3. Шахс ва жамият эстетик маданиятининг диалектик алоқадорлиги.
Жамиятнинг эстетик маданияти, муайян қатламларнинг эстетик маданияти ҳамда шахснинг эстетик маданияти ўртасида муайян диалектик алоқадорлик мавжуд. Гарчанд улар бир тартибдаги тушунчалар бўлса-да, мазмунан ва кўламига кўра айнан тенг эмас, албатта.
Жамиятнинг эстетик маданиятини бутун ижтимоий эҳтиёжлар йиғиндиси, таркиб топган тарихий тажрибалар ва анъаналар асосида белгиланадиган унинг амалда мавжуд эстетик тараққиёти даражаси деб ҳисоблаш мумкин.
Шахснинг эстетик маданияти унинг томонидан эстетик қадриятларни ўзлаштириш ва ижтимоий практиканинг турли соҳаларида уларни яратишга йўналтирилган турли усуллар ва шаклларни ўз ичига оладиган фаолият мезони сифатида кўзга ташланади. Шуни айтиш мумкинки, шахс умумий эстетик даражадан илгарилаб кетиши ҳам, ундан орқада ҳолиши ҳам мумкин. Шунга кўра шахс кенг маънода эстетик тарбия жараёнида ижтимоий эҳтиёжлар ва имкониятлар томонидан белгиланадиган эстетик маданиятни ўзлаштириши зарур. Айни жамият билан алоқаси туфайли шахс маданий фаолиятнинг субъекти ва объектига айланади. Бундай ҳолатда эстетик маданиятнинг муайян тарихий даврдаги юксак даражасини эгаллаганлигига боғлиқ ҳолда шахснинг эстетик камол топганлигини белгилаш мумкин бўлади.
Шахс эстетик маданиятининг структураси-қисмларининг тузилиши қандай? Энг аввало шуни таъкидлаш жоизки, жамият эстетик маданияти структурасини шахс эстетик маданияти структурасига нисбатан механик тарзда қўллаш мумкин эмас. Маданиятнинг объекти ва субъекти сифатида олиб қараладиган шахснинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб унинг эстетик маданияти структурасини белгилаш лозим.
Шахснинг эстетик маданияти ўз структурасига кўра мураккаб ва кўп қатламлидир. Унинг қуйидаги таркибий қисмларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин:
Биринчидан, шахс эстетик маданиятининг зарурий таркибий қисмини тегишли билимлар ташкил этади. Эстетик объект ҳақидаги умуммаданий, умуммаърифий, шунингдек санъатшунослик, фалсафий, тарихий ва бошқа билимлар унинг бир ифодаси ҳисобланса, асосий эстетик категориялар, эстетик ва бадиий қонуниятларни тушуниш билан боғлиқ бевосита билимлар унинг бошқа турини ташкил этади. Эстетик билимлар шахс эстетик камолотининг асосидир. Илмий-техникавий тараққиёт кенг кўламда амал қилаётган бугунги шароитда илмий тафаккур ролининг ортиши билан боғлиқ ҳолда шахснинг эстетик саводхонлиги масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, қайд этилганидек, эстетик онг табиатан баҳолаш мазмунига эгалиги боис эстетик билимлар эстетик маданиятнинг зарурий жиҳатини ташкил этса-да, лекин ягона элементи бўла олмайди. Шахснинг эстетик маданияти воқелик ҳодисалари ва санъат асарларини эстетик баҳолай оладиган қобилият ва лаёқатни ҳам назарда тутади. Бу компонент шахс эстетик маданияти структурасида муҳим ва маълум маънода ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шахс эстетик маданиятининг энг муҳим жиҳати унинг эстетик фаоллиги билан белгиланади. Бундай фаоллик инсон томонидан бадиий ижод (масалаан, бадиий ҳаваскорлик)да ҳам, санъат асарларини (масалан, театр томошалари, концертлар, бадиий кўргазмалар ва хоказоларга қатнашиши) идрок этиш соҳасида ҳам намоён бўлиши мумкин. Бунда энг муҳим нарса инсоннинг асосий фаолият соҳасидаги эстетик фаоллиги, эстетик ижодкорлиги ҳисобланади. Эстетик омиллар ижтимоий онгда меҳнат кўтаринкилигида, техникавий ва илмий ижодда, ташқи муҳитни ташкил этишда, кишиларнинг ўзаро муносабатлари ва турмушида алоҳида ўрин тутмоқда.
Кишиларимизнинг эстетик эҳтиёжларини қондириш ва ривожлантириш асосан санъат воситалари орқали амалга оширилмоқда, бироқ бу жараёнда бошқа омиллар, яъни меҳнатнинг кенг маънода эркинлиги ва ижодийлиги, техникавий эстетика, бадиий лойиҳалаш ҳам борган сари етакчи роль ўйнамоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |