди. 30 май ҳолатига кўра, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 8 миллион нафардан зиёд фуқаро 30 трлн. сўмга яқин ёки қарийб 3 млрд АҚШ доллари (ЯИМнинг 6 фоизи) миқдорида имтиёз ва преференциялар олган.
Умуман олганда, Ўзбекистон томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган чоралар тўпламини 4 та йўналишга ажратиб, алоҳида кўриб чиқиш мумкин:
Умумиқтисодий чора-тадбирлар;
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари;
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари;
Энг кўп таъсир кўрган соҳаларни қўллаб-қувватлаш чоралари.
Do'stlaringiz bilan baham: |