1-МАВЗУ: ФАЛСАФА ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ, МАЗМУНИ ВА
ЖАМИЯТДАГИ РОЛИ
РЕЖА:
“Философия” (Фалсафа) атамасининг келиб чиқиш тарихи.
Фаннинг предмети,мақсад ва вазифалари.
Фалсафий дунёқарашнинг жамият ривожидаги роли.
Мавзунинг таянч иборалари: Философия, дунёқараш, мифология, донишмандлик, онтология, гносеология, праксиология, методология, метод, қонун, субстанция, метафизика, диалектика, материализм, идеализм, дуализм, плюрализм, монизм, скептицизм, агностицизм, гностицизм, антропология, логика (мантиқ), дин, фан, схоластика, аксиология, этика, эстетика.
“Философия” атамаси юнончадан олинган бўлиб “phileo” севаман, sophia донишмандлик ёхуд донишмандликни севиш деган маънони билдиради. Бу тушунча биринчи марта қадимги юнон олими Пифагор (э.о.VI аср охири - V аср бошлари) (Диоген Лаэртский (эрамиз II асри охири - III аср бошлари) сўзларига қараганда, ўзини биринчи марта файласуф деб атаган киши – юнон мутафаккири ва олими Пифагордир. Файласуфларнинг қандай эканликларига таъриф бериб, у шундай деган: «Ҳаёт ўйинга ўхшайди: баъзилар унга мусобақалашгани келса, айримлар савдолашгани, энг бахтлилари эса томоша қилгани келадилар; ҳаётда ҳам худди шундай, баъзилар қуллар каби шуҳрат ва бойликка ўч бўлиб дунёга келади, ваҳоланки файласуфлар - фақат ҳақиқат учун келади»1.) томонидан ишлатилган. Лекин философияни назарий билимнинг алоҳида соҳаси сифатида ажратишга ўринган биринчи файласуф Платон (Афлотун) эди. Баъзи Шарқ халқлари (араб,форс ва туркий тил)ларда бу атамани яъни философия сўзини арабча талаффузда “Фалсафа” деб ҳам аталади.
Фалсафани “фанларнинг отаси” дейилишининг асосий сабаби эса қадимги дунёда фанларнинг барчасини, улар қандай илмий масалалар билан шуғулланишидан қатъий назар фалсафа деб, улар билан шуғулланувчи олимларни эса соҳасидан қатъий назар файласуф деб атаганлар. Шу сабабдан ҳам кейинги мавзуларда танишиб ўтадиган қадимги давр файласуфларнинг баъи бирлари табиатшунос олим бўлганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Лекин қадимги файласуфлар ўзларини донишманд деб билмаганлар, фақатгина донишмандликни севувчилари ва ёки ардоқловчи сифатида тасаввур қилганлар. Ҳақиқий донишманд эса уларнинг фикрича фақатгина сабабларнинг сабабини билувчи ва ёки яратувчидир.
Шарқда ҳам фалсафа ҳақидаги қарашлар жуда қадимда юзага келган бўлиб, у донишмандлик билан айнан тенг деб ҳисобланади, фалсафа билим ҳақидаги умумий тушунчадан ажратилмайди. Эрадан олдинги VIII асрда Ҳиндистонда яратилган сиёсат ҳақидаги “Артхашстре” китобида ишлатилган “даршана” деган тушунча фалсафани таърифлаш маъносида ишлатилган. Марказий Осиёнинг қадимги ёдгорлиги “Авесто”да ҳам “файласуф” деган тушунча ўрнида донишмандни ифодалайдиган хратугина (донишмандликка борадиган) ва харатупат (донишмандликка етишган) деган сўзлар ишлатилган. Буюк мутафаккир Форобий фалсафа сўзини ҳикматни қадрлаш деб талқин этган. Хитой фалсафасида “чже-сюэ” (донишмандлик фани) деган атама XIX асрда шаклланган. Бироқ бу қадимги Ҳиндистонда ва Хитойда фалсафий фикрлар бўлмаган деган маънони билдирмайди.
Фалсафанинг предмети ҳақида сўз кетганда айрим мутафаккирлар уни ҳақиқатни излашда, бошқалари - ҳақиқатни ўз шахсий манфаатларига мослаштиришда деб тушунадилар; бир хиллари ўз фикрларини осмон томон, бошқалари эса - Ерга йўналтирадилар; бир хиллари оллоҳга, бошқалари эса - одамга мурожаат қиладилар; бир хиллари учун фалсафа ўз-ўзича аҳамиятга эга, бошқалари айтадики, фалсафа жамият ва инсонга хизмат қилиши керак ва ҳ.к. Буларнинг барчаси фалсафага ёндошувларнинг хилма-хиллиги, унинг предметини тушунишда турлича қарашлар мавжудлигини кўрсатади.
«Фалсафа нима дегани?» саволга жавоб излаш осон эмас. Ҳар биримиз у ёки бу матн, ё нутқ фалсафий ёҳуд фалсафий эмаслигини ички сезги билан ҳис этамиз. Аммо фалсафага қатъий илмий таъриф бериш жуда мушкул. Бунга уриниб кўришнинг ўзи кифоя. Фалсафага тегишли бўлмаган нарсани аниқлаш осонроқ. Масалан, фалсафа ДНК тузилишини аниқлаш билан шуғулланмайди, дифференциал тенгламаларни ечмайди, кимёвий реакцияларни ўрганмайди, ер қобиғи ҳаракатини тадқиқ этмайди ва ҳоказолар.
Агар фанлар, айтайлик, ботаника ёки лингвистика таърифларини оладиган бўлсак, улардаги мавжуд фарқ, одатда, машғулотнинг асл моҳиятига дахл қилмайди. Ҳеч бир ботаник мутахассислиги фанининг мавзуси - ўсимлик олами эканлигига эътироз билдирмайди. Ҳар қандай лингвист ўз фанининг мавзуси - тил эканлигини тасдиқлайди. Фалсафада эса бошқачароқ. Бир файласуфнинг таърифи бошқасиникидан фарқ қилиши мумкин. Фалсафанинг таърифи шу қадар кўп ва турли-туманки, кўпчиликда «Ўзи бир фан тўғрисида гап кетяптимикин ёки йўқми?»2 деган савол туғилиши мумкин.
Баъзи фалсафий тизимларда фалсафа олий бош ибтидо ёки биринчи сабаб тўғрисидаги фан деб таърифланади. Масалан, қадимги юнон файласуфи Арасту таълимотида, у «барча мавжудотнинг ибтидоси ва сабаблари тўғрисидаги фан» дейилган бўлса, ўрта осиёлик мутафаккир Абу Али Ибн Сино фалсафани «мутлақ борлиқ тўғрисидаги олий фан» деб таърифлаган. Бошқа йўналишларда фалсафанинг бош сабаби биринчи ибтидоларни билиш эканлиги умуман рад этилади, масалан, ўрта аср илоҳиётчиси ал-Ғаззолий ўзининг «Файласуфларни рад этиш» номли махсус асарини шу мавзуга бағишлаган.
Баъзи таълимотларда фалсафа «тўғри фикрлаш орқали эришилган билим» (Т.Гоббс), умуман, «фанларни кўриб муҳокама қилувчи» (Г.В. Хегел) деб кенг тасаввур қилинса, бошқаларида тор маънода, масалан, «фикрнинг мантиқий ойдинлашуви» (Л.Витгенштейн) ёки «умуммажбурий қадриятлар тўғрисидаги фан» (В.Виндельбанд) сифатида тушунилади. Одатда, фалсафанинг у ёки бу таърифи умуман фалсафани эмас, балки тегишли файласуфларнинг ўз назарияларини белгилаши ҳисобланади, гарчанд, кўпчилик файласуфлар айнан ўз фалсафий қарашларинигина ҳақиқий (ёки чинакам) деб ўйлайдилар.
Буюк ватандошимиз Абу Наср Форобий X асрда фалсафага қуйидагича таъриф берган:
«Мавжудот ҳақидаги билим қўлга киритилса, шу ҳақда таълим берилса, мавжудотдан бўлган нарсанинг зоти билинса, нарсанинг маъноси тушунилса, ишончли далил-ҳужжатлар асосида шу нарса ҳақида мияда бир турли ишонч ва тасаввур пайдо бўлса, мана шу маълумотга доир фанни фалсафа деймиз.» («Фозил одамлар шаҳри» китобидан. Тошкент, 1993, 183-184 бетлар).
Бу нарса, айниқса, XIX асрнинг II ярмида ва ХХ асрда яққол кўзга ташланади. Бу даврда ниҳоятда ранг-баранг фалсафий мактаблар, йўналишлар юзага келди, уларда борлиқ, билиш, инсон ва инсониятнинг турли томонлари фалсафанинг предмети, баҳс мавзуи бўлиб хизмат қилади. Бироқ булар ранг-баранг фалсафий концепциялар ўртасида умумий жиҳатлар йўқ, деган хулосага олиб келмаслиги керак. Фалсафий билимларга хос энг муҳим жиҳатлар қуйидагиларда ифодаланади:
Биринчидан, борлиқнинг энг умумий масалаларини тадқиқ этиш. Бунда борлиқ муаммоси универсал маънода тушунилади: борлиқ ва йўқлик; моддийлик ва идеаллик; табиат, жамият ва инсон борлиғи. Борлиқ тўғрисидаги фалсафий таълимот онтология (онтос - мавжудлик, логос - таълимот) номини олди.
Иккинчидан, билишнинг энг умумий масалаларини таҳлил этиш.Оламни билиш мумкинми, мумкин эмасми; билишнинг имкониятлари, усуллари, метод ва мақсадлари; билишнинг моҳияти нимада, ҳақиқат нима; билишнинг объекти ва субъекти қандай маънога эга ҳ.к. Билиш тўғрисидаги фалсафий таълимот гносеология (гнозес - билим, логос - таълимот) номини олди.
Учинчидан, жамият мавжуд бўлиши ва ривожланишининг энг умумий масалалари. Сиртдан бу масала борлиқ тўғрисидаги таълимотда ўз аксини топади. Модомики, жамият шахс тараққиётига ҳал қилувчи таъсир кўрсатар экан, унинг социал сифатларини шакллантирар экан, шу боис фалсафада бу соҳани алоҳида ажратиб кўрсатиш мантиқан тўғридир. Фалсафада ижтимоий ҳаётни тадқиқ этадиган соҳа ижтимоий фалсафа (социал фалсафа) деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |