«Ҳаёт фалсафаси»
аёт фалсафасининг бош тушунчаси – «ҳаётдир». Бу тушунча жуда ҳам тарқоқ бўлиб, аниқ ва тушунарли ифодага эга эмас. У турли файласуфлар қарашларида ўзига хос хусусиятга эга. Ницше нуқтаи назарида ҳаёт тирик, табиий, «кучларни тўпловчи ирода»га ва ҳокимиятга интилувчи нарсадир. Дильтей ва Зиммель учун ҳаёт – бу «юз берган нарсаларнинг иродаси, туртки ва ҳис-туйғуси», «бошдан кечирилган афсус-надомат»дир; Бергсон қарашларига мувофиқ ҳаёт – бу «узунлик», «ҳаётий жўшқинлик», «тўхтовсиз ижод», «оқим»дир. Ҳаёт узлуксиз оқим сифатида бўлиб, уни ақл, мантиқ, назария воситасида билиб бўлмайди, фақат бевосита, ички туйғу билангина идрок этиш мумкин.
Ҳаёт фалсафасининг асосчиси ва энг йирик вакили Ф.Ницше ҳисобланади. Ницше фалсафасида ҳокимиятга нисбатан бўлган ирода ҳақидаги таълимот марказий ўринда туради. «Нима яхши? – деб сўрайди Ницше, - инсондаги кучга, ҳокимиятга нисбатан бўлган ирода ва қудратга нисбатан бўладиган ҳис-туйғуни ошириб борувчи ҳамма нарса. Нима ёмон? Заифликдан келиб чиқадиган ҳамма нарса. Бахт-саодат нима? – Куч ва ҳокимиятнинг ошиб боришига нисбатан бўлган туйғу, ҳамда янги тўсиқни бартараф қилинганлиги сезгиси»29. Тирик мавжудот дунёсида яшаш учун кураш ҳам, ҳокимият учун кураш тарзи сифатида талқин этилган. Жисмоний жараёнлар асосида ҳам ҳокимиятга нисбатан бўлган ирода ётади. Ницше тортилиш ва итариш кучлари агар ҳокимиятга нисбатан бўлган ирода нуқтаи назаридан қараб чиқилмас экан, унда уларнинг барчаси маънога эга бўлмаган «уйдирма» бўлиб чиқади.
Жисмоний жараёнлар ва ҳодисаларни сохта деб эълон қилиб, Ницше «субстанция», «модда», «руҳ», «субъект», «объект» тушунчаларини тахминий моҳиятлар сифатида рад этади. Унинг учун «ашёнинг моҳияти фақат ашё ҳақидаги фикрдир». Ницше дунёни талқин қилишда «ашёвийлик» ва «моддийлик» тушунчаларидан озод бўлишни талаб қилади. Аммо ундай бўлса дунёнинг ўзи нима? Ницше бизга ҳодиса сифатидаги кўринишга эга бўлган дунё ва тартибсиз ҳис-туйғу дунёсини бир-биридан фарқ қилади. Ўзининг «Ҳокимиятга бўлган ирода» асарида у ёзади: «Ҳодисалар» дунёси қайта ишланган дунё бўлиб, биз уни врқейлик сифатида сезамиз… бу ҳодисалар дунёсига қарама-қарши бўлган дунё «ҳақиқий дунё» бўлмасдан, балки шакли бўлмаган, ифода қилиб бўлмайдиган тартибсизликни сезувчи дунёдир…»30.
«Ашёларни» ва уларнинг хусусиятларини субъектив уйдирма сифатида инкор этилиши Ницше билиш назариясининг релятивистлик ва агностлик хусусиятини белгилаб берди. Билиш фақат «ҳокимиятга бўлган интилиш иродаси»нинг воситаси бўлиб, фойданигини кўзлайдиган хусусиятга эга. Шунга боғлиқ равишда Ницше ҳақиқатни баҳоси ҳақидаги масалани ўртага қўядики, у нарса унинг фикрича, фойда, манфаат (агар улар фойдали бўлса, хатто адашиш, англишиш ва ёлғон билан ҳам) билан тенглаштирилади ва воқейликни акс эттиришга унинг алоқаси бўлмайди. Бу билан Ницше ҳақиқатнинг прагматик назариясига асос солади. Ницше мантиқ ва фан, умуман ақлий тафаккурнинг танқид остига олади. Унинг учун мантиқ қонунлари-«ўйдирма моҳиятларига» тааллуқли бўлган сохта нарсалардир. Ницше динни, аввало, христианликни алоҳида танқид остига олади. Христианлик рахм қилишни ташвиқ қилиб ожизларни қўллаб-қувватлайдики, бу «ҳокимиятга нисбатан бўлган иродага», ўз ҳокимиятини ёйиш учун бўладиган кураш сифатидаги ҳаёт моҳиятига қарама-қаршидир.
Бошқатдан баҳолаш, шу жумладан, ҳукмрон христианлик ахлоқни ҳам Ницше Европа цивилизацияси асосидаги христианликни рад этиб «барча қадриятларни» кераклигини эълон қилади. Ницше икки хил ахлоқни яъни асосий ахлоқий тушунча бўлган «яхшилик» ва «ёмонлик»ни «хўжайинлар ахлоқи» ва «қуллар ахлоқи» каби бир-бирига тўғридан тўғри қарама-қарши нуқтаи назаридан талқин қилувчи ахлоқни ажратиб кўрсатади. Хўжайинлар ахлоқида «хайрли иш», «яхшилик» «аслзода», «олижаноб», «кучли» деган маъноларга тенг, «ёмон», «қабоҳат» эса «паст», «плебейлик» тушунчаларига тенг. «Барча қадриятларни қайта баҳолаш» нобаробарлик қоидасидан келиб чиқадиган «хўжайинлар ахлоқи»ни тиклашга қаратилган эди. Тенгсизлик ўзининг барча хилма-хилликлари ва юксалиб бориши билан барча ҳаёт моҳиятида яширингандир. «Кишилар баробар эмаслар, дейди Ницше, ва улар тенг ҳам бўлмасликлари керак»31. Тенгликни тарғиб қилиш ҳасад, ўч олиш истаги ва ҳокимиятга эга бўлмасликдан келиб чиқади. «Хўжайинлар ахлоқи» янги қадриятлар томон йўналтирилиши лозим: «кимки буюра олмас экан, бўйсуниши лозим», «ўзингни яқинингга шафқат қилма», «йиқилаётганни итариб юбор», «яхши нарса ҳукмрон бўлиши лозим», «хайрли ишлар қилувчилар ва тақводорларни дафъ этиш лозим», «энг хайрли нарса – ҳаммадан қаттиқдир» ва ҳоказо.
«Янги ахлоқ» ва қадриятнинг субъекти келажакдаги «Забармард киши» (Сверхчеловек)дир. Ницше тасаввурича, кишилар ўз тўдаларида нотавон, ёлғончи, ҳасадчи, қўрқоқ, икки юзламачи, шаҳватрон, инжиқ, қалбаки, ночор, саросимачи, абгор ва ифлосдирлар. Улар унинг учун «пода», «бозор пашшалари»дирлар. Забармард киши билан солиштирганда оддий одам маймунга ўхшайди. «Забармард» сиймосини Ницше Гомер қаҳрамонларида, викинглар, Рим, араб, япон ва немис аслзодаларида, Цезарь, Наполеон ва Макиавелли каби тарихий шахсларда кўради. «Забармард» сиймоси – бу илгариги ахлоқдан, сарқитлардан мутлақо озод бўлган «йиртқич ҳайвон»дир.
Do'stlaringiz bilan baham: |