Семиотика (белгилар ва белгилар тизими ҳақидаги фан) фани билан алоқадорлиги. Маълумки, санъат асарида белгилар ва бадиий рамзлар муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ҳарфлар, ноталар в.ҳ. Бошқачароқ қилиб айтганда, билиш ва баҳолаш фаолияти натижаларини, яъни семантик ва прагматик ахборотни ўзида мужассам қилган санъат асари ўша ахборотни етказиб беришга ҳам мўлжалланган. Ана шу санъатнинг белги билан боғлиқ томонини, коммуникатив–воситачилик жиҳатини семиотика ўрганади. Айни пайтда, эстетикада тузилмали–семиотик эстетика деб аталадиган назария ҳам мавжуд. Унда санъат махсус тил ёки белгилар тизими, алоҳида санъат асари эса ана шу тизим белгиси ёки ўша тизим белгиларининг изчиллиги сифатида олиб қаралади. Зеро бунда белги санъат асарини идрок этувчига уни етказиб берувчи ҳодиса тарзида ўрганилади. Бундан ташқари, эстетика кибернетика, экология ва юқорида айтиб ўтганимиздек, барча санъатшунослик фанлари билан ҳам яқин алоқадорликда иш олиб боради. Чунончи ҳар бир санъат турининг «ўз эстетикаси» мавжуд: сўз санъати эстетикаси, театр эстетикаси, мусиқа эстетикаси в.ҳ.
Эстетика фанининг жамият ва инсонлар ҳаётида тутган ўрни. Ҳар бир фаннинг инсон ва жамият ҳаётида ўзига хос амалий аҳамияти бор: эстетика ҳам бундан мустасно эмас. Аввало, у кундалик ҳаётимизда нафосат тарбиясини тўғри йўлга қўйиш борасида катта аҳамиятга эга. Эркин, демократик жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси гўзалликни чуқур ҳис этадиган, уни асрайдиган нафис дид эгалари бўлишлари лозим. Ҳақиқий бадиий асар билан савияси паст асарни фарқлай билишлари, «оммавийчилик санъати»ни рад қила олишлари лозим. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, эстетика жамиятнинг барча аъзолари учун муҳим аҳамиятга эга.
Эстетиканинг, айниқса, бадиий асар ижодкорлари учун амалий аҳамияти катта. Чунончи, бирор бир санъат турида ижод қилаётган санъаткор биринчи галда, маълум маънода, ўз соҳасининг билимдони бўлиши керак. Дейлик, бастакор нотани билмасдан, мусиқали асар яратиш қонун-қоидаларини, шу жумладан, мусиқага ҳам тааллуқли бўлган эстетиканинг умумий қонуниятларидан бехабар холда тузукроқ асар яратиши даргумон. Баъзилар «Даҳо санъаткорлар қонун-қоидаларсиз ҳам ижод қилаверадилар» – деган нотўғри тасаввурга эгалар. Ваҳоланки, даҳоларнинг ўзлари кўп ҳолларда нафосат назарияси билан шуғулланганлар. Бу борада Абдуруҳмон Жомий, Алишер Навоий, Леонардо да Винчи, Фридрих Шиллер каби буюкларнинг номларини эслашнинг ўзи кифоя қилади.Бадиий асарни тадқиқ этувчи олимлар, танқидчилар–санъатшунослар ва адабиётшунослар учун ҳам эстетикани билиш зарур. Дейлик, «соф театр»ни – фақат саҳна санъатинигина яхши билган санъатшунос у қанчалик истеъдодли бўлмасин, юксак талаб даражасида тадқиқот олиб боролмайди, ҳатто эътиборга молик мақола ҳам ёза олмайди. Чунончи, у драматургиядан, мусиқадан, услуб ва композиция қонун-қоидаларидан, бир сўз билан айтганда, эстетика қонуниятларидан хабардор эмас. Натижада унинг тадқиқоти, мақоласи ёки тақризи бирёқлама, фалсафий умумлашмалардан холи, жўн ва саёз жумлалар йиғиндисидан иборат бўлиб қолади.Эстетиканинг санъатни халқ орасида ёядиган ва тарғиб этадиган ташкилотлар раҳбарлари учун аҳамияти муҳим. Айниқса, маънавият ва мафкура соҳаларига матасадди раҳбарларнинг эстетикадан бехабар бўлишлари мумкин эмас. Аксинча маънавият тарғиботчиларининг эстетикага эътиборчизлиги санъат учун фожиали ҳолатларни юзага келтиради.
Шунингдек, дизайнчи–инженерлар, атроф–муҳитни ободонлаштириш билан шуғулланадиган мутахассислар фаолиятига нафосат илмининг сезиларли таъсири мавжуд. Шунингдек, корхона раҳбарлари, цех бошлиқлари мазкур корхона ёки цехда дастгоҳлар дизайнидан тортиб, деворлар ранглари–ю, «ички гулзор»ларнинг жойлаштирилишигача нафосат қонун-қоидалари асосида бўлишини таъминлашлари лозим Зеро ўшандагина иш жойида меҳнат унумдорлигининг ошиши табиий. Бунинг учун эса мазкур раҳбарлар эстетикадан албатта хабардор бўлишлари шарт.Умуман олганда, эстетика ҳамма учун ҳам зарур. Чунки инсон зоти барибир ҳаётда тез-тез санъат асарини идрок этувчи сифатида майдонга чиқади. Дейлик, сиз Самарқандга «ўйнаб келгани» бордингиз. Агар эстетикадан бехабар бўлсангиз, Гўри Амир мақбарасиниг гумбази, Регистондаги мадрасалар ёнида қад кўтарган миноралар, пештоқлардаги кўҳна арабий ёзувлар сизда қизиқиш уйғотмайди. Борди-ю, аксинча, нафосат илмидан хабардор бўлсангиз, у ҳолда нафақат уларнинг чиройлилигини, балки гумбаз шунчаки гумбаз эмас, Худо гўзаллигининг рамзи эканини, у «жамол» деб аталишини, миноралар – Тангри қудратининг тимсоли ўлароқ «жалол» дейилишини, пештоқлардаги гўзал ёзувлар – оятлар, Худонинг белгиси, «сифат» деб номланишини эслайсиз ва олаётган таассуротингиз бир неча баробар кучаяди. Зеро эстетика орқали биз фақатгина кўрганларимизнинг шаклий гўзаллигини эмас, балки айни пайтда шакл билан бирга унинг фалсафий моҳиятини ҳам идрок этамиз. Шу сабабли, фермерга ёки темир йўл ишчисига, ёки тадбиркорга эстетика ҳақида бош қотириб ўтириш зарур келибдими, деган гаплар хато ва зарарлидир.
Юқорида кўриб ўтганларимиздан шу нарса маълум бўладики, бугунги кун эстетика фани олдида улкан вазифалар турибди. Зотан биз қураётган фуқаролик жамиятининг аъзоси ҳар жиҳатдан камол топган, юксак нафис дид эгаси бўлмоғи лозим. Қолаверса, ҳозирги машинасозликни, авиасозликни, умуман, саноатни замонавий дизайнсиз тасаввур этиш мутлақо мумкин эмас. Бунда бевосита техника эстетикасининг аҳамияти катта. Булардан ташқари, айниқса ёшларнинг нафосат тарбиясига алоҳида эътибор бериш–замоннинг долзарб талаби бўлиб қармоқда. Шу боис «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да узлуксиз таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш тамойилларидан бири: «Таълимнинг ижтимоийлашуви – таълим олувчиларда эстетик бой дунёқарашни ҳосил қилиш, уларда юксак маънавият, маданият ва ижодий фикрлашни шакллантириш», деб аниқ белгилаб қўйилгани бежиз эмас. Ҳар бир фанни ўрганиш одатда унинг воқеликнинг қандай ходисаларини тадқиқ этиши, қандай илмий усуллардан фойдаланиши, бу соҳада тўпланган билимлар тарихи, бошқа фанлар билан ўзаро алоқаси ва, ниҳоят, мазкур фан соҳасида эришилган ютуқларнинг амалий жиҳатдан аҳамиятини аниқлаб олишдан бошланади. Бу нарса эстетика фани учун ҳам хосдир. Эстетика тарихи хусусида фикр юритишдан олдин «эстетика» атамаси, эстетиканинг предмети ҳақида тўхтаб ўтайлик.
«Эстетика» атамаси илмий адабиётларда асосан ХVIII аср ўрталаридан қўлланила бошланган. Уни немис файласуфи Александр Баумгартен илмий таомилга олиб кирган. («Эстезис» юнонча –“ҳис қилиш”, “ҳиссий идрокка дахлдорлик” деган маънони билдиради). ХVIII аср охирларидан бошлаб, ҳиссий билиш назарияси эмас, балки «гўзаллик фалсафаси», «санъат фалсафаси», баъзан эса ҳам гўзаллик, ҳам санъат фалсафаси маъносида ишлатилган. Ҳар ҳолда эстетика дейилганда фалсафадан ажралиб чиққан ва ўзининг мустақил предметига эга илмий соҳа тушунилади.
Табиийки, эстетика фан сифатида ўрганиши лозим бўлган кўплаб масалалар ХVIII аср ўрталарига қадар ҳам тадқиқ этилган, бироқ бу давргача улар фалсафа, илоҳиётшунослик, санъатшуносликка оид асарларда бошқа муаммолар билан боғлиқ ҳолда берилганлиги маълум.
Хўш, эстетиканинг фан сифатидаги предмети нимадан иборат?
Тафаккур тарихида эстетика нимани ўрганади ва нима ўргатади, деган масала ниҳоятда ранг-баранг қарашларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Чунончи, пифагорчилар (э. а. VI асрнинг охири ва V асрнинг бошлари) дунёқарашнинг бу соҳаси фалсафанинг бир қисми ва оламнинг бир бутун манзарасини яратишга хизмат ҳилади, деб ҳисоблашган. Антик грек олими Афлотун (э. а. 427-347) фикрича, эстетиканинг диққат марказида санъатнинг давлат томонидан бошқариш вазифалари туради. Арасту (э. в. 384-322) эстетика табиат ва санъатнинг умумфалсафий ҳамда эстетика муаммолари билан шуғулланиши керак, деган фикрни билдирган. Ўрта аср италян илоҳиётшуноси Фома Аквинский (ХIII) эстетикани диншунослик билимларидан бири, деб эътироф этган. Италян Уйғониш даври арбобларидан Леонардо да Винчи эстетика табиат билан санъат муносабатини, санъатда воқеликни ҳиссий билиш муаммосини текширади, немис файласуфи Гегел эстетика нафис санъатдаги гўзалликни, Чернишевский - воқеликка эстетик муносабатни ўрганиш билан шуғулланади, деган фикрларни билдиради.
Юқоридагилар кўрсатадики, узоқ ва яқин ўтмишда эстетиканинг предметини белгилаш бўйича ранг-баранг қарашлар юзага келган. Уларни қуйидагича таърифлаш мумкин:
1. Эстетика-санъатнинг умумий назарияси, санъат фалсафаси, санъат тараққиётининг умумий қонунлари тўғрисидаги фан. Бу таърифда эстетика ўрганадиган муаммоларнинг асосий қисми айтилган бўлса-да, унинг предмет доираси тўла қамраб олинмаган. Чунки санъат ҳиссий таъсирчанлик (эстетиклик, гўзаллик туйғусини идрок этиш), оламни эстетик жиҳатдан ўзлаштириш, эстетик фаолиятнинг ягона соҳаси эмас. Шунинг учун эстетика предметини санъат соҳаси билан чегаралаш етарли эмас. Ҳолбуки, инсон хулқ-одоби, табиат, турмуш каби ҳодисаларда ҳам эстетик жиҳатлар мавжуд билиб, улар эстетика фани ўрганадиган соҳанинг муҳим қисмини ташкил этади. Буларсиз эса эстетика предметини тўла тасаввур этиб бўлмайди.
2. Эстетика-бадиий ижод ва бадиий идрок, воқеликни бадиий билиш ҳақидаги фан. Бу юқоридаги таърифга нисбатан тўлароқ билиб, унда бадиий ижод маҳсули бўлган санъат ҳам, бадиий-эстетик идрок объекти ҳам фан предмети таркибига киритилади. Шунга қарамай, мазкур таъриф баъзи эътирозларни ҳам туғдириши мумкин. Тўғри, бадиийлик тушунчасини эстетик маънода санъатга ҳам, санъаткор ижодига ҳам, бадиий асарни идрок этиш жараёнига ҳам, санъат асарларини баҳолашга ҳам қўллаш мумкин. Бироқ эстетик хусусиятга эга бўлган яна шундай предмет-ҳодисалар туркуми ҳам мавжуддирки, уларни «бадиийлик» билан ифодалаб бўлмайди. Чунончи, табиат, хулқ-атвор, турмуш ҳодисаларига хос, шунингдек, инсон фаолиятининг моддий шаклларига тегишли эстетик хусусиятларни ёлғиз бадийлик тушунчаси билан изоҳлаш етарли эмас. Тўғри, баъзан бадиийликни эстетиклик тушунчаси билан тенг қўллаш ҳоллари ҳам йўқ эмас, бадиий фаолият-эстетик фаолиятнинг турларидан бири, бадиийлик - эстетик туйғуни акс эттиришнинг бир соҳаси, деган маънода сўз борганда, улар шундай мазмун касб этади. «Бадиий дид» ва «эстетик дид», «бадиий қадрият» ва «эстетик қадрият» категориялари ҳам бир-бирига яқин тушунчалардир.
3. Эстетика-гўзаллик, унинг хусусиятлари, қонуниятлари, табиат ва санъатдаги гўзаллик тўғрисидаги фан. Тўғри, гўзаллик эстетиканинг асосий тушунчаси, бироқ унинг предмети ёлғиз гўзаллик билан чекланиб қолмаганлиги ҳам тарихан, ҳам замонавий жиҳатдан асослаб берилганлиги маълум. Шу маънода бу таъриф икки хил эътироз туғдириши мумкин:
Биринчидан, гўзаллик ижобий-эстетик ҳодиса бўлиб, табиийки, унга салбий ҳодиса-хунуклик қарама-қарши туради, шу сабабли хунукликнинг ўзига хос томонларини аниқламай туриб, гўзалликнинг моҳиятини очиб бўлмайди. Этика фанида эзгулик ва ёвузлик, мантиқ фанида ҳақиқат ва ёлғон каби категориялар ҳам худди шундай изоҳ талаб қилади.
Иккинчидан, эстетика фан сифатида нафақат гўзаллик, хунуклик, фожиавийлик, комиклик, эстетик-таъсирчанлик каби ҳолатларни, шу билан бирга санъат, истеъдод, маҳорат, ижодий услуб, ижод, бадиий воситалар, бадиий асар, бадиий-эстетик ахборот, санъат мухлиси, эҳтиёж, баҳо, тарбия сингари тушунчаларни ҳам ўз ичига олади, уларни илмий категориялар сифатида ҳар томонлама ўрганади. Шу маънода эстетика предметини гўзаллик муаммосининг ўзи билан чегаралаб қўйиш мантиқан тўғри бўлмайди.
4. Эстетика - жамиятнинг эстетик фаолияти, инсон томонидан воқеликни эстетик ўзлаштириш, жамият эстетик маданияти тараққиёти қонунлари тўғрисидаги фан. Нисбатан анча тўлиқ ва эстетик фаолият тажрибасини умумлаштирувчи бу таъриф эстетиканинг реал мазмунини предмет соҳаси билан мувофиқ ҳолда акс эттиради.
Бу таърифга асосланган ҳолда унга қуйидагича таъриф бериш мумкин: эстетика воқеликни ҳиссий таъсирчан ва эмоционал ўзлаштиришнинг табиати, моҳияти ҳамда эстетик фаолият қонунлари ҳақидаги фандир.
Инсон олам (табиат, жамият, инсоннинг ўзи, бошқалар)ни нафақат соф маънавий, моддий-амалий, балки маънавий-амалий тарзда ҳам ўзлаштиради. Бу усул ёрдамида у борлиқни айни бир вақтнинг ўзида ҳам мантиқий, ҳам ҳиссий инъикос этади. Маънавий-амалий фаолият воқеликни эстетик ўзгартиришда бутун кўлами билан намоён бўлади. Инсон оламни эстетик ўзлаштирган ва ўзгартирганда уни ўз фаолиятининг бошқа турларидан алоҳида эмас, балки улар воситасида ва фақат улар орқали амалга оширади. Инсон оламни меҳнатда, ишлаб чиқариш жараёнида ўз мақсад-муддаоларига мувофиқ ўзгартирар ва қайта қурар экан, айни вақтда унинг нарса-ҳодисаларини эстетика қонунларига мувофиқ ҳолда ҳам интеллектуал жиҳатдан, ҳам ахлоқий жиҳатдан шакллантиради, эстетик фаҳмлайди, шу асосда эстетик кечинма ҳосил қилади, бунёдкорлик иштиёқини ишга солади, хуллас эстетик фаолият кўрсатади. Илмий эстетика гўзалликни ёлғиз руҳлар оламидан ахтарадиган назариялардан фарқли ўлароқ объектив воқеликни эстетик муносабатлар (гўзаллик туйғусини идрок этиш)нинг манбаи деб ҳисоблайди, ҳиссий таъсирчанликни, нафосатдорлик (эстетическое)ни эса моҳиятан кишиларнинг ижтимоий-тарихий ҳамда амалий фаолиятининг ажралмас, муҳим қисми сифатида юзага келган объектив ҳодиса сифатида тавсифлайди. Оламни эстетик ўзгартириш ўзаро боғланган икки жиҳат таъсирида амалга оширилади. Унинг бир томони борлиқнинг ҳиссий таъсирчанликни, нафосатдорликни туғдирадиган объектив реал хусусиятлари ҳисобланади. Бу воқеликка эстетик муносабатнинг объектив замини, қонунияти ва зарурияти, бошқача айтганда, эстетик фаолиятнинг тарихий-ижтимоий шартланганлигини билдиради. Оламни эстетик ўзлаштиришнинг иккинчи томони субъективликни ифодалаб, юқорида тилга олинган объектив борлиқнинг эстетик хусусиятлари, шунингдек кишиларнинг эстетик фаолияти натижалари, маҳсулотлари таъсирида шаклланадиган эстетик онг (эстетик дид, эстетик туйғу, эстетик орзу-идеал, эстетик қараш ва назариялар)ни кўзда тутади. Инсон томонидан борлиқни ҳиссий таъсирчанлик асосида ўзлаштиришнинг махсус шакли сифатида эса санъат пайдо бўлган. Шу маънода санъат биринчи навбатда юқоридаги икки жиҳат, яъни объектив ва субъектив ҳиссий таъсирчанликнинг ўзига хос ҳис қилуви, қоришмаси, бирлигидан иборатдир. Айни вақтда санъат ижтимоий онгнинг ўзига хос шакли бўлиб, воқеликни бадиий образлар орқали акс эттириб, кишиларнинг эстетик туйғулари, дидлари, идеалларини, онгини таркиб топтиради. Шунингдек, санъат эстетик фаолият тури сифатида оламни муайян эстетик орзу-идеаллар асосида қайтадан яратади ва ўзгартиради. Кўринадики, эстетика кенг маънода воқеликни эстетик ўзлаштириш қонунларини ўрганадиган фан соҳасидир. Бинобарин, бундай ўзлаштириш, бир томондан, оламнинг эстетик хусусиятлари ва хоссаларини билишга, иккинчидан, шу асосда амалий фаолият кўрсатишга асосланади. Шунинг учун эстетиканинг предмети ўзаро узвий боғланган қуйидаги уч қисмдан иборатдир:
- объектив ҳиссий-таъсирчанлик (эстетиклик);
- субъектив ҳиссий-таъсирчанлик (эстетиклик);
- уларнинг диалектик бирлиги - санъат тараққиётининг энг умумий қонунлари.
Шунга асосланиб эстетиканинг тадқиқот соҳасини қуйидагилар ташкил этади:
- эстетик муносабатнинг объекти. (бу объект «гўзаллик» ва «хунуклик», «улуғворлик ва тубанлик», «фожиавийлик ва «кулгулилик» категорияларида акс этади);
- эстетик муносабатнинг субъекти (бу субъект «эстетик идрок», «эстетик кечинма», «эстетик дид», «эстетик орзу-идеал», «эстетик эҳтиёж» ва бошқа категорияларда ифодаланади);
- инсон фаолиятининг ранг-баранг соҳалари: меҳнатда («меҳнат эстетикаси»), кишилар ўртасидаги муносабатларда намоён бўладиган эстетик ижодкорлик;
- бадиий фаолият ва унинг натижалари, санъатни бадиий қадрият сифатида, оламни эстетик ўзлаштиришнинг олий шакли сифатида ўрганиш.
Ҳар қандай фаннинг мантиқий тузилишида назарий мулоҳазаларнинг мағзини ташкил этадиган қонунлар муҳим ўрин тутади. Эстетика ҳам бошқа фанлар сингари ўз предмети соҳасидаги қонунларни тадқиқ этиши юқорида айтиб ўтилди. Бинобарин, фан қонунлари воқеликнинг муайян соҳасида амал қиладиган объектив реаллик қонунларининг илмий инъикосидир. Шу маънода эстетика фан сифатида реаллик ва уни эстетик жиҳатдан ўзлаштиришнинг муҳим алоқа ва муносабатларини акс эттирувчи қонунлар, категориялар ва умумий тушунчалар тизимидан иборатдир. Қонун нима? Содда қилиб айтганда, қонун муайян тизимнинг ички зиддиятлари ва маълум шароитда уларни юзага келтирадиган зарурий алоқа ва боғланишлардир. Шу маънода эстетика қонунлари эстетик фаолиятни амалга оширадиган ҳамда санъат қадриятларини юзага келтирадиган ижодий жараённинг муҳим, зарурий, барқарор, моҳиятли, ички, такрорланувчан алоқа ва боғланишларидан бошқа нарса эмас. Бадиий фаолият, санъатнинг ижтимоий муайянлиги, яшаб туриши, идрок этилиши ва тараққиёти, жаҳон бадиий тараққиёти қонунлари ҳам эстетика қонунлари сирасига киради. Мавжуд адабиётларда эстетика қонунлари мазмун ва моҳиятан бир неча тоифаларга ажратиб тасниф қилинадики, уларни қуйидагича тавсифлаш мумкин. Эстетик фаолиятнинг умумий қонунларини оламни ҳиссий-эмоционал, эстетик ўзлаштириш ва ўзгартириш жараёнида амал қиладиган муҳим ва зарурий боғланишлар ташкил этади. Санъатнинг ижтимоий онг шакли сифатидаги қонунлари: санъат тараққиётининг социал-иқтисодий ҳаёт билан алоқадорлиги, нисбий мустақиллиги, ижтимоий шартланганлиги, воқеликка қайта таъсир кўрсата олиши, кўп функцияларни адо этиши қонуниятлари. Бадиий ижод қонунлари: бадиий асар яратиш, унинг яшаб туриши, ижтимоий вазифани адо этиш жараёнининг муҳим, зарурий алоқалари ва муносабатлари; санъат гносеологияси, онтологияси ва морфологияси қонунлари.
Бадиий жараён қонунлари: биринчидан, бадиий жараённинг ички алоқадорлиги ва характери, санъатнинг тарихий ривожланиши диалектикасини акс эттирадиган қонунлар; иккинчидан, санъатнинг яхлитлиги ва қисмларга бўлиниши, инсоният бадиий маданияти тараққиётининг муҳим ва зарурий алоқалари. Бадиий идрок қонунлари: бадиий идрокнинг ижодийлиги, унда шахсий маданий-эстетик тажрибанинг бевосита иштироки, эстетик завқнинг фаоллиги қонуниятлари ва ҳоказолар.
Эстетика фан сифатида қонунлар билан бирга категориялар ва тушунчалар тизимини ҳам ўз ичига олади. Эстетика категориялари оламни эстетик томондан ўзлаштириш тарихининг асосий босқичлари ҳисобланади ҳамда қонунларни мазмунан тўлдиради. Уларда инсоннинг оламга эстетик муносабатининг асосий тоифалари умумлашган бўлади. Ҳар қандай фан ўз предмети устида фикр юритганда муайян илмий усуллар-методларга суяниб иш кўради. Метод фан соҳада мақсадга эришиш усули бўлиб, унинг натижасида ўрганиладиган предмет тафаккурда қайта «ишланади», янги билимлар юзага келтирилади. Эстетик тафаккур тарихида шаклланган ана шундай методларнинг баъзи бирлари билан танишиб чиқайлик:
Субъектив ва объектив методлар. Субъектив метод асосий эътиборни эстетик ҳодисалар пайдо бўлиши ва ифодаланишининг субъектив жиҳатларига қаратади. Бу - эстетик қадрият яратувчилар ва уни идрок этувчиларнинг далиллари, кундаликлари, мақолалари, анкета жавоблари, санъаткор ва мухлисларнинг суҳбатлари, баҳолари, мулоҳазалари йиғиндисидир. Объектив метод-ташқи, моддий-эстетик ҳодисаларни субъект (санъаткор ва мухлис) билан муносабатга киритмай туриб, холисона таҳлил этиш йўлидир. Бадиий асар, санъаткорнинг таржимаи ҳоли, табиий-илмий методларни ўрганиш, мухлислар хулқ-атвори, бадиий муассасалар фаолиятини таҳлил этиш ва бошқалар бу методнинг асосидир. Жамиятнинг бадиий-эстетик ҳаётини ўрганганда эстетика субъект билан объект ўртасидаги диалектикадан келиб чиқади, эстетик фаолиятни субъектив ҳамда объектив маълумотлар негизида таҳлил этади. Психологик ва социологик методлар. Психологик методлар эстетик ҳодисаларни ўрганиш жараёнида ижодкорликнинг руҳий асосларини таҳлил этишни тақозо қилади, бунда санъаткор ва мухлисларнинг психологик ҳолатлари, идроклари инобатга олинади. Социологик метод эса эстетик ҳодисаларни ижтимоий муайянлик сифатида олиб текширади. Психологик ва социологик методлар эстетик фаолиятни, санъатни ўрганиш жараёнида ўзаро бир-бирини тўлдиради.
Эмпирик ва назарий методлар. Эмпирик метод санъат, эстетик фаолиятнинг ташқи, фактиологик томонларига эътиборни қаратади, уларни тавсифлайди. Эстетик тадқиқот шу билан чегараланиб қолмайди, албатта. Эмпирик материалларга асосланиб назарий метод меъёрий қоидаларни ишлаб чиқади, эстетик фаолиятнинг умумий, зарурий, моҳиятли ва барқарор томонларини аниқлайди. Мантиқийлик ва тарихийлик методлари. Мантиқийлик методи эстетик фаолият хусусиятларини, мантиқан такрорланадиган жиҳатларини, уларнинг ички сабабларини очади. Тарихийлик эса эстетик фаолият тараққиётини унинг тарихи билан боғлаб тушунтиради. Шуни айтиш керакки, жамият эстетик фаолиятини таҳлил этганда юқоридагилардан ташқари яна бошқа методлар, усуллар, воситалардан ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳозирги замонда фанлараро алоқаларнинг тез ривожланиб бораётганлиги эстетика муаммоларини гносеология ва социология, инъикос назарияси ва информация назарияси, психология ва кибернетика соҳалари билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этишни ҳам тақозо қилмоқда. Эстетика ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлар ўртасида ўзига яраша ўрин тутади. Эстетиканинг бошқа фанларга муносабатини аниқлаб олиш унинг илмий усулини белгилаш, бошқа фанларнинг методлари билан алоқадорлиги ҳамда ўзига хослигини аниқлашга ёрдам беради. Эстетика ва фалсафа. Фалсафий методология эстетик қонуниятларни билишнинг назарий асосидир. Бунинг заруриятини биринчи бўлиб Афлотон назарий жиҳатдан исботлашга уринган эди. Унинг фикрича, гўзаллик-бу жуда ранг-баранг ва жуда кўплаб объектларнинг хоссасидир. Дарҳақиқат, гўзалликни ҳамма жойда: табиат предметларида, инсонда, инсоний муносабатларда, кишилар яратган ранг-баранг нарсаларда, санъат асарларида кўриш мумкин. Инсон уларни бир-биридан фарқ қила олади. Эстетиканинг мақсади ҳар бир предмет ёки нарса-ҳодисаларнинг алоҳида гуруҳига хос бўлган гўзаллик хусусиятларини ўрганишдан иборатми, деган савол туғилади. Албатта, бунга «йўқ» деб жавоб бериш мумкин. Эстетика бу вазифани бажара олмайди, чунки гўзалликнинг конкрет шакллари ниҳоятда ранг-барангдир. Эстетиканинг асосий вазифаси ҳиссий таъсирчанлик (эстетиклик), унинг муҳим соҳаси-гўзалликнинг энг умумий қонуниятларини очиш, унинг моҳияти, табиати, юзага келиши ва аҳамиятини илмий ўрганишдан иборатдир. Ўз-ўзидан равшанки, бу масалалар фалсафий-назарий характерга эга бўлиб, уларни ҳал этишда эстетика фалсафанинг объективлик ва субъективлик, табиийлик ва ижтимоийлик, мазмун ва шакл диалектикаси каби категорияларига суянмасдан иш кўра олмайди. Кўп асрлар давомида эстетик фикрнинг фалсафа бағрида тараққий этганлигининг боиси ҳам шунда. Ҳатто эстетика мустақил фан сифатида шакллангандан кейин ҳам ўзининг фалсафий-назарий хусусиятини сақлаб қолди ва янада ривожлантирди. Эстетиканинг фалсафа билан узвий алоқадорлиги, унинг фалсафий фан эканлиги масаласи эстетик онг муаммосини ҳал этишда тўла намоён бўлади. Социология ижтимоий борлиқ ва ижтимоий онг муносабатини, мантиқ тафаккур қонунларини борлиқ қонунларига муносабатга киритиб ўрганади ва ҳоказо. Шу нуқтаи назардан эстетика эстетик онгнинг воқеликка муносабати масаласини асосий муаммо даражасига киритади. Буни ҳал этишда фалсафий дунёқарашга суянади. Шу туфайли эстетика тарихида турли-туман оқимлар, концепциялар вужудга келган. Шунингдек, ҳар бир фалсафа из навбатида муайян фалсафий асосга суянади. Масалан, Гегелнинг эстетикаси унинг асосий фалсафий концепцияси негизида вужудга келган, айни вақтда унинг фалсафий дунёқарашининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Демак, эстетиканинг фалсафий характери унинг предметининг ўзига хослиги (воқеликнинг эстетик хусусиятлари ва инсон бадиий-эстетик фаолиятининг энг умумий қонунларини текшириши); генезиси (эстетиканинг фалсафий фанлар умумий тизимидан келиб чиқиши); функцияси (энг умумий тушунчалар - категориялар билан иш кўриши) хусусиятлари билан белгиланади. Эстетика ва санъатшунослик фанлари. Эстетика предметининг муҳим соҳаси санъат эканлигини юқорида кўриб ўтдик. Маълумки, санъат ва бадиий ижоднинг конкрет соҳаларини илмий ўрганадиган бошқа бир қатор фанлар ҳам мавжуд бўлиб, улар санъатшунослик фанлари деб аталади:
адабиётшунослик, театршунослик, мусиқашунослик, архитектурашунослик, киношунослик, тасвирий санъат назарияси ва бошқалар. Санъатшуносликнинг ҳар бир соҳаси бадиий ижод турини уч , яъни назарий, тарихий, танқидий томондан ўрганади, шунга кўра, ҳар бир санъат турининг назарияси, тарихи, бадиий танқиди мавжуд. Масалан, адабиёт тарихи, адабиёт назарияси, адабий танқидчилик.
Do'stlaringiz bilan baham: |