Шопенгауэр фалсафаси
Немис файласуфи Артур Шопенгауэр (1788-1860) фалсафаси волюнгаризм (ўзбошимча иродага ишониш), иррационализм, умидсизлик фалсафаси сифатида майдаонга чиқди. Шопенгауэр ўзининг асосий ғояларини ўзининг бош асари бўлган «Олам ирода ва тасаввур сифатида» (1819) номли ишида баён этган. Гарчи Шопенгауэр ўз фалсафий системасини XIX асрнинг 20-нчи йилларидаёқ вужудга келтирган бўлса ҳам, унинг асарлари бутун умри давомида маълум бўлмасдан қола берди. Фақатгина умрининг охиридагина, яъни 50-йилларда у тан олинди. 1848 йил инқилобининг мағлубияти, германиядаги янги иқтисодий ва мафкуравий вазият, умидсизлик кайфиятлари, афсус-надомат, бўғиқ ва умидсизлик муҳити Шопенгауэр фалсафаси ғояларини қабул қилиш учун қулай шароит яратди.
Шопенгауэр фалсафий системаси асосида ўзининг тўрт кўринишида ёки илдизида борлиқнинг ва билишнинг умумий қонуни сифатида намоён бўладиган априор етарли асос қонуни ётар эди: ташкил топиш асоси қонуни ёки сабабият (физик асос), билиш асоси қонуни (мантиқий асос), борлиқ асоси қонуни (математик асос) ва фаолият асоси қонуни ёки тамойилий асос (ахлоқий асос). Етарли асос қонуни билиш объектлари ўртасида бўлиши мумкин бўлган барча муносабатларни белгилаб беради. Билиш объектлари маъноси остида файласуф тасаввурларни тушунади: «Субъект учун объект бўлиш ва бизнинг тасаввурларимиз бўлиш - бу бир хил нарсанинг ўзидир»17. Ташқи дунёнинг воқейлиги ҳақидаги фалсафий баҳсни Шопенгауэр «телбалик» ҳисоблайди: «Ашёлар мавжудлигини ўзини ва боз устига уларнинг бизнинг онгимиздан ташқарида ва ундан мустақил борлигига йўл қўйиш – ҳақиқатан беъманиликдир»18.
Олам тасаввур сифатида фақат субъект учун фараз қилинади ва ўйланади. Тасаввур сифатидаги олам ҳақидаги таълимотда Шопенгауэр Кантга эргашадики, унинг учун ташқи дунё субъект учун нодир ҳодиса бўлиб туюлади, яъни субъектнинг олам ҳақидаги тасаввури сифатида. Бироқ, Кант бу дунёнинг мавжудлигини ўзини «нарса ўзида» сифатида тан олар эдики, албатта, улар ўзларича қандай эканликларини биз била олмаймиз ва улар тўғрисида биз фақат ўзимизнинг тасаввурларимизга кўра ҳукм юрита оламиз. Кантнинг агностицизмини бартараф этишга уринган Шопенгауэр шундай хулосага келадики, «нарса ўзида» ирода (хоҳлаш) дан ўзга нарса эмас.
Шундай қилиб, Шопенгауэр фикрича, олам фақат тасаввур сифатидагина эмас, балки ирода сифатида ҳам мавжуд. Ирода бу «бутун борлиқнинг воқейлиги», «ягона ҳақиқий воқейлик», «бутун табиат ўзаги», «олам қалби», «бутун ҳодисаларнинг умумий асоси», «ягона бирламчи асос ва метафизик ибтидо» дир. Шопенгауэрнинг ирода ҳақидаги тасаввури инсон онгининг намоён бўлиши эмас, балки бутун оламнинг ички тузилишига ва айрим олинган ҳодисага хос бўлган қандайдир иррационал, онгсиз ижодий кучдир. Фақат инсонгина эмас, балки ҳар қандай биологик жисм ироданинг намоён бўлишидир. Масалан, тишлар, томоқ, ичаклар, «очликнинг воқейлиги» бўлса, жинсий аъзолар «жинсий тамойилнинг воқейлиги»дир. Ирода ноорганик дунёда ҳам намоён бўлади: қайишқоқлик, қаттиқлик, эгулувчанлик, магнетизм, кимёвий хоссалар - буларнинг барчаси ироданинг намоён бўлишидир. Олам ўзини ўзи идрок этадиган мутлақ ҳақиқат ва ўз-ўзидан яратилиш натижаси сифатида намоён бўлади. Шундай қилиб, моддиюнчилик билан идеализмни бир-биридан ажратувчи бир-бирига мувофиқ келувчи энг муҳим мумтоз тушунчалар нисбати бўлган «табиат ва руҳ», «модда ва онг», «борлиқ ва тафаккур» Шопенгауэр назарида «ирода ва тасаввур» билан алмаштирилади. Ва агар Шопенгауэр фалсафасининг бошланғич нуқтаси субъектив идеализм (олам тасаввур сифатида) бўлса, у ўзининг «олам ирода сифатида» деган таълимотида объектив, мутлақ идеализм қарашларига етиб келади.
Шопенгауэрнинг иррационализми ва волюнтаризм фалсафасидан унинг раҳм қилиш ва итоатлик ахлоқининг ухусияти келиб чиқади. Ирода - бу яшаш учун бўлган ирода бўлиб, хоҳиш-истакларни қондиришга қаратилган интилишдир. Ана шу ердан инсон ҳатти-ҳаракатининг бош хислати бўлган худбинлик (эгаизм) келиб чиқади. Хоҳиш - истакларни қондиришга бўлган интилиш қониқмасликдан келиб чиқади, демакки - жафо ва уқубатдан. Хоҳиш-истакларни қониқтириш янги истакларни ва янги уқубатларни келтириб чиқаради. Ҳаёт «кўтариб бўлмайдиган оғир юк»ка айланиб қолади». Шунинг учун, эҳтимол, кўпинча афсус надомат билан айтиладиган ҳаётнинг қисқалиги, айнан ундаги энг яхши нарсадир», - деб хулосалайди Шопенгауэр19. Ҳаётга бўлган иродадан воз кечмоқ зарур, киши ўзида бўлган хоҳиш - истакларни ўлдириши керак, келгусидаги яхши ҳаёт учун курашишдан ўзини тийиши лозим.
Шопенгауэрнинг фалсафаси XIX аср охири ХХ асрдаги интуитивизм, экзистенциализм, янги кантчилик, ҳаёт фалсафаси ва бошқа фалсафий оқимларнинг шаклланишига ката таъсир кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |