Табиат - эстетик тарбиянинг зарурий воситаси. Шуни махсус таъкидлаш керакки, замонавий инсон тарбиясини эстетик жиҳатдан камол топтиришда оила қанчалик устувор омил бўлиб ҳисобланса, бу жараёнда табиат ҳам ундан кам аҳамият касб этмайди. Чунки табиат билан онгли тарзда муроса қилмаслик шахсни нафосатли жиҳатдан мукаммал бўлиб етишишига монелик кўрсатади. Шунинг учун инсон ва табиат ўртасидаги муносабат инқироз ва ҳалокат ёқасига келиб қолган ҳозирги вақтда бу муаммони четлаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлмайди. Маълумки, инсон ўзининг маънавий ва моддий эҳтиёжларини қондириш мақсадида азалдан табиат билан ҳамкорлик қилиб келган. Табиатдаги гўзалликлардан баҳраманд бўлишлари баробарида уни нафосатли тарзда ўзлаштиришга, инчунун, мавжуд ҳунукликларни бартараф қилишга ҳаракат қилади. Бироқ, кейинги бир неча ўн йиллик жаҳон маамлакатларининг атроф муҳит соҳасидаги ҳаракатларини танқидий тахлил этиш даври бўлди. Саноатлаштириш инқилоби инсон билан табиат ўртасидаги муносабатни абадул абад бузиб қўйганини инсоният тобора англаб бормоқда. XXI аср ўрталарига келиб инсон фаолияти ердаги яшаш имкониятларининг асосий шартларини бузиб юбориши хавфи яна ҳам аниқроқ намоён бўлмоқда. Бугунга келиб энг жиддий ўзгариш ер атмосферасида юз бераётганлиги барчамизга аён. Бу айниқса, карбонат ангидрид ва азот окиси сингари “парник” газларига тааллуқлидир... Бу холнинг инсониятга қандай таъсир кўрсатишини илгаридан айтиб бериш қийин, чунки глобал иқлим ғоятда мураккаб тизимдир. Масалан, юз минглаб йиллар барқарор бўлиб келган ва миллионлаб одамларнинг тақдирини хал этган шамоллар – йўналишини, ёғинлар миқдорини ўзгартириш мумкин. Балки ороллар ва паст қирғоқ ҳудудларида яшовчиларга ҳавф–ҳатар туғдириб денгизлардаги сувнинг сатҳи кўтарилиши мумкин. Аҳоли ҳаддан ташқарии кўпайиб кетган ва борган сари кучлироқ тазйиқ сезаётган сайёрамизнинг аслида бусиз ҳам муаммолари бор, Ушбу қўшимча таъсирлар очлик ва бошқа ҳалокатларни келтириб чиқариши мумкинлиги эсдан чиқармаслик керак. Афсуски, аксарият холларда шахснинг табиат билан бўладиган муносабати эстетик жиҳатдан тўғри йўлга қўйилмаганлиги ҳамда унинг эстетик «нўноқлиги» боис улар ўртасида катта бўшлиқ юзага келди; бу бўшлиқ инсоният бошига мисли кўрилмаган талофотларни солиши мумкин. Ушбу муаммони бартараф этиш пировардида инсон эҳтиёжи учун зарур бўлган кўплаб табиий–моддий бойликларни тежаб қолишга, атроф–муҳит мусаффолигини таъминлашга, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраб қолишга ва энг асосийси инсон генофондининг йўқ бўлиб кетиш ҳавфининг олдини олади.