1-МАВЗУ: ХАЛҚАРО МЕНЕЖМЕНТ ФАНИНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
Режа:
1. “Халқаро менежмент” фанининг назарий асослари.
2. “Халқаро менежмент” категорияси.
3. Хорижий тадбиркорлик шароитларида юқори таваккалчилик.
4.Жаҳон бозорида рақобатбардошликка эришишда халқаро менежментнинг ўрни.
1. “Халқаро менежмент” фанининг назарий асослари
“Халқаро менежмент” категориясига таъриф бериш учун товарлар ва хизматларнинг турли мамлакатларда ишлаб чиқарилиши ва сотилишига имконият яратувчи тадбиркорлик шакли сифатида халқаро бизнес тушунчасини аниқлаб олиш зарур. Глобал менежмент назариясининг асосий принсиплари бўлиб, мутлақ устунликлар, нисбий афзалликлар, маҳсулотнинг халқаро ҳаётийлик даври ва бевосита хорижий инвестициялар тамойиллари ҳисобланади.
Мутлақ устунликлар тамойили бошқа давлатларга нисбатан меҳнат унумдорлиги юқори ва ишлаб чиқариш харажатлари паст бўлган мамлакатда товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ташкил қилишни назарда тутади. Бундай шароитлар мутлақ устунликларга эга мамлакатдан бошқа давлатларга товарлар ва хизматлар экспортини амалга ошириш имкониятини беради. Мутлақ устунликлар, шунингдек, нисбий устунликлар ҳам халқаро бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиради.
Нисбий афзалликлар тамойили мамлакатда бир неча хил товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш имкониятларини асослаб беради. Бу ҳолда менежер мутлақ устунликларга эга бўлган маҳсулотни танлаши ва уни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга куч-қувватларни жамлаши зарур бўлади. Қолган товар ва хизматлар эса фақат ички бозор учун мўлжалланиши ва унга бўлган эҳтиёжларнинг бир қисми импорт ҳисобига қондирилиши мумкин. Мутлақ ва нисбий устунликларнинг комбинацияси ҳар бир мамлакатга тегишли бўлган ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва давлат сиёсати билан бирга турли мамлакатларнинг фирмаларига рақобат шароитларида юқори обрўни таъминлайди. Тажрибага кўра, АҚШ корпорацияларининг йўловчи самолётларини (“Боинг” компанияси), қудратли компютерларни (“ИБМ” компанияси), компютер дастурлари (“Миcрософт” компанияси), атроф-муҳит муҳофазаси учун ускуналар, ўғитларни ишлаб чиқаришдаги рақобатбардошлиги, шубҳасиз. Жаҳон бозорларида Германия фирмалари автомобиллар, кимёвий маҳсулотлар, қишлоқ хўжалик машиналари, оптик асбоблар, полиграфия ускуналари каби товарлар бўйича юқори рақобатбардошлиги билан машҳур. Жаҳон бозорларида углеродли толалар, телекоммуникация ускуналари, денгиз кемалари, автомобиллар, маиший электроника ишлаб чиқарувчи Япон компаниялари ҳам машҳурдир. Италия фирмалари эса керамик ва тўқимачилик маҳсулотларини, спорт поябзали, қадоқлаш ускуналарининг йирик ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади.
Маҳсулотнинг халқаро ҳаётийлик даври тамойили Америкалик иқтисодчи Р.Вернан томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотнинг ҳаётийлик даври назариясига асосланади. У ички ва ташқи бозорларга янги маҳсулотлар билан чиқишда тез ўзгарувчан конъюнктура ва ўткир рақобат кураши шароитларида тадбиркорларнинг эътиборини товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлиги муаммоларига қаратиш мақсадида ҳар қандай товарни сотиш жараёнини 4 босқичга ажратади:
1-босқич – янгилик киритиш босқичи. Ушбу босқич маҳсулотнинг конструктив хусусиятлари ва техник тавсифлари харидорлар томонидан ҳали тўла ўрганилмаган вақтда талабнинг қатъий эмаслиги, бозорнинг эгалланмаганлиги, янги товарга талаб ўсишининг секин кечиши билан ифодаланади. Бу босқичда харидорлар бозорда янги маҳсулотга эътибор бериб, унинг афзалликларини баҳолаб борадилар, натижада харидлар ҳажми секин ўса бошлайди.
2-босқич – харид ҳажмининг кўпайиш босқичи. Ушбу босқичда товарнинг юқори истеъмол хусусиятларининг харидорлар томонидан тан олиниши эвазига талабнинг ўсиши билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқариш ва харид ҳажми кўпаяди. Бу биринчи бўлиб оммавий маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган фирмалар учун максимал фойда олиш вақти ҳисобланади.
3-босқич – бозорни тўлдириш босқичи. Ушбу босқич харидорларнинг асосий қисмини ушбу товарга бўлган ўз эҳтиёжларини қондириб бўлганлиги, унинг ишлаб чиқарилиши рақобатчилар томонидан ўзлаштирила бошланганлиги ва рақобат белгилари пайдо бўлганлиги билан тавсифланади.
4-босқич – камайиш босқичи. Ушбу босқичда маҳсулотнинг ҳаётийлик даврини узайтириш учун уни ишлаб чиқариш нисбатан паст ишлаб чиқариш харажатларига эга бўлган, кўпинча, ривожланаётган мамлакатларга бевосита инвестициялар йўли билан кўчирилади. Бу мамлакатларга ушбу маҳсулотни экспорт қилиш, одатда, бу ерда уларни ишлаб чиқаришдан илгари бошланган бўлади. Маҳаллий ишлаб чиқариш ривожлантирилиши натижасида маҳсулотни хорижий мамлакатлардан импорт қилиш қисқаради.
Бевосита хорижий инвестициялар бевосита сармоядор фирма ва қабул қилувчи фирма ўртасида узоқ муддатли фаолиятга оид муносабатларга мўлжалланган капитал қўйилмалардир. Бу муносабатларда бевосита инвесторнинг мақсади қабул қилувчи мамлакатда корхонани бошқаришни ташкил қилишга жиддий таъсир кўрсатиш ва унинг фаолиятини назорат қилиш ҳисобланади. Бевосита хорижий инвестициялар турли мамлакатларнинг фирмалари ўртасида дастлабки битимнинг бошланғич босқичи сифатида хизмат қилиб, шунингдек, улар ўртасидаги барча кейинги келишувларни ўз ичига олади. Бу битимлар ва келишувларнинг субъектлари сифатида асосий иштирокчилардан ташқари улар билан боғлиқ фирмалар ҳам фаолият кўрсатиши мумкин. Инвесторнинг бевосита хорижий инвестицияларни киритиш мамлакатини танлашда иқтисодий ўсиш суръатлари, банк фоизи ва кредит шартлари, товар ва хизматларни ишлаб чиқариш харажатлари, ташқи қарздорлик, сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик асосий устунликлар ҳисобланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган хорижий инвестициялар ҳажмининг изчил ва барқарор ўсиб бораётгани эътиборга сазовор бўлиб, бунда мамлакатимизда таркибий ўзгаришларни изчил амалга оширишда қулай инвестиция муҳитининг яратилгани асосий омил бўлиб келмоқда. Ўзлаштирилган барча инвестицияларнинг 50 фоизга яқини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлашга йўналтирилгандир. Энг муҳими, хорижий инвестицияларнинг 74 фоизини тўғридан тўғри инвестициялар ташкил этди.
Мамлакатимизда, бугунги кунда иқтисодиётимизни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, унинг рақобатдошлигини кескин ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган муҳим устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилган бўлиб, “…бу дастур иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларини модернизация қилиш ва техник янгилаш, мамлакатимизнинг янги марраларни эгаллаши учун кучли туртки берадиган ва жаҳон бозорида рақобатдошлигини таъминлайдиган замонавий инновацион технологияларни жорий қилиш бўйича мақсадли лойиҳаларни ўзида мужассам этиши даркор”.
Do'stlaringiz bilan baham: |