4. Жаҳон бозорида рақобатбардошликка эришишда халқаро
менежментнинг ўрни
Глобал менежернинг асосий вазифаларидан бири жаҳон бозорида халқаро компания хорижий филиалининг маҳсулотини рақобатбардошлигини илмий ёндашувлар ва усуллардан, маркетинг тамойилидан фойдаланиш ҳамда инсон омилини ҳисобга олиш ёрдамида таъминлаш ҳисобланади. Жаҳон бозорида маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлигига эришишга бўлган ёндашувларда қуйидаги бешта асосий йўналишни ажратиш мумкин:
1. Глобал менежмент тизимининг самарадорлиги. Бу халқаро компанияда ташқи иқтисодий фаолиятни бошқариш тузилмасининг қулай тузилиши, ТМК тизимининг ички ва ташқи алоқаларининг мазмуни ва ташкил қилиниши билан аниқланади.
2. Халқаро компаниянинг ташқи бозорга янги товарлар ёки хизматлар тури билан чиқишга тайёрланганлик даражаси. Бу ИИТКИ натижаларининг муайян обект бўйича янгилиги, техник тавсифлари ва ишончлилик кўрсаткичларининг қулайлиги, экологик, технологик, патент қобилияти, дизайн, стандартлаштириш ва унификациялаш меъёрларига мувофиқлиги нуқтайи назардан сифати билан аниқланади.
3. Қўлланилаётган ускуналар, технология, хомашё ва материаллар, сифатни бошқариш тизими, ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил қилиш билан таъминланувчи маҳсулотлар ёки хизматларнинг сифати.
4. Асосий истеъмолчиларнинг товарларни харид қилиш ёки хизматлардан фойдаланиш, ташиш, эксплуатация қилиш, товар хизматининг кафолат муддати давомида таъмирлаш ва ишлатиш харажатлари.
5. Қабул қилувчи мамлакатнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда харидорларнинг асосий ва қўшимча эҳтиёжларини қондириш даражаси. Бу истеъмолчилар манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш меъёрларига риоя этиш даражаси, рекламанинг маҳсулот ҳақиқий истеъмол хусусиятларига мос келиши, қадоқлашнинг сифати, сақлаш, сотиш, етказиб бериш, сотувдан кейинги кафолатли хизмат кўрсатиш шартлари билан аниқланади.
ТМКларнинг хорижий филиаллари кўпинча қабул қилувчи мамлакатларнинг бозорларида миллий фирмаларга нисбатан юқори молиявий имкониятлар ва кўплаб реклама тадбирлари ҳисобига юқорироқ рақобатбардошлик даражасига эришадилар. Бироқ жаҳон бозорида рақобатбардошликка эришишнинг асосий омили бозор конъюнктурасини малакали таҳлил қилиш асосида тўғри танланган товарлар ва хизматларнинг ассортименти (турлари) ҳисобланади.
Бундай таҳлилни ўтказиш учун халқаро компанияларнинг иқтисодчилари кўпинча, “Бостон консалтинг гроуп” Бостон консултатив гуруҳи ишлаб чиққан ва “Бостон матрицаси” деб ном олган усулни (1.4.1- расм) қўллайдилар1. Бу усул халқаро компаниянинг жаҳон бозорида миллий бозордан фарқ қилувчи омилларга, яъни компания бевосита таъсир эта олмайдиган омилларга боғлиқ бўлишини назарда тутади. Бундай объектив ташқи омилларга мисол сифатида мазкур тармоқда технологиянинг ривожланиши, халқаро ташкилотларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича конвенциялари, истеъмол талабининг ўзгаришлари (масалан, 90-йилларда биомаҳсулотларга бўлган юқори талаб) каби омилларни келтириш мумкин.
Жаҳон бозоридаги рақобат миллий бозорга нисбатан кучлироқ, чунки халқаро компания у ерда кўпроқ ва қудратлироқ рақибларга дуч келади. Жаҳон бозоридаги улуш бирор-бир товар ёки хизмат муваффақиятининг асосий салоҳиятидир. Бостон матрицасида халқаро компания жаҳон бозорига олиб чиқаётган товарлар ёки хизматлар бозорида эгаллаган улушига кўра тўртта квадратда харидларнинг энг юқори ўсиш суръатлари билан тавсифланувчи товарлар ёки хизматлар (юлдузлар) туради. Уларнинг сотувдаги улуши асосий рақибникидан юқори ва демак, улар компания учун даромадлироқ ҳисобланади. Улар катта ҳажмда ишлаб чиқарилади, уларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари ушбу бозордаги энг кам миқдорлардан бири (шу жумладан кўлам самараси ҳисобига ҳам). Ўсиб бораётган бозорда рақобатчилар экспансиясига йўл қўймаслик учун ишлаб чиқариш ва бозорни ривожлантиришга инвестицияларни амалга ошириш ва олинган даромадларни қайта инвестициялаш зарур бўлади.
Пастки чап катакчада бозорда паст ўсиш суръатлари билан сотилаётган товарлар ёки хизматлар жойлашади. Уларнинг рақобатбардошлиги ва сотувлардаги улуши ушбу бозорда асосий рақобатчиларникига нисбатан юқори, улар компанияга даромад келтиради ва “соғин сигирлар” деб аталади. Шу билан бирга, сотувларнинг ўсиш суръати унчалик юқори эмас ва ишлаб чиқарувчиларга катта инвестициялар зарур эмас. Демак, бу товарлар ёки хизматлар халқаро компанияга жаҳон бозорида юқори фойда келтиради (1.4.1-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |